
Испания Ла Лигасининг 10-турида жаҳон футболидаги энг катта тўқнашув — “Эль-Класико” баҳси яқинлашмоқда. Бу гал “Сантьяго Бернабеу”даги учрашув Хаби Алонсо бошчилигидаги “Реал Мадрид” ва Ханси-Дитер Флик раҳбарлигидаги “Барселона” ўртасида бўлиб ўтади.
“Қироллик клуби”нинг жамоа рўйхати эълон қилинди. Таркибда деярли барча етакчи футболчилар бор. Муҳим янгилик шундаки, жароҳатдан кейин Тибо Куртуа ва Эдер Милитао сафга қайтди. Шунингдек, ёш истеъдодлар — Арда Гүлер ва Гонсало ҳам чақирув олган.
Жамоа дарвозасини Куртуа, Лунин ва Серхио Местре қўриқлаши мумкин. Ҳимоя чизиғида Карвахал, Милитао, Трент Александр-Арнольд, Ферлан Менди, Фран Гарсия, Ҳуйсен ва А. Каррерас каби футболчилар жой олган.
Ярим ҳимояда Беллингҳэм, Камавинга, Валверде, Тчуамени, Арда Гүлер ва Дани Себальос ҳаракат қилиши кутилмоқда. Ҳужум чизиғида эса мухлисларни кутганча юлдузлар сафда — Винисиус Жуниор, Килиан Мбаппе, Родриго, Эндрик, Гонсало, Браҳим Диас ва ёш маҳорат соҳиби Мастантуоно.

Мураббий Хаби Алонсо ушбу баҳсни “Реал Мадрид” учун жуда муҳим синов деб атади. Унинг сўзларига кўра, “Эль-Класико”да фақат жисмоний куч эмас, балки ақл, сабр ва бир жамоа сифатида ҳаракат қилиш ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамиз, “Реал” Ла Лигада 24 очко билан пешқадамликни сақлаб турибди, “Барселона” эса икки очкога ортда қолмоқда. Ушбу ўйин 26 октябрь куни соат 20:15 да бошланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!