21:40 / 10.01.2025
3

Суриядаги кутилмаган инқилобдан сўнг ўтган бир ойда нималар ўзгарди?

Суриядаги кутилмаган инқилобдан сўнг ўтган бир ойда нималар ўзгарди?
2024 йил ноябри охирида Сурияда мухолифатчиларнинг қуролланган кучлари Ҳалабга юриш бошлаганди. Катта эҳтимол билан, уларнинг ўзи ҳам якунда эришган натижасини кутмаганди: икки ҳафтадан камроқ вақт ичида, 8 декабрга келиб улар Дамашққа киришди, Суриянинг 24 йил бошқарган диктатор Башар Асад эса Россияга қочди. Бир ой ўтиб ҳам мамлакат ҳали инқилоб шокидан чиқиш ҳолатида. Ҳокимиятга келган кучлар мўътадил ва толерант бўлишга, фуқаролик уруши қайтадан бошланишига йўл қўймаслик учун барча билан келишишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирча улар буни уддаламоқда, аммо ҳали кўп қийинчиликлар олдинда. Meduza шу мавзуни таҳлил қилди.

Emin Sansar / Anadolu / Getty Images
Асадни ағдаришда ҳал қилувчи ишни бажарган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи раҳбари Аҳмад ал-Шаръа энди Абу Муҳаммад ал-Жўланий тахаллусидан воз кечган. Ўтган бир ой ичида у қиёфасини тубдан ўзгартирди — ва бу ўзини «қайтадан кашф қилиш»нинг ташқи ифодаси эди.


Бир неча йил олдинроқ у салла ўрашни бас қилганди — бу унинг «Ал-Қоида» ва умуман жиҳодчилик билан алоқаларни узиш рамзи бўлганди. Энди эса милитарини пиджакка алмаштирди ва ҳатто галстук тақиб олди — Яқин Шарқ дунёсида бу дунёвийликни тан олиш рамзидир.

Расман Шаръа ҳеч қандай лавозимни эгалламаган, аммо амалда давлат раҳбари ҳисобланади: у энг муҳим қарорларни қабул қилади ва эълон қилади, сиёсатни юритади, Сурия ичкарисидаги муҳим кучлар ҳамда хорижий давлатлар билан музокаралар олиб боради.

Сурияда кескинлик чизиқлари кўп: мусулмонлар — христианлар, суннийлар — алавийлар, туркпараст кучлар — курдлар, диндорлар — дунёвийлар, жиҳодчилар — мўътадиллар. Бу жамоалардан ҳар бирининг ортида бир ёки бир неча қуролланган гуруҳ туради. Бунга сурияликлар ва мамлакатдаги вазиятга ўз таъсирини ўтказмоқчи бўладиган бошқа давлатларни қўшиш мумкин — бу ерда Туркия ҳам, Қатар ҳам, Саудия Арабистони ҳам, Эрон ҳам, ва албатта, ғарб давлатлари ҳам бор. Шунингдек, сурияликлар инқилобий кучлар сафларида жанг қилган хорижликлар ўртасидаги кескинлик — хорижликлар орасида араблар кўпчиликни ташкил этади, аммо Марказий Осиё ва Кавказдан келганлар ҳам кам эмас.

Шаръанинг биринчи галдаги вазифаси — янги фуқаролик уруши бошланишига йўл қўймасликдир. Кўплаб гуруҳлар умумий душман — Башар Асадга қарши бирлашганди, аммо энди бу омил йўқ. Шаръа қуролли гуруҳларни тарқатиб юборишга ва улардан ягона Сурия армияси тузишга интилмоқда. Гуруҳларнинг кўпчилиги бунга рози — ҳеч бўлмаганда оғизда. Амалда уларнинг айримлари декабрнинг катта қисмини бир-бири билан жанг қилиб ўтказди.

Асад ағдарилганидан кейинги энг шиддатли тўқнашувлар Сурия миллий армияси (SNA) ва Сурия демократик кучлари (SDF) орасида бўлиб ўтди. Бу гуруҳлардан дастлабкиси — амалда Туркия таъсиридаги прокси ҳисобланади, иккинчиси — фуқаролик уруши даврида Суриянинг шимоли-шарқий қисмида ўз автономиясини ташкил этган курдлардир. Бир неча ҳафталик жанглардан кейин курдлар Фрот ортига суриб ташланди, шундан кейин ҳарбий ҳаракатларда танаффус юзага келди.

