
Эрон Ислом Республикаси олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий мамлакат армиясини юқори жанговар шай ҳолатга келтиришга кўрсатма берди. Reuters агентлиги дипломатик манбаларга таянган ҳолда хабар беришича, мазкур қарор АҚШнинг эҳтимолий ҳарбий операцияси ҳақидаги хабарлар ортидан қабул қилинган.
АҚШ билан кескинлашув фонида
Маълум бўлишича, Эрон Ироқ, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Туркия ва Баҳрайн каби минтақадаги давлатларни АҚШга ўз ҳудудидан зарба беришга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирган. Агар бу давлатлар АҚШга ўз ерларини ҳарбий операциялар учун тақдим этса, Теҳрон буни “душманлик акти” сифатида баҳолаши ва ҳарбий йўл билан жавоб қайтариши мумкинлигини билдирган.
Эроннинг юқори лавозимли расмийси таъкидлашича, бундай ҳолат “жиддий оқибатларга” олиб келиши мумкин. Бу риторика Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескин муносабатларни янада шиддатлаштирмоқда.
Трампнинг "охирги огоҳлантириш"и
АҚШ президенти Дональд Трамп март ойи бошида Али Хоманаийга шахсий мактуб йўллаб, Эронни ядровий келишув юзасидан музокараларга чорлаган ва бу иш учун икки ой муҳлат берган. Мактуб мазмуни Исроил, Саудия Арабистони ва БАА каби Вашингтоннинг асосий иттифоқчиларига ҳам маълум қилинган.
Бунга жавобан Али Хоманаий Трампнинг таклифини "алдов" деб атаган, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён эса 30 март куни АҚШ билан тўғридан-тўғри музокаралардан бош тортган. Теҳрон ядровий дастур бўйича мулоқотлар фақат учинчи давлатлар воситачилигида амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Ракеталар тайёр ҳолатда
Шу фонда Эрон ўз ракеталари ва мудофаа тизимларини жанговар шай ҳолатга келтирди. Манбаларга кўра, мамлакат бўйлаб тарқалган ерости ракеталари учириш мажмуалари юқори даражада тайёргарликка келтирилган. Ушбу иншоотлар ҳаво ҳужумларига чидамли тарзда қурилган ва ҳарбий амаллар юз берса, зудлик билан жавоб зарбаси бериш имкониятига эга.
Оятуллоҳ Али Хоманаий эса ўз чиқишида АҚШнинг ташқаридан зарба бериши эҳтимоли пастлигини айтди. “Ёвузлик ташқаридан амалга оширилиши даргумон. Аммо агар у содир бўлса, улар шубҳасиз қаттиқ жавоб олади”, деди у.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги сўнгги дипломатик ва ҳарбий кескинлик Марказий Шарқда янги беқарорлик хавфини юзага келтирмоқда. Таъкидлаш жоизки, ҳар икки томон ҳозирча тўғридан-тўғри тўқнашувдан тийилиб келмоқда, бироқ риторика ва ҳарбий тайёргарлик даражаси ортиб бормоқда. Музокаралар учун эшиклар билвосита очиқ қолган бўлса-да, вазият тезда кескинлашиши мумкин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар