
Арктика — шунчаки музликлар билан қопланган табиий ҳудуд эмас. Бу ҳудуд келажакда дунёнинг энг муҳим геосиёсий “қудрат марказларидан” бирига айланиши мумкин. Сабаби эса — музларнинг рекорд даражада эриши. Ҳозироқ тушунтирамиз.
47 йилдаги энг аномал март!
2025 йилнинг март ойи — Арктика учун анъанавий совуқлар эмас, балки аномал иссиқлик билан ёдда қолди. Европанинг Copernicus иқлим хизмати маълумотига кўра, бу ойда музликлар майдони 14,5 миллион км²ни ташкил этди. Бу эса сўнгги 47 йилдаги энг паст кўрсаткич.
Қиёс учун: 1991–2020 йиллар давомидаги ўртача кўрсаткичдан 6 фоизга кам.
Энди кемалар муз устида эмас, сувда юради!
Бир қарашда бу — табиатдаги оддий ўзгаришдек туюлиши мумкин. Аммо бу ўзгариш геосиёсий ўйин қоидаларини ўзгартириши мумкин. Арктикада музлар камайгани сайин, давлатлар у ерга ўз ҳарбий ва савдо кемаларини юборишни бошлади. Навигация мавсуми — яъни кемалар ўтиши мумкин бўлган давр — кун сайин узаяпти.
Янги “муҳим йўлаклар” пайдо бўляпти
Вудро Вилсон марказининг Қутб тадқиқотлари институти собиқ директори Ребекка Пинкус бу ҳақда шундай деган:
“Бугун нафақат ҳарбийлар, балки бизнес олами ҳам Арктикада янги имкониятларни кўра бошлади. Муҳим денгиз йўллари очилмоқда”.
Бу эса Охота ва Баренц денгизлари орқали Россия, Канада, Гренландия ва АҚШ учун янги иқтисодий йўлаклар очилишини англатади.
Иқлим ўзгариши = сиёсий стратегия?
Copernicus дастури раҳбарининг ўринбосари Саманта Бержесс эса қўшимча қилдики, Канада Арктикаси ва Гренландия соҳилларида ҳам ҳароратлар “меъёрдан анча юқори” бўлган. Бу ҳудудлар ҳам музлардан холос бўлмоқда.
Бунинг ортида нафақат иқлим муаммоси, балки катта давлатларнинг энергетика, минерал ресурслар ва ҳарбий ҳозирлик бўйича ўзаро рақобати ҳам бор.
Арктика – янги “геосиёсий саҳна”?
Шундай қилиб, музлар эриши билан бирга дунёда янги саҳна – Арктика пойгаси бошланмоқда. Табиий ресурсларга бой, стратегик жойлашувга эга ушбу ҳудуддаги вазият энди фақат иқлимшуносларни эмас, балки сиёсатчиларни ҳам қизиқтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бу барча ўзгаришлар — глобал иқлим ўзгаришининг “жонли” намунаси. Табиатдаги ҳар бир аномалия эса сиёсий қарорларга ҳам таъсир қилмоқда. Арктикадаги бу геосиёсий ҳаракатларни кузатишда давом этамиз!