06:25 / 22.01.2025
85

Президентлар нега қасамёд қилади?

Президентлар нега қасамёд қилади?
Кеча Доналд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришди. Америкада анъанага кўра, сайловда ғолиб бўлган номзод тантанали қасамёд қабул қилиши билан расман президент лавозимига киришади. Хўш, ўзи президентлар нега лавозимга киришишдан аввал онт ичишади?

Мажбурий эмас, лекин одат

Келинг, Америка президентларидан бошласак, ахир улар бу жараённи анъана кўринишига олиб чиқишган. АҚШ қонунчилигига кўра, президентлик сайловлари ноябр ойининг биринчи сешанбасида ўтказилади. Ғолиб номзод келаси йил 20 январда лавозимга киришади. Амалдаги президент сайловда ютқазган ёки унда қатнашмаган бўлса ҳам, 20 январ куни соат 12:00 гача ҳеч қандай ваколатлари чекланмаган ҳолатда Оқ уй раҳбари бўлиб қолади. Соат миллари 20 январ кундузги 12:00 га бонг уриши билан ноябрдаги сайловда ютган номзод президентга айланади. Яъни қонунчиликка кўра президентлар тантанали қасамёд қилиши мажбурий эмас, лекин барча Америка президентлари шундай қилади. Ахир бу Жорж Вашингтондан қолган одат.

АҚШ президентлари доим бир хил қасамёдни такрорлайди: улар мамлакат конституциясини ҳимоя қилишга онт ичади. Ахир 1787 йилда ёзилган конституцияда барча ҳуқуқлар кафолатланган.

Америка одатларига кўра, инаугурация куни Оқ уй раҳбарлигида сўнгги кунини ўтказаётган президент бўлажак президентни Капитолийда кутиб олади. Кейин улар биргаликда чой ичишади. Шундан кейин собиқ президент бўлажак президентга Оқ уй раҳбарлигини топширади ва улар биргаликда, битта “Лимузин”да қасамёд маросимига йўл олишади.

Америка президентлари одатда қўлларини Инжилга қўйган ҳолатда қасамёд қилишади. Қасамёд охирида эса «Бу йўлда менга Худо ёр бўлсин» деб қўйишади. Бу ҳам Жорж Вашингтондан қолган одат.

Қасамёддан кейин президентлар инаугурация нутқини сўзлайди. Одатда уларга нутқни ёзишда ёрдам беришади. Уч президентнинг нутқлари эталон сифатида қаралади. Линколн ва Рузвелт нутқ матнини ўзлари ёзган. Улар орасида шубҳасиз Аврам Линколннинг нутқи ажралиб туради. У ажойиб бадиий услубда америкаликларга мурожаат қилган, таъсирли матнни шахсан ўзи тайёрлайди.

Франклин Рузвелт – инаугурация нутқида биринчи бўлиб ҳазиллашган президент. Жон Фиджерелд Кеннеди эса 20 даража совуқда палтоси қўл ҳаракатларига халақит бермаслиги учун уни ечиб таъсирли нутқ сўзлаган. Трамп ҳам бу борада бошқалардан ажралиб туради, кеча унинг қўлида, менимча, қоғози ҳам йўқ эди. Ахир Трамп ҳеч нимага қарамай соатлаб гапира оладиган одам.

Бошқа давлатларда-чи?

Дунёдаги кўплаб давлатларда президентлар инаугурация куни қасамёд қабул қилиб, турли хил анъанавий маросимларда қатнашади. Масалан, Бразилия президенти қасамёддан кейин усти очиқ машинада пойтахт кўчаларида парадга чиқади, кейин ҳарбий парад ўтказилади, президент одамлар кўз олдида бир нечта лавозимларга мулозимларни тайинлайди.

Италияда президентлар республика ва конституцияга содиқ бўламан, деб онт ичишади. Франция президентлари инаугурация куни фахрий легион магистри ордени билан тақдирланиб, уларга ядровий код берилади. Ахир Франция ядровий давлат. Бироқ Францияда қасамёд анъанаси йўқ. Жанубий Кореяда қасамёд жараёни об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар, парламент ҳовлисида ўтказилади.

Нега қасамёд қилишади?

Қасамёд қилишдан асосий мақсад ғолиб номзодларни ҳушёрликка чорлаш ҳисобланади. Барчанинг фаолиятини назорат қиладиган қонунлар бор, айнан қонунлар инсонга масъулият юклайди. Шунингдек, ҳар бир инсоннинг қалбан ишонадиган, руҳий ҳолатига таъсир қиладиган қадриятлари бор. Шу учун президентлар муқаддас китобларга қўлларини қўйиб қасамёд қилишади. Баъзан эса ўзлари учун қадрли бўлган бошқа нарсаларни қўшиб ҳам онт ичишлари мумкин.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг