
Ўз даврида турли давлатларни бошқарган айрим одамлар бугун шоҳона ҳаёт кечираётган бўлса ҳам, юртига боролмайди. Дунёда бундайлар анча. Қирғизистоннинг собиқ раҳбарлари Аскар Акаев ва Қурманбек Бакиев, Украина собиқ президенти Виктор Янукович шулар жумласидан. Яқинда улар сафига Суриянинг собиққа айланган президенти Башар Асад ҳам қўшилди.
2024 йил ноябр ойи охири ва декабр ойи бошларида Сурияда президент Башар Асад бошқарувига қарши исёнчи кучлар фаоллашди ва бирин-кетин мамлакатнинг йирик шаҳарларини эгаллай бошлади.
Қаршилик ҳаракати вакиллари мамлакат пойтахти Дамашқ шаҳрига яқинлашганда Башар Асад пойтахтни тарк этди. Сурияда ҳокимият қаршилик ҳаракати ихтиёрига ўтди.
Аввалига Асад ўтирган самолёт ҳалокатга учраган бўлиши мумкинлиги айтилди. Сўнг у Москвага қочгани ойдинлашди. Асадгача Россия пойтахтидан Қирғизистон ва Украинанинг собиқ раҳбарлари Аскар Акаев ва Виктор Янукович ҳам паноҳ топганди.
Қуйида 20-асрнинг иккинчи ярмидан ҳозиргача бўлган даврда ҳокимиятдан айрилиб, бошқа давлатларга қочган айрим раҳбарлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Аскар Акаев, Қирғизистон президенти

Аскар Акаев, Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда
stock.adobe.com
1944 йилда туғилган Аскар Акаев Қирғизистонни 1991 йил 31 августдан 2005 йил 11 апрелгача бошқарган. 1990 йилда Қирғизистон Фанлар академияси президенти бўлиб турган Акаев КПСС марказий қўмитаси аъзоси бўлиб сайланади.
Собиқ иттифоқ республикаларида президентлик лавозими жорий этилгач, у 1990 йил кузда Қирғизистон ССРнинг биринчи президенти бўлади.
1991 йил 31 августда Қирғизистон мустақил бўлгач, ўша йили октябрда президентлик сайлови ўтказилади. Унда ғалаба қозонган Акаев мамлакат раҳбари бўлиб қолаверади. 1995 ва 2000 йилларда ўтказилган сайловларда Акаев яна ғалаба қозонади ва Қирғизистонни бошқаришда давом этади.
2005 йил мартда Қирғизистонда “Лола инқилоби” ҳодисалари бошланади ва чорасиз қолган Акаев Москвага қочишга мажбур бўлади. Ўшанда Қирғизистон Бош прокуратураси Акаев ва унинг оила аъзоларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатади.
Сўнг Россиядан уларни Бишкекка топшириш сўралади. Бироқ Россия томони бу сўровни эътиборсиз қолдиради. Кўп ўтмай у Россия пойтахтидаги институтларнинг бирига ўқитувчи бўлиб ишга киради ва ҳозирда ҳам Москвада яшаб келмоқда.
Виктор Янукович, Украина президенти

Виктор Янукович ва Путин
indrus.in
1950 йилда туғилган Виктор Янукович Украинани 2010 йил 25 февралдан 2014 йил 22 февралгача бошқаради. У илк марта 2004 йилда мамлакат президенти бўлиш учун уриниб кўради.
Ўшанда Янукович сайловда ғалаба қозонгани ҳақида хабарлар тарқалгач, мамлакат бўйлаб намойишлар бошланиб кетади. Охир-оқибат Янукович эмас, унинг сайловдаги рақиби Виктор Юшченко Украина президенти бўлади.
2010 йил январда ўтказилган сайловда бу сафар Янукович ғалаба қозонади ва мамлакат раҳбарига айланади. 2013 йил ноябрда у Вилнюсда ўтказиладиган Европа ҳамкорлиги саммити арафасида Украинанинг Европа Иттифоқи билан интеграциялашуви ҳақидаги келишувни имзолашдан бош тортади.
Шундан сўнг Киевда норозилик намойишлари бошланиб кетади. Охир-оқибат Янукович 2014 йил феврал ойи охирида Россияга қочиб кетади. Ҳозирда у Москвада яшаётгани айтилади.
2019 йил 24 январ куни Киевдаги Оболон тумани суди Януковични давлатга хиёнат қилганликда айбдор деб топади ва унга сиртдан 13 йил қамоқ жазоси берилади. Шунингдек, унга Ғарб мамлакатлари томонидан санкция эълон қилинган.
Башар Асад, Сурия президенти

alamy.com
1965 йилда туғилган Башар Асад Сурияни 2000 йил 17 июлдан 2024 йил 8 декабргача бошқарди. Унгача бу давлатни 30 йил унинг Отаси Ҳафиз Асад бошқарган.
Бу оила мансуб бўлган Алавийлар жамоаси Сурияда озчиликни ташкил этади. Шу сабабли Сурия халқи аввалига Ҳафиз Асаднинг, кейин Башар Асаднинг бошқарувига қарши бўлган. Лекин уларнинг иккаласи ҳам мамлакатни жуда қаттиққўллик билан бошқарган.
Асадлар ўз ҳукмронлиги даврида мухолифатни, ўзларига қарши чиққанларни ва ўзгача фикрлайдиганларни аёвсиз жазолашади. Ота ва ўғилнинг Сурияни узоқ йиллар давомида бошқариши ҳам ана шу қаттиққўллик туфайли эди.
2024 йил декабр бошларида Асад режимига қарши бўлган кучлар фаоллашади ва бирин-кетин йирик шаҳарларни эгаллай бошлайди. Улар Дамашққа яқинлашганда Башар Асад Ил-76 самолёти билан пойтахтдан учиб кетади.
Кўп ўтмай самолёт радарлардан йўқолади. ОАВ у ўтирган самолёт ҳалокатга учраган бўлиши мумкинлигини ёзаётган пайтда Башар Асад Москвага қочиб кетгани ҳақида хабарлар чиқади. У ҳозир ҳам Россия пойтахтида яшамоқда.
Асад тахтдан ағдарилмасдан аввал турли давлатлар ва айрим халқаро ташкилотлар уни ҳарбий жиноятлар содир этганликда ва тинч аҳолини қирганликда айблаганди.
Сурия ҳукумати ҳозирги даврда Москвадан уни Дамашққа топширишни талаб қилиб келмоқда. Агар бу иш амалга ошса, Асад ўз юртида жиноий жавобгарликка тортилади.
Беларус, АҚШ ва бошқа давлатларга қочганлар

rferl.org
Қурманбек Бакиев, Қирғизистон президенти. 1949 йилда туғилган Бакиев 1990 йилдан бошлаб турли вазифаларда ишлаб келади ва 2000 йилдан 2005 йилгача икки марта Қирғизистон бош вазири бўлади.
2005 йилда бўлиб ўтган “Лола инқилоби”дан сўнг Бакиев бир муддат президент вазифасини бажарувчи бўлади. Сўнг навбатдан ташқари ўтказилган президент сайловида ғалаба қозониб, раҳбарликни давом эттиради.
2009 йилда Қирғизистонда навбатдаги сайлов ўтказилади, унда Бакиев ғолиб чиқади. Бироқ 2010 йилга ўтиб мамлакатда унга қарши норозилик намойишлари бошланади. Бакиев пойтахтдан Қирғизистон жанубидаги Жалол-Обод вилоятига қочади.
2010 йил 15 апрел куни Бакиев ва мухолифат лидерлари ўртасида музокара ўтказилади. Бакиев хавфсизлиги таъминланиши эвазига ҳокимиятдан воз кечишга рози бўлади. У ўша куни Қозоғистон орқали Беларусга йўл олади.
Кейинчалик Бакиевга нисбатан бир нечта жиноят ишлари қўзғатилади. Суд унга сиртдан 25 йил қамоқ жазоси тайинлайди. Қирғизистон томони Бакиевни қидирувга берган. Ҳозирда у Минскда яшаб келаётгани айтилади.

infobae.com
Фердинанд Маркос, Филиппин президенти. 1917 йилда туғилган Фердинанд Маркос 1965 йилда ўтказилган сайловда ғалаба қозониб, Филиппин президенти бўлади. 1969 йилдаги сайловда у яна ғолиб чиқади.
1972 йилда Маркос парламент ҳамда сиёсий партиялар билан келиша олмай қолади ва мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилади. Сўнг конституцияни янгилайди ва коммунистик партия фаолиятига рухсат беради.
1983 йилда мухолифат етакчиси Бенигно Акино ўлдирилади. 1986 йилда муддатидан аввал президентлик сайлови ўтказилиб, унда яна Маркоснинг ғалаба қозонгани эълон қилинади.
Шунда Акинонинг беваси Корасон Акино бошчилигидаги мухолифат намойишларни бошлайди. Бу сафар Маркос ўз ҳокимиятини сақлаб қололмайди ва АҚШнинг Ҳавайи оролларига қочиб кетади. Орадан 3 йил ўтгач у шу ерда вафот этади.

stock.adobe.com
Жан-Клод Дювале, Гаити президенти. 1951 йилда туғилган Жан-Клод Дювале Ҳаитида ҳокимият тепасига 1971 йилда отасининг вафотидан сўнг келади ва мамлакатни 1986 йил 6 февралгача бошқаради. 1971 йилгача Ҳаитига унинг отаси Франсуа Дювале ҳукмронлик қилган.
1985 йилда Ҳаитида конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан референдум ўтказилади. Янги конституцияда Жан-Клод Дювале умрбод раҳбар бўлиши, ўзидан кейинги президентни белгилаши ва бош вазирни тайинлаш ҳам президент ваколатига ўтказилиши белгиланганди.
Конституциядаги бу ўзгаришларни мухолифат қабул қилмайди ва намойишлар бошланади. Мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилинади. Охир-оқибат 1986 йил 7 феврал куни Дювале оиласи билан Францияга қочиб кетади.
25 йилдан сўнг 2011 йил Жан-Клод Дювале хотини билан Ҳаитига қайтиб келади. Орадан икки кун ўтгач, уни ҳибсга олишади. Жан-Клод Дювале коррупция ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланади.
Бироқ уни жазолашга улгуришмайди. Жан-Клод Дювале 2014 йил 4 октябр куни Ҳаити пойтахти Порт-о-Пренс шаҳрида вафот этади. Ўшанда у 63 ёшда эди.

vietnamnet.vn
Алберто Фухимори, Перу президенти. 1938 йилда туғилган Фухиморининг миллати япон бўлиб, унинг ота-онаси Перуга 1934 йилда Япониядан кўчиб борган эди.
1990 йилда Фухимори президентлик учун номзодини қўяди ва ғалаба қозониб, Перу президентига айланади. 1995 йилда ўтказилган президентлик сайловида у яна ғолиб чиқади.
2000 йилда Фухимори учинчи марта сайловда ғалаба қозонгач, мамлакат бўйлаб намойишлар бошланиб кетади ва у қочишга мажбур бўлади. Фухимори 2000 йил 13 ноябр куни Брунейда бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти (APEC) форумида қатнашиш учун Перудан учиб кетади.
14 ноябр куни эса Брунейдан Японияга учиб боради ва ортга қайтмайди. Перуда Фухиморига нисбатан жиноят иши қўзғатилади ва ҳукумат бир неча марта Япониядан уни топширишни талаб қилади. Бироқ японлар Фухиморини бермайди.
2005 йил ноябрда Фухимори Чилига борганда уни Интерпол ордери билан ҳибсга олишади. 2007 йил сентябрда Чили собиқ президентни Перуга топширади. Фухимори 25 йил қамоқ жазоси олади.
2023 йилда Перу конституцион суди Фухиморини озод қилиш ҳақида қарор қабул қилади. Бу пайтда у 85 ёшда эди. Орадан бир йил ўтгач, у 86 ёшида вафот этади.

alamy.com
Зайн ал-Обидин Бен Али, Тунис президенти. 1936 йилда туғилган Бен Али 1987 йилда мамлакат бош вазири этиб тайинланади. Ўша йили ноябрда Тунисда “Ясмин инқилоби” бўлиб ўтади ва амалдаги президент Ҳабиб Бургиба ағдарилади. Унинг ўрнини Бен Али эгаллайди.
2010 йилда Тунисда “Иккинчи Ясмин инқилоби” деб номланган намойишлар бошланади ва 2011 йилда Бен Али истеъфога чиқиб, Саудия Арабистонига қочади.
Тунисда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. 2012 йилда Тунис олий суди Бен Алини сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилади. У узоқ давом этган касалликдан сўнг, 2019 йилда 83 ёшида Саудияда вафот этади.

alamy.com
Ашраф Ғани, Афғонистон президенти. 1949 йилда туғилган Ашраф Ғани илк бор 2009 йил Афғонистон президенти бўлишга уриниб кўради. Бироқ сайловда Ҳамид Карзайга ютқазади.
2014 йилда ўтказилган навбатдаги сайловда Ашраф Ғани бошқа номзод Абдулла Абдуллани ортда қолдириб, ғолиб чиқади ва Афғонистон президентига айланади. У 2019 йилда ўтказилган сайловда ғалаба қозониб, иккинчи муддатга ҳам мамлакат президенти бўлади.
Бироқ 2021 йилда “Толибон” ҳаракати фаоллашади ва август ойига бориб мамлакат ҳудудининг катта қисмини ўз назоратига олади. Сўнг Кобулни штурм қилишга тайёргарлик кўра бошлайди.
15 август куни Ашраф Ғани БААга қочиб кетади ва ҳокимият “Толибон” тасарруфига ўтади. У ҳозир шу давлатда яшаётгани айтилади. Турли маълумотларга кўра, Ашраф Ғани Афғонистондан қочиш пайтида ўзи билан анча миқдорда нақд долларларни олиб чиқиб кетган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар