06:50 / 09.02.2025
150

Ким рози, кимлар норози? Трамп Ғазодан фаластинликларни кўчирмоқчи

Ким рози, кимлар норози? Трамп Ғазодан фаластинликларни кўчирмоқчи
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Вашингтонга бориб, Трамп билан учрашди. Учрашув вақтида Трамп Ғазодан фаластинликларни тўлиқ кўчириш ва бу ҳудудни ҳудди француз Ривиераси каби сўлим жойга айлантириш ҳақида гапирди. Бу гапларни эшитаётган Трампнинг ёнидаги Нетаняҳу жуда хурсанд эди.

Маълумки, Ғазода 2,2 миллион фаластинлик яшайди. Охирги 15 ой мобайнидаги уруш оқибатида, секторда биронта соғ бино қолмади. 45 мингдан ортиқ бегуноҳ ғазоликлар ўлдирилди. Уларни аксарияти – болалар ва аёллар.

Трамп ва унинг администрациясига кўра, ғазоликлар Иорданияга ва Мисрга кўчирилиши керак экан. Лекин бу ғояни эшитган Иордания ва Миср бунга қатъий қаршилигини билдирди. Трамп администрацияси ва Исроилдаги баъзи сиёсатчилар яна учта ҳудуд ҳақида гапиришмоқда. Булар: Марокаш, Сомалиленд ва Пунтленд.

Марокаш подшолиги – анъанавий равишда АҚШ билан яхши муносабатда. Трампнинг биринчи тўрт йиллик президентлиги вақтида АҚШ Марокашнинг Саҳройи кабир ғарбидаги ҳудудларига даъвогарлигини тан олган эди. Бунинг эвазига Марокаш Исроил билан алоқаларни нормаллаштириши керак эди, ва бу ишни қилган эди ҳам. Энди, бу сафар Трамп Марокаш олдига ғазоликларни қабул қилиш талабини қўйиши мумкин.

Сомали эса фуқаролик урушини бошидан ўтказган заиф давлатлардан бири. Сомалининг шарқий ҳудудларида Пунтленд ва шимолий ҳудудларида Сомалиленд деб ўзини номлайдиган сепаратистик лойиҳалар мавжуд. Трамп ва Исроил мана шу икки ҳудудни тан олиш эвазига, улардан ғазоликларни қабул қилишни талаб қилиши мумкин.

Хўш, Трампнинг ғазоликларни депортация қилиш фикрига дунёнинг муносабати қандай бўлди?

Дунё шокда. Бу лойиҳани Исроилдан бошқа ҳеч ким қўллаб-қувватлагани йўқ. Европа Иттифоқи ҳам, Австралия, Япония, Жанубий Корея каби АҚШнинг яқин иттифоқчилари ҳам қўллагани йўқ, қўлламайди ҳам. Чунки дунё ҳамжамияти “икки давлат” лойиҳасини қўллайди, Яқин Шарқда ҳақиқий тинчлик бўлиши учун, Исроил билан биргаликда, Фаластин давлати ҳам тузилиши белгиланган.

Туркия Трампнинг бу фикрини қаттиқ қоралади. Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан “бу фикр шунчалик абсурдки, ҳатто муҳокама ҳам қилишга арзимайди” деди. Саудия Арабистони “Фаластин давлати тузилмагунича, Исроил билан тинчлик сулҳига бормаймиз” деди. Араб давлатлари лигаси Ғазони фаластинликлардан тозалаш фикрини кескин қоралади. Хитой ташқи ишлар расмий сўзчиси “Фаластин давлати тузилиши керак, ғазоликларни депортация қилишга қаршимиз” оҳангида аниқ позиция билдирди.

Исроил бош вазири Нетаняҳу эса “ҳозирча Иордания ва Миср бу лойиҳага қарши бўлиши мумкин, лекин вақт ўтиб улар рози бўлишади” деди.

Аслида Иорданияда ҳам, Мисрда ҳам кучли сиёсий норозилик, ижтимоий-иқтисодий зўриқишлар бор. 1948 йилда ташкил топган Исроил шу пайтга қадар бир неча марта Фаластин ҳудудларида ҳарбий операциялар ўтказди, натижада кўплаб фаластинликлар бошқа давлатларга кўчиб кетишга мажбур бўлишди. Ҳозирги Иордания аҳолисининг каттагина қисми ўзларини асли фаластинлик деб билишади. Мисрда ҳам ўзининг ички иқтисодий муаммолари етарли. Агар ҳозир бу икки давлат 2,2 миллион ғазоликни қабул қилиб олса, араб-мусулмон халқлари томонидан хоин сифатида қабул қилинади, кучли сиёсий ва ижтимоий норозиликлар бошланади.

Маълумки, охирги ҳафталарда Ҳамас-Исроил ўртасида келишувга эришилган эди. Келишувнинг биринчи босқичи кечмоқда. Бу босқичда жами 33 исроиллик асир озод қилиниши керак. Ҳозирга қадар 18 асир озод қилинган. Энди, Трампнинг ғазоликларни депортация қилиш лойиҳаси Ҳамаснинг фикрини ўзгартириши мумкин. Чунки Ҳамас учун асирларни озод қилишдан кўра, янги конфликт бошлаш, ва шу йўл орқали ғазоликларнинг депортация қилинишига имкон бермасликни ўйлаш муҳимроқ бўлиши мумкин.

Айтиш керакки, Американинг барча президентлари жуда исроилпараст бўлишган. Лекин араб-мусулмон дунёсидаги манфаатларини ўйлаб, ўзларини мувозанатли кўрсатишган. АҚШ тарихида биринчи марта президент очиқдан очиқ этник тозалаш, куч билан депортация қилиш, геноцидни қўллаш каби энг агрессив қадамларни ташламоқда.

Айни пайтда дунёда кўп қутблилик шалланмоқда. Глобал жануб ўсиб бормоқда. Хитой Халқ Республикаси ва бошқа давлатлар ҳам бугун мустақил сиёсат олиб бориш йўлида. Дунёда АҚШнинг глобал қудрати барибир торайиб боради, бошқаларнинг ўсаётгани ҳисобига. Исроил эса шу пайтга қадар ўзининг давлатчилиги учун қўшнилар билан келишув ва муроса йўлини эмас, жабр-зулмлар, этник тозалашлар, геноцидлар йўлини танлади. Чунки Исроил тўлиқ АҚШга ишонди. Вақти келиб, АҚШнинг глобал қудрати сўнганда, Исроил ўзининг тарихий жиноятлари учун, албатта, пушаймон бўлади. Бу кунлар эса, у қадар узоқ бўлмаса керак.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг