
Foreign Affairs журналида чоп этилган мақолада АҚШнинг Хитой ёки бошқа йирик давлат билан эҳтимолий урушга етарли даражада тайёр эмаслиги қайд этилди. Муаллиф, Пентагоннинг мудофаа инновациялари бўлими собиқ директори Майкл Браунга кўра, АҚШда ўқ-дорилар захиралари кам, кемалар ва самолётлар эса эскирган. Мамлакатда қуролли кучларни узлуксиз таъминлаш учун етарлича саноат қуввати мавжуд эмас. Бундан ташқари, Америка ҳарбий-техник инновацияларда, жумладан, арзон дронларнинг оммавий ишлаб чиқарилишида Хитойдан ортда қолмоқда.
Браун бу муаммонинг асосий сабабини совуқ урушдан кейин АҚШ йирик рақиблар билан катта кўламдаги можарога тайёргарликни камайтирганида кўради. Америка ҳарбий стратеглари бўлажак можароларни қисқа муддатли ва маҳаллий даражада бўлади деб тахмин қилишган ва иқтисодий ҳамда технологик устунлик билан тез ғалаба қозонишга ишонганлар. Аммо бугунги кунда Хитой, Россия ёки Эрон билан кенг кўламли уруш эҳтимоли тобора реал тус олмоқда.
Муаллифнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар Тинч океани минтақасида катта миқёсдаги можаро келиб чиқса, АҚШга ҳафтасига беш минг дона юқори аниқликдаги узоқ масофали ракеталар талаб қилинади. Аммо АҚШ мудофаа саноати бу эҳтиёжларни ўз вақтида тўлдиришга қодир эмас.
Америка ҳарбий денгиз флоти кемаларининг ўртача ёши – 19 йил, ҳаво кучлари самолётларининг ўртача ёши эса – 32 йилни ташкил қилади. Хитой флоти таркибидаги кемаларнинг 70 фоизи охирги 15 йилда ишлаб чиқарилган ва кемалар қуриш тезлиги бўйича Хитой АҚШдан 370 марта юқори кўрсаткичга эга.
Ўқ-дорилар ишлаб чиқаришда АҚШ Иккинчи жаҳон уруши пайтида яратилган портловчи моддалардан фойдаланади, зарур хомашёнинг тахминан учдан бир қисмини эса импорт қилади, шу жумладан, Хитойдан ҳам.
Майкл Брауннинг фикрича, бу камчиликларни бартараф этиш учун АҚШ мудофаа бюджетини янада ошириши керак. Бироқ бу етарли эмас – Пентагоннинг харид тизимида жиддий ислоҳотлар амалга оширилиши лозим. Хусусан, мудофаа пудратчиларига бўлган талабларни енгиллаштириш, улар билан узоқ муддатли шартномалар тузиш ва Пентагонга бюджет маблағларини бошқаришда каттароқ эркинлик бериш зарурлиги таъкидланмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар