Буюк Британияда бир гуруҳ кўзи ожиз беморлар махсус кўз қурилмаси ёрдамида яна ўқиш имконига эга бўлди. Лондон шаҳридаги касалхонада ўтказилган халқаро тадқиқот натижалари тиббиёт оламида катта қизиқиш уйғотди. Шифокорлар бу усулни “ҳаётни ўзгартирувчи технология” деб атамоқда.
70 ёшли Шила Ирвин исмли бемор 30 йилдан ортиқ вақт кўрмай яшаган. У янги қурилма туфайли энди китоб ўқиш, кроссворд ишлаш ва хатларни ўқиш имконига эга бўлганини айтмоқда. “Бу жуда ажойиб ҳис. Ҳаётимга қувонч қайтди”, — деди Ирвин.
Ушбу технология асосан ёшга боғлиқ макула дегенерацияси деб аталувчи касалликка чалинган беморларга мўлжалланган. Касаллик натижасида кўзнинг марказий қисми зарарланиб, инсоннинг ранг ва тафсилотларни кўриш қобилияти пасаяди. Ҳозирда бу дард билан дунё бўйича беш миллиондан ортиқ киши яшамоқда.
Янги усулда кўз тўр пардаси остига жуда кичик электрон пластинка ўрнатилади. Махсус кўзойнакдаги камера тасвирларни инфрақизил нурлар орқали ушбу пластинкага юборади, у эса маълумотни мия орқали қайта узатади. Шу тариқа бемор тасвирларни кўра олади. Тадқиқотда қатнашган 32 беморнинг 27 нафари яна ўқий олган.
Шифокор Маҳи Муқитнинг айтишича, бу технология келажакда бошқа кўз касалликларини ҳам даволашга ёрдам бериши мумкин. Ҳозирча бу усул фақат синов тариқасида қўлланмоқда, бироқ яқин йилларда Буюк Британия соғлиқни сақлаш тизими орқали беморларга тақдим этилиши режалаштирилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!