date
views 1 600

АҚШ ва Эрон муносабатларидаги кескинлашув. Теҳронда қандай вариантлар бор?

АҚШ ва Эрон муносабатларидаги кескинлашув. Теҳронда қандай вариантлар бор?
Трамп агар АҚШ билан ядровий келишувдан бош тортса, Эронни бомбалаш билан таҳдид қилган. Теҳрон эса аллақачон «қатъий жавоб» қайтаришни ваъда қилди. Аммо бу айнан қандай жавоб бўлади? Ва бунга Исроилнинг нима дахли бор?

АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳрон янги ядровий келишувдан бош тортадиган бўлса, Эронни кенг кўламли бомбардимон қилиш билан таҳдид қилмоқда. Шу билан бирга, АҚШ президенти Теҳрон билан келишув тузишни афзал кўришини таъкидламоқда – Трампнинг аввалги президентлиги даврида АҚШнинг ўзи Эрон билан ядровий келишувни тарк этганди. Вашингтон Теҳрондаги ҳукуматга босимни кучайтирмоқда ва аллақачон Яқин Шарқ минтақасидаги авиаташувчилари сонини кўпайтирмоқда. Трампнинг сўзларига кўра, томонлар муросага келиш имкониятини муҳокама қилиш учун шу ҳафтада «жуда катта учрашув» ўтказади. Бунгача Эрон тўғридан тўғри музокаралардан бош тортаётган, мамлакатнинг маънавий раҳнамоси Али Хоминаий эса АҚШ ҳужум қилган тақдирда «қаттиқ жавоб»га дуч келишидан огоҳлантирганди. Лекин бу айнан қандай жавоб бўлиши мумкин? «Медуза» Эрон ислом республикасида қандай вариантлар борлиги ва нима учун бутун дунё бўйлаб АҚШ ва Исроил фуқаролари хавф остида қолиши мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Вашингтоннинг Эронга ҳужум қилиш учун иккита сценарийси бор. Мамлакатни бомбардимон қилишни (асосийси, Натанз ва Фордодаги иккита ядровий объект) АҚШ армияси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари билан ҳамкорликда амалга ошириши ёки операцияни тўлиқ Исроил ўз зиммасига олиши мумкин. Бундай зарбалар натижасини олдиндан айтиш умуман қийин эмас: Эрон ҳаво мудофааси қаршилик кўрсата олиши даргумон – ва иккала ядровий объектнинг ерусти инфратузилмаси йўқ қилинади. Агар операцияга Американинг B-2 бомбардимончи самолётлари ва бункерга қарши қўлланувчи GBU-57 бомбалари жалб этилнса, уларнинг ер остидаги қисмига ҳам сезиларли зарар етказилади.

Эрон эҳтимолий ҳужумларга қарши мудофаа стратегиясида асосий эътиборни АҚШ ва Исроилга жавоб зарбаси беришга қаратади. Тўғри, сўнгги бир йил ичида Эрон расмийларининг имкониятлари сезиларли даражада камайди. Уларнинг иттифоқчиларидан бири – Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ташкилоти Исроил босқини натижасида жиддий йўқотишларга учради. Бошқаси – Суриядаги Башар Асад режими – умуман йўқ бўлиб кетди.

Шунинг учун Теҳрон эҳтимолий жавоб зарбасини ўйлаганда, минтақадаги ҳамкорларига эмас, биринчи навбатда ўз кучларига таянишга мажбур. Шунга қарамай, Ислом Республикасида Эрон турли хил комбинацияларда фойдаланиши мумкин бўлган етарли имкониятлар мавжуд.

Биринчи вариант: Исроил бўйлаб жавоб зарбаси

Теҳроннинг АҚШ ва Исроил ҳарбийларининг эҳтимолий қўшма операциясига мантиқий жавоби Исроил ҳудудига зарбалар бўлиши мумкин. Боз устига, Эрон 2024 йилда ҳам ракеталари ва дронлари билан ушбу мамлакатга икки марта ҳужум қилганди (гарчи улар фақат чекланган зарар етказган бўлса-да). Хусусан, иккинчи ҳужум амалиёти вақтида Эрон 200 га яқин баллистик ракеталардан фойдаланган, уларнинг баъзилари Исроил ҳаво мудофаа тизими ҳимоясидан ўтган ва «Неватим» ҳарбий базасидаги иншоотларга зарар етказган.

Албатта, Исроил ҳудудига берилган аввалги зарбаларда Теҳрон ўзининг барча ҳарбий салоҳиятини намойиш этмаган. Бироқ, Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа нуқтайи назаридан энг ҳимояланган ҳудудлардан бири бўлиб қолмоқда, яъни Эроннинг жавоби учун мураккаб нишон. Шунинг учун Исроилга жавоб зарбасини воқеалар ривожининг асосий сценарийси сифатида кўриб чиқиш керак эмас.

Иккинчи вариант: Американинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларига зарба

АҚШ ҳарбий базалари минтақанинг турли қисмларида жойлашган: Баҳрайн, Миср, Ироқ, Исроил, Иордания, Кувайт, Қатар, Саудия Арабистони, Сурия ва Бирлашган Араб Амирликлари. 2024 йил охирида Яқин Шарқдаги Америка ҳарбийларининг умумий сони тахминан 40 минг кишига баҳоланган.

Бундай базалар аллақачон бир неча бор эронпараст кучлар ҳужумига учраган. 2024 йил январ ойида Ироқдаги шиалар гуруҳи томонидан учирилган Эрон дрони Иорданиядаги ҳарбий базанинг ҳаво мудофаасини ёриб ўтганди. Ўшанда уч нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган.

2020 йил январида Эрон генерали Қосим Сулаймоний Доналд Трамп буйруғи билан ўлдирилгандан сўнг, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий-космик кучлари Американинг Ироқдаги иккита объектига зарба берганди. Ўшанда 100 дан ортиқ ҳарбий контузияга учраган.

АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базалари Эроннинг жавоб зарбаси учун энг эҳтимолий нишонлардан бири бўлиб кўринмоқда. Улар бутун минтақа бўйлаб сочилиб кетган – бу эса уларнинг мудофаасини мураккаблаштиради. Ўтган тажриба шуни кўрсатдики, АҚШ ҳарбий объектларининг ҳаво мудофаасини ёриб ўтиш Исроилнинг зич ва кўп қатламли мудофаа тизимига киришдан кўра анча осонроқ. Бундай зарба ҳолатидаги асосий таҳдид АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг муқаррар жавобидир.

Учинчи вариант: АҚШнинг бошқа иттифоқчиларига зарба

Эрон амал қиладиган ассиметрик уруш концепсиясига кўра, Америка иттифоқчилари Вашингтонга босим ўтказиш воситасига айланиши мумкин. Шу боис, Теҳрон Саудия Арабистони, Кувайт, БАА, Қатар, Баҳрайн ёки Ироққа жавоб зарбаси бериши мумкин.

Эрон аллақачон минтақа давлатларини АҚШнинг эҳтимолий операциясини ҳар қандай қўллаб-қувватлашни душманлик ҳаракати сифатида кўриши ҳақида огоҳлантиргани бежиз эмас. АҚШ ҳарбийлари томонидан ушбу давлатларнинг ҳаво ҳудуди ёки ҳудудидан фойдаланиш ҳам шунга киради.

Теҳрон Ар-Риёд билан муносабатларни яқинда тиклаганди ва шу фонда Саудия Арабистони 2024 йилда Исроил ва Эрон ўртасидаги зарбалар алмашинувида ўзини бетараф тутди. Эрон томони шундоқ ҳам мураккаб вазиятида Форс кўрфазидаги араб давлатлари билан муносабатларни қасддан бузишни исташи даргумон. Шунинг учун бу давлатлар ҳудудидаги Америка ҳарбий базаларигина ҳужумга учраши мумкин. Бошқа объектларга зарба берилишига эса фақат алоҳида ҳолатларда қўл урилади ва бу можарони аниқ кескинлаштириш бўлади.

Тўртинчи вариант: Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйиш

Сўнгги ўн йилликларда Америка тажовузи содир бўлган ҳолатларда Эрон мунтазам равишда Ҳормуз бўғозини ёпиш билан таҳдид қилиб келади. Ушбу йўлак жаҳон углеводород бозори учун муҳим аҳамиятга эга. Дунё нефтининг тахминан 1/6 қисми ва суюлтирилган газнинг 1/3 қисми шу ердан ўтади. Бундай қадам бутун дунёдаги иқтисодий вазиятни жиддий издан чиқариши мумкин. Мисолларни узоқдан излашнинг ҳожати йўқ: Ямандаги камтаргина ҳусийчилар тижорат кемаларининг Қизил денгиз орқали ўтишига тўсқинлик қилишда муваффақиятли ҳаракатланмоқда.

Лекин бу вариантдаги муаммо бошқа жойда. Ҳормуз бўғози бугунги кунда биринчи навбатда АҚШ эмас, Хитойга керак: Хитой импорт қиладиган нефтнинг қарийб ярми шу йўналиш орқали ўтади. Бундай қадам АҚШ манфаатларига фақат билвосита зарар етказади, аммо шу билан бирга Теҳроннинг асосий савдо шериги – Пекин билан муносабатларни бузади.

Ҳормуз бўғози ёпилиши жаҳон иқтисодиёти учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келадиган қадам бўлиб, бу йўлакни тўсиб қўйиш Эрон учун жуда осон. Шунга қарамай, Хитойнинг манфаатлари туфайли бундай вариант эҳтимоли пастлигича қолмоқда.

Бешинчи вариант: Эрондаги АҚШ фуқаролари ҳибсга олиниши

Қўш фуқароликка эга бўлган эронликлардан гаров сифатида фойдаланиш – Ислом Республикаси учун одатий тактикадир. 1979 йилги инқилобдан сўнг АҚШда эронликларнинг йирик диаспораси шаклланган бўлиб, уларнинг кўплаб вакиллари ўз ватанлари билан алоқани йўқотмаган. Шунинг учун мамлакатда АҚШ ва Эрон фуқаролигига эга бўлган кўплаб одамлар яшайди.

Эрон ҳукумати улардан кўпинча сиёсий мақсадларда фойдаланади. Америка фуқаролиги эгалари ҳибсга олиниб, кейин АҚШдаги Теҳрондаги режим учун муҳим бўлган маҳбусларга алмаштирилади. Ёки Вашингтонга босим ўтказиш учун. 2023 йилда Эрон ҳукумати Жанубий Корея банкларида музлатилган олти миллиард долларни олиш эвазига Американинг беш нафар фуқаросини озод қилганди.

Бундай вариант Эрон учун энг оғриқсиз кўринади: ҳокимият қаршилик кўрсата олмайдиган одамларга қарши ўз юрисдикцияси доирасида ҳаракат қилади. Дарвоқе, бундай тадбирдан алоҳида самара ҳам кутиш керак эмас. Бир неча фуқаро ҳибсга олиниши Трамп маъмурияти учун катта зарба бўлиши даргумон.

Олтинчи вариант: бутун дунё бўйлаб АҚШ ва Исроил фуқароларига суиқасдлар

Ўтмишда Теҳрон бир неча бор Исроил ва АҚШнинг ҳаракатларига ушбу мамлакатларнинг дунёнинг турли нуқталаридаги дипломатик объектларига ёки уларнинг фуқароларига ҳужумлар билан жавоб қайтарган. Энг машҳур мисоллар – 1983 йилда Байрутдаги Америка ва Франция тинчликпарвар кучлари казармаларида ҳамда 1992 йилда Буэнос-Айресдаги Исроил элчихонасидаги портлашлар.

Бироқ сўнгги пайтларда Эрон бундай операцияларни камдан кам ҳолларда муваффақиятли ўтказа олди. Исроил ва АҚШ хавфсизлик кучлари бундай таҳдидларнинг олдини олишни ўрганди. Хусусан, 2022 йилда Эрон махсус хизматлари Туркияда Исроил фуқароларига суиқасд уюштиришга уринган, аммо муваффақиятсизликка учраган.

Эрон томони ҳақиқатан ҳам террорчилик усулларига мурожаат қилиши мумкин ва потенциал нишонлар жуда кўплиги ҳисобга олинса, бундай сценарий Теҳрон рақиблари учун энг оғриқли сценарийлардан бирига айланиши мумкин.

Еттинчи вариант: ядро қуроли яратиш

Эронда ядро қуролини ишлаб чиқишга қайтиш зарурлиги ҳақидаги мунозаралар 2024 йилдаёқ фаоллашган эди. Улар Америка президентининг таҳдидларидан сўнг янги куч билан аланга олди. 6 апрел куни Эрон парламенти (Мажлиси) депутати Муҳаммад Қосим Усмоний мамлакат ўзини ҳимоя қилишининг ядро қуроли яратишдан бошқа йўли йўқлигини айтди.

Теҳрон Исроил ва АҚШнинг эҳтимолий зарбаларини ортга қайтмас нуқта сифатида қабул қилиши ва ядровий қурол ишлаб чиқиш масаласида ўзини чеклашни тўхтатиши эҳтимоли юқори. Бироқ, асосий ядровий объектларга эҳтимолий ҳужумлар мамлакатни технологик жиҳатдан бир неча йил ортга улоқтиради. Атом инфратузилмасини тиклаш бир неча йил талаб этилади. Шунга қарамай, узоқ муддатли истиқболда Эроннинг ядро қуролини ишлаб чиқиши Яқин Шарқдаги хавфсизлик ва барқарорлик учун энг хавотирли таҳдидлардан бирига айланиши мумкин.

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ва Эрон муносабатларидаги кескинлашув. Теҳронда қандай вариантлар бор?