19:41 / 04.02.2025
290

Путин Зеленскийни ўртага қўшмасдан, Трамп билан гаплашмоқчи

Путин Зеленскийни ўртага қўшмасдан, Трамп билан гаплашмоқчи
Украина президенти РФ билан музокарани тақиқлаш ҳақидаги қонун музокара ўтказишга тўсиқ эмаслиги, халқ номидан музокара қилишга фақат унда ваколат борлигини айтди. Путин эса “Зеленский легитим эмас, у билан гаплашмаймиз” деган позицияни ушлаб олган. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, бундан шундай хулоса қилиш мумкин: Путин Киевни ўртага қўшмаган ҳолда, тўғридан тўғри Трамп билан гаплашмоқчи.

Украинада Россия билан музокара ўтказишга қонун билан киритилган тақиқ мамлакат ичидаги сепаратистик тенденцияларнинг олдини олиш учун жорий этилган эди, деди президент Володимир Зеленский бир неча кун олдинги чиқишида.

Зеленский президент сифатида фақатнинг унинг ўзи Украина номидан музокара ўтказиш ваколатига эга экани, бошқа сиёсатчиларга Россия билан музокарага киришиш тақиқланганини айтди.

Айрим таҳлилчилар Украина президентининг бу сўзларини урушнинг жорий ҳолатида Россия билан музокарага тайёрликка ишора сифатида талқин қилмоқда.

Сиёсий таҳлилчи Бектош Бердиевнинг фикрича, музокара ўтказишга тақиқ ҳақидаги қонунни “Украина умуман музокара ўтказмайди” деб эмас, “Украинада президентдан бошқа ҳеч ким музокара ўтказиш ҳуқуқига эга эмас” дея талқин қилинишини мантиқан тўғри деб қабул қилиш мумкин.

“Яъни Зеленский бошқаларга Россия билан музокаралар олиб боришни тақиқлаган. У мамлакат президенти сифатида бошқарувда ўтирибдими, демак, музокараларни ҳам айнан унинг ўзи олиб бориши керак”, – дейди у.

Бердиевга кўра, урушнинг шу нуқтада якунланишига Украина розими деган савол – мураккаброқ.

“Ҳозир Украина ҳам қийин вазиятга тушиб қолди, айниқса, Трампнинг ёрдами тўхтатиш ҳақидаги таҳдидларидан кейин. Ғарб ҳозир ҳам Украинага турли ҳажмда ёрдам жўнатяпти, жумладан, яқинда Нидерландия юборган ҳарбий самолётлар қабул қилиб олингани ҳақида маълумотлар бор. Лекин Украинанинг умумий фронтдаги келажаги АҚШ юборадиган молиявий ва ҳарбий ёрдам пакетларига боғланиб қолган.

Россиянинг инсон ресурслари ёки ҳарбий техникалар борасида дуч келаётган муаммоларига қарамай, россияликлар маълум даражада илгарилаяпти. Улар Трампнинг ҳокимиятга келиши фонида ўзларининг позициясини мустаҳкамлаганликларига ишонмоқда. Россия доимий кун тартибида бўлиб турган 4 та вилоятни ўзига тамоман қўшиб олмоқчи эканини, бунинг учун етарлича ҳуқуқий асос яратилганини айтмоқда”, – дейди таҳлилчи.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг таъкидича, Россия ҳозиргача эгаллаган ҳудудларининг аксариятини 2014 йилдан кейин ва кенг кўламли урушнинг дастлабки йили бўлган 2022 йилда қўлга киритган.

“Ўша пайтда Европада Украина эгалланган ҳудудларни Россияда қолдириш эвазига урушни тўхтатиши кераклиги ҳақида фикрлар билдирилган эди. Бироқ Зеленский ва унинг фракцияси ҳудудларни Россияга бериш эвазига музокара ўтказишни тақиқловчи қонунни қабул қилган эди. Бу қонун орқали Зеленский Россия билан ҳеч қандай музокаралар олиб бормаслигини ва фақатгина уруш орқали 1991 йилги чегараларни қайта тиклаши ҳақида сигнал берган эди.

Ҳозир эса икки томон ҳам урушдан жуда чарчаган. Сўнгги пайтларда россиялик ҳарбийлар орасида ҳам, украиналик ҳарбийлар орасида ҳам жанг майдонларидан қочиб кетиш ҳолатлари кўпайган. Россия ўзининг асосий стратегик мақсади сифатида ўз олдига Курск вилоятини қайтариб олиш вазифасини қўйган эди, бироқ ҳалигача ўз мақсадига эриша олмади. Украина ичкарисида ҳам вазият жуда оғир.

Менимча, Путин айни пайтда урушни тўлақонли тўхтатиш ва Украина билан ярашиш ниятида эмас. Путиннинг Зеленский легитим эмаслигини айтаётганидан тушуниш мумкинки, у Украинани аралаштирмаган ҳолда Трампнинг ўзи билан келишувга эришмоқчи. Марк Рубионинг Украинага ортиқча умид берилгани, аслида украиналиклар ғалаба қозониш имкониятига эга эмаслиги ва АҚШнинг ўз хавфсизлиги борасида ҳам ўйлаши кераклиги ҳақидаги баёнотлари аслида Россияга ён босиш ҳисобланади”, – дейди Раббимов.

Унинг қўшимча қилишича, Россия иқтисодий жиҳатдан оғир ҳолатда, фронт икки томонни ҳам ниҳоятда чарчатган, лекин Путин ҳозир нима қилишни билмайди. “Чунки 3 йил давомида кўзланган даражадаги ҳудудларни эгаллай олмади, урушни шу нуқтада тўхтатса, Украинанинг қолган ҳудудлари НАТОга аъзо бўлиши мумкин, бунинг олдини олиш йўлини эса на Путин, на унинг стратеглари билмайди”, дейди эксперт.

Таҳлилчи Шуҳрат Расул Киевни эгаллаш мақсадида уруш бошлаган Россия 2022 йилдан буён Россиянинг жуда кам қисмини эгаллай олганига эътибор қаратди. 2024 йил охиридаги фронт чизиқларига асосан, Украинанинг жами 107 минг километр квадрат ҳудудини (Украина суверен ҳудудларининг 17,7 фоизи) Россия назорат қилмоқда. 2022 йил 23 феврал (кенг кўламли уруш бошланишидан бир кун олдин) ҳолатига эса, Россия босқини остидаги Украина ҳудудлари 42 минг километр квадрат эди. Шу тариқа, РФ армияси ўтган 3 йилда 65 минг км кв ёки Украина суверен ҳудудларининг фақат 10,8 фоизини фоизини босиб олишни уддалади.

“Жорий ҳарбий ҳаракатлар давомида Россия қарийб 1 млн нафар аскаридан ва минглаб ҳарбий техникаларидан айрилди, ўзининг қудрати етмагани сабабли Шимолий Кореядан ёрдам сўрашга мажбур бўлди, бироқ бу ҳам унга кифоя қилмади, шунинг учун ҳозирда Шимолий Кореядан яна 15 минг нафар ҳарбий сўрагани айтилмоқда. Аввалига Россия Москвадан кунига 250-300 нафар одам ёллаган бўлса, ҳозир бу рақамлар 30-40 кишини ташкил қилмоқда. Фронтнинг нариги томонида эса, АҚШ ва Европанинг илғор ҳарбий саноати Украинани такомиллашган қуроллар билан таъминлаш устида ишламоқда”, дейди Шуҳрат Расул.

Бектош Бердиев бу фикрга қўшилмайди: унинг сўзларига кўра, Ғарб бераётган қуроллар Россия ҳарбий машинасини тўхтата олмайди.

“Шу вақтгача ҳам Европа ва АҚШ Украинага энг илғор ҳарбий техникаларини юбориб келди, бироқ уларнинг барчаси маълум муддат ўтганидан кейин йўқ бўлиб кетди. Ҳар гал Украинага янги ҳарбий технологиялар етказиб берилганида, мутахассислар бу қуроллар Россияга қанчалик зарар етказа олишини муҳокама қиляпти, лекин амалда Россия барибир маълум даражада олдинга силжишда давом этяпти. Россиянинг оз бўлса-да Украина ичкарисига силжиши Украинани қийин аҳволга соляпти, армия кайфиятига салбий таъсир кўрсатяпти”, – дейди у.

Сиёсий таҳлилчи Абдували Сойибназаровнинг таъкидлашича, уруш Трамп маъмурияти мақсад қилгани айтилаётган 100 кунлик муддатда якунланиши эҳтимоли жуда кам.

“Уруш ҳали 100 кундан узоқроқ ҳам давом этади ва бу битта томон ўз мақсадига эришмагунча давом этса керак. Россия Украинанинг денгиз давлати мақомини йўққа чиқаришни, собиқ иттифоқ давлатлари ҳудудидаги таъсир доирасини тиклашни, НАТОнинг мазкур давлатлар ҳисобига кенгайишининг олдини олишни мақсад қилган.

Трампнинг бу уруш масаласидаги баёнотлари барқарор эмас. Унинг Украинага ҳарбий ёрдамни камайтириши украиналикларнинг аҳволини оғирлаштириб қўйди. Маълум даражада ёрдам берилиши давом этяпти, лекин ҳали Трампнинг ўзи бирорта ҳам ёрдам пакетини имзолаш ҳақида гапираётгани йўқ. Шунингдек, Байден имзолаб кетган ёрдамлар бўйича ҳам барча мажбуриятлар ҳали тўлиқ бажарилмади”, – дейди Абдували Сойибназаров.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг