
19 март куни Туркия полицияси Истанбул мэри, мухолифатдаги Республика халқ партияси (CHP) вакили Акром Имомўғлини ҳибсга олди. Шунингдек, шаҳар маъмуриятининг 100 га яқин ходими ва матбуот котиби ҳам қўлга олинди. Бу ҳақда CNN Turk хабар берди.
Ҳибсга олиш сабаблари ва коррупция айбловлари
Маҳаллий ОАВга кўра, Имомўғли конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жиноий ташкилот тузиш ва «Курдистон ишчилар партияси»га ёрдам беришда айбланмоқда. Associated Press агентлигининг таъкидлашича, у тендер ва шартномалар билан боғлиқ коррупция иши доирасида ҳибсга олинган.
Истанбулда хавфсизлик чоралари кучайтирилди
Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан шаҳарда бир нечта йўллар ёпилди, тўрт кун давомида ҳар қандай намойишларни ўтказиш тақиқланди. Шунингдек, NetBlocks мониторинг хизмати маълумотига кўра, Туркияда X (собиқ Twitter), YouTube, Instagram ва TikTok каби ижтимоий тармоқларга кириш чекланган.
Иқтисодий таъсир: лира курси ва фонд бозорида тушиш
Бу воқеа фонида турк лираси курси рекорд даражада тушиб кетди. Тошкент вақти билан соат 12:42 да лира курси бир доллар учун 40,95 лирага қадар пасайди, бу тарихдаги энг паст кўрсаткич бўлди. Кейинчалик, 13:10 да валюта бир оз кўтарилиб, 38,91 лирани ташкил этди.

Borsa Istanbul 100 фонд индекси сессия бошида 6,9 фоизга тушиб кетди, шу сабабли савдолар вақтинча тўхтатилди. Улар тикланганидан сўнг индекс 4,6 фоизга пасайди. Шунингдек, Туркиянинг 10 йиллик давлат облигациялари даромадлилиги 175 пунктига ошиб, 29,94 фоизга етди – бу 2025 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.
Имомўғлининг дипломи бекор қилинди
18 март куни Истанбул университети прокуратура сўровига кўра, Имомўғлининг 1995 йилда олган дипломи бекор қилинганини маълум қилди. Университет қарорини қонунбузарликлар сабаб деб изоҳлади. Бу мухолифатчи сиёсатчининг президентлик сайловларида иштирок этишига тўсқинлик қилиш мақсадида қўйилган сиёсий тўсиқ сифатида баҳоланмоқда, чунки Туркияда олий маълумотга эга бўлиш президентлик учун номзод сифатида кўрсатилишнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
Имомўғли: «Ҳуқуқ ва эркинликлар учун курашда қатъий тураман!»
Сиёсатчининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлардан кейин унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай хабар пайдо бўлди: «Халқ иродасини қўрқитиш ёки қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар билан бўғиб бўлмайди. Мен нафақат Истанбулнинг 16 миллион аҳолисига, балки Туркиянинг 86 миллион фуқаросига ва бутун дунё бўйлаб демократия ҳамда адолатни қўллаб-қувватловчи барчага ишониб, қатъий турибман. Мен асосий ҳуқуқ ва эркинликлар учун курашда қатъий тураман!»
Сиёсий муаммолар ва мухолифатга босим
Республика халқ партияси 23 март куни Имомўғлини кейинги президентлик сайловларида номзод сифатида эълон қилиш режасини муҳокама қилиш учун қурултой ўтказмоқчи эди. Туркияда навбатдаги президентлик сайловлари 2028 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган, аммо муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
2024 йилда Туркияда муниципал сайловлар бўлиб ўтган, унда мухолифат номзодлари Анқара ва Истанбулда Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партияси вакилларини мағлуб этганди. Адолат ва тараққиёт партияси 20 йил ичида илк марта маҳаллий сайловларда бунчалик ёмон натижа кўрсатди.
Туркияда сиёсий инқироз бошланадими?
Имомўғлининг ҳибсга олиниши ва дипломининг бекор қилиниши мухолифатга қарши босим сифатида баҳоланмоқда. Унинг қўлга олиниши Туркияда ички сиёсий кескинликни ошириши, халқаро ҳамжамият эса бу ҳолатни демократик жараёнларга аралашиш сифатида баҳолаши мумкин. Туркия сиёсий ҳаётида катта ўзгаришлар кутилмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар