stock.adobe.com
20-24 январ кунлари Швейцариянинг Давос шаҳрида йигирманчи бор Жаҳон иқтисодий форуми бўлиб ўтяпти.
Анжуман дунё етакчиларини “Ақл-идрок асри учун ҳамкорлик” мавзусида бирлаштириб, унда асосий эътибор бешта йўналишга қаратилмоқда: тараққиётни қайта кўриб чиқиш, интеллектуал даврдаги саноат, инсон капиталига сармоя, сайёрани ҳимоя қилиш ва ишончни тиклаш.
Форум аввалида ташкилотчилар Глобал рисклар ҳисоботининг 2025 йилги нашрини эълон қилди.
Ҳисобот жорий глобал манзарани очиб беради: барқарорлик ва тараққиёт тобора кучайиб бораётган геосиёсий, экологик, ижтимоий ва технологик муаммолар исканжасида қолган.
Бу йилги сўров натижаларига кўра, давлатлар даражасидаги қуролли можаролар 2025 йил учун энг долзарб глобал хавф сифатида кўрилмоқда. Сўровда қатнашган респондентларнинг деярли тўртдан бир қисми уни энг жиддий муаммо деб баҳолади.
Қасддан бузиб талқин қилинган ва нотўғри маълумотлар кетма-кет иккинчи йил қисқа муддатли асосий хавф бўлиб қолмоқда: бу хавф жамият ҳамжиҳатлиги ва бошқарувига доимий таҳдид солади, ишончга путур етказади ва мамлакатлар ичида бўлинишни кучайтиради.
Бошқа асосий қисқа муддатли хатарларга экстремал об-ҳаво ҳодисалари, ижтимоий қутбланиш, кибержосуслик ва уруш киради.
Узоқ муддатли экологик хавфлар, яъни экстремал об-ҳаво ҳодисалари, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва экотизимнинг қулаши, Ер системаларидаги жиддий ўзгаришлар ва табиий ресурслар танқислиги кабилар 10 йиллик хатарлар рейтингида етакчилик қилмоқда.
Узоқ муддатли хатарлар сифатида дезинформация, нотўғри маълумотлар ва сунъий интеллект технологияларининг салбий таъсири билан боғлиқ технологик хавфлар қайд этилган.
“Парчаланган тизимлар, мўрт келажак”
Ҳисоботни шакллантириш учун сўровлар 2024 йил сентябр ва октябр ойларида ўтказилган. Унда 900 дан ортиқ глобал хавф-хатар бўйича экспертлар, сиёсатчилар ва соҳалар раҳбарлари иштирок этган. Ҳисобот келгуси ўн йилликдаги хатарларнинг аниқ картинасини намоён қилади.
Респондентлар узоқ муддатли тинчлик истиқболларига қисқа муддатга қараганда камроқ оптимизм билан қарашяпти. Респондентларнинг қарийб учдан икки қисми 2035 йилга бориб, атроф-муҳит, технологик ва ижтимоий муаммоларнинг ортиб бораётгани сабабли нотинч ёки бўронли глобал ландшафтни кутмоқда.
Респондентларнинг ярмидан кўпи икки йил ичида қандайдир беқарорликни кутмоқда, бу халқаро ҳамкорликка путур етишини англатади. Узоқ муддатли прогнозлар янада катта қийинчиликларга ишора қилади, чунки ҳамкорлик механизмлари борган сари кўпроқ босим остида қолиши кутилмоқда.
Тенгсизлик ва ижтимоий қутбланиш каби ижтимоий хавфлар ҳам қисқа муддатли, ҳам узоқ муддатли хавф рейтингларида муҳим ўрин тутади. Ноқонуний иқтисодий фаолият, ортиб бораётган қарз юклари ва стратегик ресурсларнинг концентрацияси билан боғлиқ ташвишларнинг кучайиши келгуси йилларда глобал иқтисодиётни беқарорлаштириши мумкин бўлган заифликларни кўрсатмоқда. Бу муаммоларнинг барчаси ички беқарорликни кучайтириши ва бошқарувга бўлган ишончни сусайтириши, глобал муаммоларни ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни янада мураккаблаштириши мумкин.
“Можаролардан тортиб иқлим ўзгаришигача биз ўзаро боғлиқ бўлган инқирозларга дуч келамиз, улар мувофиқлаштирилган коллектив ҳаракатларни талаб қилади”, дейди Жаҳон иқтисодий форумининг Глобал рисклар ташаббуси раҳбари Марк Элснер.
У ишончни тиклаш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янги ҳаракатлар зарурлигини таъкидлади. “Ҳаракатсизликнинг оқибатини авлодлар ҳам сезиши мумкин”, – дея қўшимча қилади Элснер.
“Ҳал қилувчи ўн йиллик: ҳамкорлик барқарорлик калити сифатида”
Бўлинишлар чуқурлашиб, парчаланиш геосиёсий ва иқтисодий манзарани қайта шакллантирар экан, самарали глобал ҳамкорлик зарурати ҳеч қачон ҳозиргичалик долзарб бўлмаган.
Бироқ экспертларнинг 64 фоизи ўрта ва катта давлатлар ўртасидаги рақобат туфайли глобал тартиб парчаланиши ҳамда кўп томонлама муносабатлар жиддий тарангликка дуч келишини прогноз қиляпти.
Ҳисобот муаллифларига кўра, келгуси ўн йиллик лидерлар учун мураккаб, ўзаро боғлиқ бўлган хатарларни бошқариш ва мавжуд бошқарув тизимларидаги чекловларни енгиб ўтиш учун бурилиш нуқтаси бўлади.
Беқарорлик юзага келишининг олдини олиш учун ишончни тиклаш, барқарорликни мустаҳкамлаш ва барча учун инклюзив келажакни таъминлаш учун давлатлар мулоқотга устувор аҳамият беришлари, халқаро алоқаларни мустаҳкамлашлари ва ҳамкорлик тикланиши учун шароит яратишлари керак. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар