Эрон олий раҳбари Али Хоманаий АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрон билан музокараларни қайта бошлаш ҳақидаги таклифини рад этди, деб хабар берди reuters.com.
Хоманаий ўз чиқишида Трампнинг баёноти — яъни АҚШ Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қилгани ҳақидаги гаплар — ҳақиқатга мос эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар музокара мажбурлаш ва таҳдид билан олиб борилса, бу битим эмас, балки босим воситаси ҳисобланади.
«Трамп ўзини “битимлар устаси” деб атайди. Аммо агар келишув таҳдид ва босим билан амалга оширилса, бу ҳеч қандай ҳақиқий битим эмас. Бу фақат мажбурлаш ва қўрқитишдир», — деди Эрон раҳбари.
Хоманаий шунингдек, Трампнинг Эрон ядровий саноати йўқ қилингани ҳақидаги баёноти устидан кулди. Унинг таъкидлашича, АҚШ президенти бу ҳақда фақат «орзу қилишда давом этиши» мумкин, чунки Эроннинг илмий ва технологик қуввати сақланиб қолмоқда.
Маълумот учун, аввалроқ Теҳрон ва Вашингтон ядровий дастур бўйича беш маротаба билвосита музокара ўтказган. Бироқ улар июнь ойида Исроил ва АҚШ Эрон ядровий иншоотларига зарба берганидан сўнг кескин тўхтатилган ва 12 кун давом этган ҳаво жанги билан якунланган.
Ўтган ҳафта Трамп Исроил парламентида сўзлар экан, Ғазода ҲАМАС билан сулҳдан кейин АҚШ Эрон билан «тинчлик келишуви» тузиши мумкинлигини айтганди. Аммо Ғарб давлатлари ҳануз Эронни яширин тарзда ядровий қурол ишлаб чиқаришда айблаб келмоқда. Теҳрон эса бу даъволарни рад этиб, уран бойитиш фақат фуқаролик энергетикаси мақсадларига қаратилганини таъкидлайди.
Сентябрь ойи охирида БМТ Эронга қарши санкцияларни қайта жорий этганини маълум қилди. Буюк Британия, Германия ва Франциянинг ҳисоб-китобларига кўра, Теҳрон 10 йил аввал тузилган уранни бойитиш бўйича келишув шартларини бузган.
Шундай қилиб, Хоманаийнинг сўнгги баёноти Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг яқин вақтларда юмшаши эҳтимолини деярли йўққа чиқарди. Эрон расмийлари бу позицияни мамлакат мустақиллиги ва миллий хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун зарур чора сифатида изоҳламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!