23:39 / 24.02.2025
88

Россия Украинани мағлуб эта олмади. Урушнинг учинчи йилидан хулосалар

Россия Украинани мағлуб эта олмади. Урушнинг учинчи йилидан хулосалар
2022 йил 24 феврал тонгини бутун дунё, айниқса украин халқи жуда яхши эслайди. Киев, Харкив, Одесса, Днепр ва бошқа шаҳарларда миллионлаб тинч аҳоли ўша куни одатдагидек будилник жиринглашидан эмас, ҳаво ҳужуми сиреналари ва портлаш овозларидан уйғонди. Киев вақти билан тахминан соат 5 ларда Россия армияси олий бош қўмондон Владимир Путиннинг буйруғига биноан Украинани борбардимон қила бошлади, рус ҳарбийлари қўшни мамлакат ҳудудига бирваракайига уч томондан: шимол, жануб ва шарқдан бостириб кирди.

Кенг кўламли босқиннинг дастлабки кунларида шокка тушган глобал ҳамжамият Киевдаги ҳокимият ағдарилишидан хавотирда эди. Шундай бўлган тақдирда, эҳтимол, Украинада Виктор Янукович бошчилигида қўғирчоқ ҳукумат ўрнатилган, шу тариқа Россия, Беларус, Украина, “Донецк ва Луҳанск республикалари”, Днестрбўйи, Жанубий Осетия ва Абхазияни ўз ичига олган “иккинчи СССР”ни эълон қилиш учун шароит ҳозирланган бўларди. Воқеаларнинг бундай ривожи кейинги навбатда аввало Марказий Осиё учун мудҳиш оқибатларга эга бўлиши шубҳасиз эди.

Аммо босқин бошланганидан бир неча ҳафта ўтиб, Украина ҳарбий раҳбарияти бу урушга етарлича тайёргарлик кўриб қўйгани ойдинлашди. Натижада Кремлнинг яшин тезлигида ғалаба қозониш режаси чиппакка чиқди. Уч йилдирки давом этаётган уруш глобал майдонда геосиёсий мувозанатни тубдан силкитиб юборди ва бу силкинишлар ҳамон давом этмоқда. Уруш чўзилиб бораркан, озодлик ва эркинлик учун курашда Украинани қўллаётган Ғарбнинг бирдамлиги борган сари кўпроқ савол остида қолмоқда. Доналд Трамп АҚШ президентлигига қайтиши биланоқ бирон марта босқинчи Россияни танқид қилмасдан фақат Украинага ташланаётгани урушда бутунлай янги босқич бошланганидан дарак беряпти.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида Россия–Украина урушининг учинчи йили билан боғлиқ хулосалар ва истиқболдаги кутилмалар ҳақида сўз юритилади.

Ғарб қуролларининг фронтдаги аҳамияти

Ғарб давлатлари Украинага узоқ масофали қуроллардан фойдаланишга рухсат бериш масаласини 2024 йилнинг кузида фаол муҳокама қила бошлади. 17 ноябр куни АҚШнинг эндиликда собиқ президенти Жо Байден Украинага ATACMS узоқ масофали ракеталари билан Россия ҳудудига зарба йўллашга рухсат берди. 20 ноябрда Буюк Британия ҳам Storm Shadow ракеталаридан Россияга зарба бериш чекловларини олиб ташлади. Бу қарорлар Россиянинг Шимолий Корея қўшинларини жанговар ҳаракатларга жалб қилиши ортидан қабул қилинган эди.

Ғарб қуроллари орасидан HIMARS ракета тизимларини алоҳида таъкидлаш лозим. АҚШ тақдим этган юқори мобилликка эга бу артиллерия комплекслари Россия қўшинларини таъминот занжирини узоқроққа суришга мажбур қилди, бу билан ҳужум операцияларини секинлаштирди. Аммо бу қуроллар асосан Украина мудофаасини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, урушни тубдан ўзгартириш учун етарли бўлмади.

“Ғарб ҳақиқатан ҳам Украинани муҳим қуроллар билан таъминлади ва Киевга анча ёрдам берди. Лекин Abrams танклари техник жиҳатдан мураккаб тузилгани ва армия таркибида зарарланган танкларни доимий таъмирловчи механиклар етишмаслиги сабаб кутилгандек самара бермади. Ундан ташқари Abrams’ларнинг сони ҳам атига 31 та эди. F-16 қирувчи самолётларини бошқарувчи учувчилар етишмовчилиги ҳам учоқнинг имкониятидан тўлиқ фойдаланиш имконини бермади. Шунга қарамай HIMARS, ATAСMS каби узоқ масофага зарба бера олувчи ракета тизимлари Украинага фронт чизиғида катта ёрдам берди”, – дейди сиёсий фанлар доктори, профессор Актам Жалилов.

Украина учун масъулият Европа зиммасига тушадими?

Доналд Трампнинг қайта сайланиши билан АҚШда сиёсат кескин ўзгарди. АҚШнинг асосий эътибори Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақасига ўтаётган бир пайтда, Европа Россияга қарши мустақил ҳаракат қилишга қодирми? Сиёсатшунос Фарҳод Толиповга кўра, ҳа, Европа АҚШсиз ҳам Украинани қўллашга ва ўз хавфсизлигини ўзи таъминлашга қодир.

“Ўйлайманки, Европа Россияга қарши кураша олади. Кўплаб экспертларнинг АҚШ Европани тарк этяпти, деган таҳлилларига дуч келяпмиз, балки бу хавфсираш маълум даражада асослидир. Лекин АҚШ Европани ёлғиз қолдириб, ўзининг минтақадаги ҳарбий базаларини ёпиб, қўшинларини буткул олиб кетишини тасаввур қилиш қийин. Трамп қанчалик кутилмаган қарорлар қабул қилса ҳам, Европадан тўлиқ юз ўгириб бўлмаслигини тушунса керак. Ғарбнинг Украинани қўллашида Вашингтонни яққол устун деб ўйлар эдик, лекин Зеленский айтган рақамларга кўра, Европа давлатларининг умумий молиявий ёрдамлари ҳам салмоқли эканини кўряпмиз. Шу нуқтайи назардан европаликлар бу ёғига ҳам Киевни мустақил қўллай олишса керак, деб ўйлайман”, – дейди у.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, борган сари Евроиттифоқда танлаш имконияти қолмаяпти: иттифоқ энди ўз хавфсизлиги учун асосий масъулиятни ўз зиммасига олишга мажбур.

“Минтақада аввалдан Франция, Германия каби хавфсизлик ва геосиёсий жиҳатдан АҚШ орбитасидан мустақил сиёсат олиб боришга интилувчи давлатлар бор эди. Трампнинг босимлари натижасида бу қараш энди кучайиб боради. Аслида иқтисодий, ҳарбий ва демографик жиҳатдан АҚШдан заиф деб бўлмайди, лекин сиёсий қадриятлар жиҳатидан Вашингтон шу вақтгача Европа иттифоқини индивидуал ҳаракат қилишга рағбатлантирмаган эди. Бироқ Трампнинг олдинга сураётган шартлари Путин истакларига ҳамоҳанг бўлаётгани сабаб, Европа Иттифоқи энди мустақил бўлишга мажбур”, – дейди у.

Таҳлилчи Шуҳрат Расулнинг фикрича, Европа Украинанинг Россияга енгилмаслигини таъминлай олади.

“Мюнхен конференциясида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Қўшма штатларнинг асосий фокуси Хитой сабаб Осиё-Тинч океани минтақасига қаратилишини айтиб ўтди. Катта эҳтимол билан Вашингтон Киевга ҳарбий ва молиявий ёрдамларни тўхтатиши мумкин, демак масъулият Европа давлатларига ўтади.

Минтақада асосий ёрдами кутилаётган давлатлар – Буюк Британия, Франция, Германия, Италия ва Полша ҳамда Болтиқбўйи давлатларидир. Бу давлатлар берган ёрдам билан Украина Россияни урушда мағлуб қила оладими? Йўқ, лекин Украина мағлуб бўлмайди ҳам”, – дейди Шуҳрат Расул.

Сиёсатшунос Жаҳонгир Акрамовга кўра, Европада янги хавфсизлик архитектурасининг бош муаллифларидан бири Британия бўлиши мумкин.

“АҚШ сабаб НАТО ўзининг 70 фоиз қобилиятини шубҳа остига қўйиши европаликларга ўзининг хавфсизлик тизимини шакллантиришга туртки бўлади. Фикримча, бу жараёнларда Британия етакчи бўлади ва шу сабаб Лондон кейинчалик Европа Иттифоқига ҳам қайтиши мумкин”, – дейди у.

Кўрсатувни тўлиқ видео шаклида, YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. Унда экспертлар 2024 йил Россия иқтисодиёти учун қандай кечгани, охирги ўзгаришлардан келиб чиқиб, истиқболда воқеалар ривожи қандай кечиши мумкинлиги каби масалаларда ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашган.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг