date

Японияда чўчқалар инсонларга донорлик қилиши мумкин

Японияда чўчқалар инсонларга донорлик қилиши мумкин

Япония илм-фани тиббиёт соҳасида янги, тарихий босқичга қадам қўймоқда. Мамлакатда PorMedTec номли стартап 2027 йилга қадар инсонлар учун орган кўчириб ўтказиш мақсадида махсус клонланган чўчқаларни етиштиришни режалаштирган. Бу ҳақда “Nikkei Asia” нашри маълум қилди.

Маълумотларга кўра, PorMedTec компанияси АҚШдаги биотехнология гиганти eGenesis билан ҳамкорлик қилиб, оддий чўчқаларнинг ҳужайраларидан фойдаланган ҳолда уларнинг генетик нусхаларини яратади. Бу жараёнда чўчқаларнинг ДНКси инсон организми томонидан рад этилиш эҳтимолини камайтириш мақсадида аввалдан ўзгартирилади.

Лойиҳа доирасида Осака шаҳрида махсус ферма қурилади. Бу ерда йилига камида 100 та клонланган чўчқа етиштириш режалаштирилган. Ҳайвонлар етарли даражада ўсгач, уларнинг органлари тиббиёт марказларига трансплантация учун жўнатилади.

Ферма замонавий технологиялар билан жиҳозланади: сунъий интеллект тизимига эга кузатув камералари орқали чўчқаларнинг ҳарорати, ҳаракати ва соғлиги доимий равишда назорат қилинади.

Таҳлилчилар таъкидлашича, чўчқаларнинг органлари инсонникига ўлчам ва тузилиши жиҳатидан жуда яқин. Шу сабабли, келгусида улар инсон органларини алмаштиришда муҳим манбага айланиши мумкин.

2023 йил февраль ойида Меижи университети ва eGenesis компанияси Японияда илк марта инсон органи трансплантацияси учун учта клонланган чўчқа яратганини маълум қилган эди. Кейинроқ, ўша йилнинг ноябрида япон олимлари чўчқанинг буйрагини маймунга муваффақиятли кўчириб ўтказишга эришган.

PorMedTec лойиҳаси 2017 йилда Меижи университети томонидан ишга туширилган бўлиб, унинг мақсади регенератив тиббиёт йўналишида янги авлод биоматериалларини ишлаб чиқиш ва жаҳон тиббиёти ривожига ҳисса қўшишдир.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Хитой олимлари дунёда илк бор инсонга чўчқанинг ўпкасини кўчириб ўтказиш тажрибасини амалга оширишган. Бу муваффақиятли амалиёт Гуанчжоу шаҳридаги тиббиёт марказида ўтказилган бўлиб, ҳайвоннинг генлари CRISPR технологияси ёрдамида ўзгартирилган — у олти та таҳрирланган генга эга бўлган.

Олимлар фикрича, бундай тажрибалар келгусида донор органлар етишмовчилиги муаммосини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади ва инсон ҳаётини сақлаб қолиш имкониятларини кенгайтиради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Японияда чўчқалар инсонларга донорлик қилиши мумкин