Рождество арафасида асосан христианлар яшовчи Скалбия шаҳрида номаълум шахслар кўчадаги арчага ўт қўйиб юборди. Бунинг ортидан кўплаб шаҳарларда, жумладан пойтахт Дамашқда ҳам намойишлар бўлиб ўтди. Уларда нафақат христианлар, балки кўп конфессияли Сурияда диний бағрикенглик тарафдори бўлган мусулмонлар ҳам иштирок этди. Янги ҳукумат вакиллари бунга жавобан диний озчилик вакиллари давлат ҳимоясида бўлишини ваъда қилишди.

Шаръа мунтазам равишда турли жамоалар вакиллари билан учрашмоқда: христианлар билан, курдлар билан, друзлар билан. Лекин бу рўйхатда алавийлар йўқ — Асадлар оиласи мансуб бўлган ва олдинги режимнинг таянчи бўлган жамоа. Алавийларда энди ўзининг уюшган ҳарбий кучлари йўқ — бу ролни амалда Асад ҳукуматидаги Сурия араб армияси бажарарди, бу армия эса охирги жанглар вақтида тўзғиб кетди. Эндиликда янги ҳукуматнинг бағрикенглик ва инклюзивлик бўйича сахий ваъдалари алавийларга тааллуқли эмас, деган хавотирлар юзага келган.

Мухтасар қилиб айтганда, курдлар янги ҳукумат учун муаммо туғдира олади, чунки улар кучли ва янги давлатга интеграция бўлиши учун қатъий шартларни қўйиши тайин (улар Сурия федерация бўлишини талаб қилади). Алавийлар эса кучсизлиги туфайли таъқиб этиладиган озчилик бўлиб қолиши хавфи бор.

Қолаверса, мамлакат шарқидаги саҳроларда ҳамон ИШИД базалари сақланиб қолган. Бу гуруҳ, албатта, ўн йил олдинги қудратига эга эмас, аммо ҳали ҳам Суриянинг янги ҳукуматига қийинчиликлар туғдира олади.

Шунингдек, Жўлан тепаликлари муаммоси ҳам бор. Асадлар режими ағдарилгач, Сурия қўшини у ерни тарк этди. Исроил 1974 йилги чегара ҳақидаги келишув ўз кучини йўқотганини айтиб, буфер зонани эгаллаб олди. Бу ҳам етмагандек, Жўлан тепаликларининг Сурия ҳудудидаги қисмида жойлашган друз қишлоқларидан бири декабр ойида Исроилдан ўзини аннексия қилишни сўради, унинг аҳолиси янги ҳукумат томонидан таъқибга учрашидан хавотирга тушган. Лекин мамлакатдаги барча друзлар ҳам бундай фикрда эмас.

Ўз навбатида, Шаръа очиқчасига ҳозирда Исроил масаласи кун тартибида эмаслигини айтган. У яҳудийлар давлати билан яраша олмайди (сафдошлари буни қабул қила олмайди), улар билан очиқдан очиқ тўқнашувга ҳам кириша олмайди (Суриянинг ҳарбий салоҳияти амалда тўлиқ йўқ қилинган). Ҳозирча икки томонни ҳам ўзига хос совуқ уруш ҳолати қониқтиради.

Шаръа тинмасдан, этник ва диний мансубликдан қатъи назар «Сурия барча сурияликлар учун» эканини таъкидламоқда. Унинг учун бу биринчи навбатда ўз кучини мустаҳкамлашнинг бир усули экани тушунарли. Бундан ташқари, инклюзивлик — ғарб мамлакатлари янги ҳукумат олдига қўйган шартлардан бири. АҚШ аллақачон Сурияга қарши санкцияларни юмшатиб, ҳар эҳтимолга қарши бу вақтинчалик (ярим йилга) чора — Шаръа ва унинг сафдошлари учун фуқаролик урушининг олдини олиш ва янги диктатурага ўтмаслик учун имкон эканини қайд этди.

Шаръа учун қўшимча мураккаблик шундаки, кўплаб давлатлар ҳамон ҲТШни террорчилик ташкилоти деб атайди. АҚШ яқин вақтларгача Шаръанинг боши учун 10 миллион доллар эълон қилганди — давлат котиби ёрдамчиси Барбара Лиф Дамашқда, у Сурия раҳбарига айланганидан кейинги ўзаро учрашувда бундай мукофот бекор қилинганини айтган.

Евроиттифоқ 2012 йилдан буён фуқаролик урушида Асадга қарши кўплаб кучларнинг бирлашмаси — Сурия инқилобий ва мухолифат кучлари миллий коалициясини «Сурия халқи интилишларининг қонуний вакиллари» сифатида тан олади. Бу дипломатик тан олиш ҳозирда бу ташкилотнинг ягона активи бўлиб қолмоқда: расман Сурия бошқарувидаги ўтиш ҳукумати — амалда ҲТШнинг сиёсий қаноти, коалиция эса — ўтиш даври ҳукуматини қўллашини билдирган гуруҳлардан биридир.

Ўтиш даври ҳукуматининг асосий мақсади — янги конституцияни ишлаб чиқиш. Ҳозирча ҳеч ким у қандай бўлишини тахмин қилишга ҳам уринмаяпти. Янги Сурия кучли президентлик республикаси бўладими? Бир томондан, бу давлатни бирлаштириш ва қонуний куч ишлатишда ишончли монополия бўлиши мумкин. Бошқа томондан, Асадларнинг ярим асрлик режими тажрибаси сурияликлар ҳар қандай яккаҳокимга шубҳа билан қарашига сабаб бўлади. Янги Сурия федерация бўладими? SDF курдлар автономияси сақланиб қолиши учун шуни талаб қилмоқда. Аммо яна муаммо бор: қўшни Ливан ва Ироқда бўлгани каби кучли марказий ҳокимият йўқлигида жамоалар орасидаги бўлинишлар назоратдан чиқиб кетиши мумкин.

Энг асосий савол эса — янги давлатда ислом динининг аҳамияти қандай бўлишидадир. Нима қилганда ҳам ҲТШ — сунний мазҳабидаги мусулмонлар ташкилоти, унинг аъзоларидан кўпчилиги (жумладан Шаръа ҳам) — олдин «Ал-Қоида» аъзоси бўлган. Улар «маърифатли ислом бошқаруви»ни ваъда қилмоқда. Мусулмон давлатларининг бир қисмида шариат қонунлар асоси деб эълон қилинган, аммо амалда буни турлича талқин қилиш мумкин — ўрта аср кўрсатмаларига том маънода амал қилишдан (айтайлик, ўғрилик учун қўлни кесиш) тортиб амалда прагматик дунёвий мулоҳазалар билан белгиланган суд қарорларини асослаш учун уларга расамадига ҳавола беришгача.

Буларнинг барчаси, афтидан, ҳозирнинг ўзида Шаръанинг Суриядаги турли жамоалар билан мураккаб музокаралари давомида ҳал қилинмоқда. Ким ким билан ва нима ҳақида келишиб олгани эса кўпчилик учун махфийлигича қолаверади.

Шу билан бирга, ўтиш даври ҳукумати деярли ҳар куни олдинги режим томонидан киритилган қандайдир чекловлар бекор қилинганини маълум қилмоқда. Масалан, бизнес очиш ва экспорт-импорт операцияларига қўйилган тақиқларни. Сурияда гуманитар фалокат юзага келган, иқтисодиёт базўр ишламоқда — ва янги ҳукумат уни либераллаштириш ва давлат назоратини сусайтириш методлари билан жонлантиришга уринмоқда. Асадлар давридаги монополия, бюрократия ва коррупциядан кейин бу кўпчиликка умид бахш этмоқда — аммо бу ҳозирча иқтисодий сиёсат эмас, балки инқирозга қарши шошилинч чоралардир.

Бу давлат бошқарувининг бошқа кўплаб тармоқларига ҳам тааллуқлидир. Умумий фавқулодда вазият шароитида, Суриядаги энг муҳим кучлар ўртасидаги парда ортидаги келишувлар махфийлиги билан бир қаторда, ташқи кузатувчилар янги ҳукумат қайси йўналишларда ҳаракат қилаётганини алоҳида эпизодларга асосланган ҳолда тахмин қилишига тўғри келади.

Масалан, 18 декабр куни ҲТШ вакили Убайда Арнаут интервюсида аёллар сиёсий лавозимларни, хусусан мудофаа вазирлигидаги лавозимларни эгаллаш учун «биологик ва психологик жиҳатдан ярамаслиги»ни айтди. Бошқа идоралар, жумладан парламент ва судлардаги лавозимлар бўйича эса, Арнаут буни янги Сурия давлати тузилишини ўйлаётган экспертлар ҳал қилиши лозимлигини билдирди.

Сурияда аёллар активизми етарлича кучли ва Арнаутнинг сўзлари эътироз ва танқидлар тўлқини билан қарши олинди. 22 декабр куниёқ ўтиш даври ҳукуматида аёллар ишлари бўйича вазирлик пайдо бўлди — уни ислом феминисти (аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ислом таълимоти ва ислом ҳуқуқи доирасида ҳимоя қилиш ғояси тарафдори) Ойша ал-Дибс бошқаради. 30 декабр куни Сурия Марказий банки раҳбари лавозимини илк бор аёл киши — Майса Сабрин эгаллади. 31 декабр куни эса друзларга мансуб бўлган аёл Муҳсина ал-Маҳитҳави жанубдаги друзлар кўпчиликни ташкил этадиган Сувайда вилоятига губернатор бўлиб, ўтиш даври ҳукуматидан жой олди.

Ўз бошқаруви дунёвийлигини ҳар томонлама таъкидлайдиган Асад бошқаруви даврида ҳам аёллар баъзида муҳим давлат лавозимларига тайинланган. Янги ҳукумат эса бундай тайинловларни бир вақтнинг ўзида ислом динига содиқлик ва инклюзивликни кўрсатиш мақсадида қилмоқда.

3 январ куни Дамашққа Франция ва Германия ташқи ишлар вазирлари келди — ва Шаръа учрашув вақтида француз вазир Жан-Ноэлю Барронинг қўлини сиқиб қўйди, аммо немислар вазири Анналена Бербокка қўл узатмади. Ғарб матбуотида бу масалада шов-шув кўтарилди.

Протокол хизмати Шаръа диний сабабларга кўра, номаҳрам аёлга тегина олмаслиги ҳақида Бербокни олдиндан огоҳлантиргани тайин. У бу илтимосни шунчаки унутиб қўйган бўлиши мумкин. Балки бу ўзига хос текширув бўлган: Шаръа муҳим ташқи ҳамкор билан муносабатни йўлга қўйиш учун табуни бузишга тайёрми? Мусулмон давлатларининг кўплаб раҳбарлари, жумладан Саудия Арабистони подшоҳи ҳамда БАА шайхлари тайёр, Шаръа билан эса ундай эмаслиги маълум бўлди. Нима бўлганда ҳам у биринчи навбатда дала қўмондони ва унинг ҳокимияти биринчи навбатда жангчилар орасидаги авторитетини сақлашга боғлиқ, унинг жангчилари учун эса бегона аёлнинг қўлини ушлаш — ҳаром ҳисобланади.

Кузатувчилар Суриянинг янги ҳукуматининг ниятларини аниқлашга ҳаракат қилаётган яна бир эпизод бор. 1 январ куни таълим вазирлиги мактаб дарсликлари қайтадан ёзилишини эълон қилди. Дарсликлардан Асадлар оиласи изларини йўқотиш кераклиги туфайли ҳеч ким эътироз билдирмади. Аммо айрим директивалар анча мунозарали бўлиб чиқди.

Асадлар дунёвий миллатчилар эди. Уларнинг мафкуравий нарративлари учун Суриянинг кўп асрлик узлуксиз тарихи жуда муҳим эди. Хусусан, улар Палмира маликаси, милодий III асрда ҳукмронлик қилган ва маълум вақтга Рим империясидан мустақилликка эришган Зенобияга катта эътибор қаратишган. Аммо у аёл ва мажусий эди — ва янги ҳукумат таълим вазирлиги тарих дарслигида унга ўрин йўқ деб топди. Ҳолбуки у кўплаб сурияликлар уни халқ қаҳрамони деб билади.

Дунёвий миллатчилик нарративининг бошқа бир муҳим элементи — мустамлакачиликка қарши курашдир. Асад Сурияси мисолида бу жумладан Усмонийлар империясини қаттиқ танқид қилишни назарда тутган, Сурия XVI асрдан XX асргача турклар давлати ҳукмронлиги остида бўлган. Суриянинг янги ҳукуматининг муҳим иттифоқчиси ва ҳомияси бўлган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған эса ўзини усмоний султонлар вориси деб ҳисоблайди. Энди янги дарсликларда усмонийларга эҳтиром кўрсатилиши керак. Бу эса барчага ҳам ёқмаслиги тайин.

Қолаверса, вазирлик биология дарсликларидан инсон эволюцияси ҳақидаги бўлимни олиб ташлашни буюрган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё