date
views 604

Донецкдаги жангларда қатнашаётган ўзбекистонлик йигит билан суҳбат

Донецкдаги жангларда қатнашаётган ўзбекистонлик йигит билан суҳбат
Куни кеча Россия армияси сафида туриб, Украинага қарши жанг қилаётганлар орасида 1,1 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси борлиги эълон қилинди. Бу рўйхат тўлиқ эмас, унга кирмаган ҳамюртларимиз ҳам бор экани аччиқ ҳақиқат.

Бизга алоқаси йўқ уруш домига тортилганларнинг сабаблари турлича. Пул, фуқаролик илинжи ва ҳоказолар. Бироқ аксарият бу қарорга кучли босим остида келганини айтади. “Дарё”га мурожаат қилган йигит уни уруш домига қандай тортишгани, Ватанга қайтиш уринишлари бесамар кетгани ва бошдан кечираётган даҳшатлари ҳақида Украинадан туриб ҳикоя қилди.

“Мен бу рўйхатда йўқман”, деди таҳририятга мурожаат қилган эндигина 21 баҳорни қаршилаган жиззахлик йигит. У деярли бир йилдан бери фронтда, ўзи истамаган урушда ҳар куни ўлимга қарши чиқади. “Ҳозир мендан бор-йўғи 2 километр нарида жанг кетяпти”, у юборган овозли ва видеохабарномаларда ўқтин-ўқтин портлаш овозлари эшитилиб турибди.

Таҳририятда мурожаатчининг жанговар ҳаракатларда қатнашаётганини тасдиқловчи фото ва видеодалиллар, жумладан, ҳужжатлар ҳам мавжуд. Унинг ўзи фронтнинг айнан қайси участкасида жанг қилаётганидан бехабар. Бироқ у юборган геолокация асосида жойлашувни аниқладик — ўзбекистонлик йигит Донецк ҳудудида жанг қиляпти. Хавфсизлик жиҳатидан айрим тафсилотларни очиқламасликка, шунингдек, унинг исм-фамилиясини ўзгартиришга қарор қилдик, деб ёзмоқда Дарё нашри.

Ҳаммаси қандай бошланди?

21 ёшли Жамшид Шукуров (исм-фамилияси ўзгартирилган) мактабдан сўнг журналистика соҳасида кетмоқчи бўлди. Маълум вақт оммавий ахборот воситалари учун жамоатчилик мухбири сифатида фаолият кўрсатди. Аммо олий таълим муассасасига кириш учун давлат имтиҳонида етарли балл тўплай олмагач, ишлаш мақсадида Россияга кетди. Кундузи қурилишда, кечаси эса хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қила бошлади. Ҳаммаси тинч, осойишта кетаётганди. Аммо ўша кунга қадар. Жамшид уни қуйидагича эслайди:

“Кечаси чиқинди ташлаш учун кўчага чиқдим. Ишхонамиздан юз метр узоқда эди. Олдимга бир машина тўхтаб, оддий кийимдаги уч киши тушди. Улардан кимлигини сўрадим. Бири ўзини “участкавой” деб таништирди. Паспортимни сўради. Қўлига бермай кўрсатдим. Кейин патентни ҳам сўради. Менда йўқлигини билгач, мажбуран машинага ўтқазишди. Кейин шаҳар четидаги гаражга олиб бориб, таҳдид қилишди. Қурол билан қўрқитиб, калтаклашди. Улар менга рус армияси билан шартнома имзолашдан бошқа йўлим йўқлигини, акс ҳолда ўлдириб юборишларини айтишди. Ноилож мажбур бўлдим”.

Россия мудофаа вазирлиги томонидан Жамшидга берилган гувоҳнома
Фото: Хавфсизлик сабаб тафсилотлар яширилди

Жамшиднинг ҳикоя қилишича, ёшлиги, рус тилини мукаммал билмаслиги ҳамда ҳеч қандай ҳарбий кўникмаларга эга эмаслигига қарамай, атиги икки кун тайёргарликдан ўтказишган. Машғулотлар югуриш, жисмоний ҳолатни яхшилаш каби оддий топшириқлардан иборат бўлган, бу ҳам етмагандек, унга берилган ҳар икки қурол ҳам носоз аҳволда. Жанг қилишни истамаган, кетиш ҳаракатига тушган “янгилар”га қандай муносабат кўрсатилишини ўзи гувоҳи бўлган ҳолатлар мисолида сўзлаб берди.

“Чегарадан ўтганда ҳаммамиздан телефонларни тортиб олишди. Икки кун 60 кг юк билан итдек югуртирди. Урушга боргиси келмай қочганларни ўласи қилиб калтаклашди. Оёқда туролмайдиган даражада уришди. Қўшимчасига дарахтни қучоқлатиб, скочлаб ташлашди. Эртаси куни шундай қилиб 2-3 кишини ўлдириб юборишди”.

Жамшиднинг айтишича, Россия армиясида бундай амалиёт мавжуд ва кенг тарқалган. Шу билан билан бир қаторда, кучли назорат ва шафқатсиз талаблар, жумладан отиб ташлаш каби норасмий кўрсатмалар сабаб фронтдан қочиш деярли имконсиз.

Шундай қилиб, атиги икки кун жисмоний тайёргарликдан ўтган Жамшид фронтга юборилди. У ўзига ажратилган қуроллардан қандай фойдаланишни олдинроқ келган аскарлардан сўраб ўрганмоқчи бўлди. Аммо қуроллар жангга яроқсиз эди. Ва у шу ҳолатда олдинги сафга ташланди.

“Гўшт майдалагич”

Жамшид жанговар топшириқларнинг дастлабкисига ҳамроҳлари билан бирга отланганини айтди. Аммо уларнинг ҳаракатларини кузатиб турган Украина аскарлари дрон билан зарба берди. Маълум қилинишича, Жамшиднинг ортда келаётган қуролдоши бошсиз қолган, яна бири оёқларидан айрилган. Унинг ўзи эса граната портлаши сабаб ҳосил бўлган шрапнеллардан жароҳатланган.

Йигит, шунга қарамай, қуролдошини судраб, пана жойга олиб ўтган ва Украина дронлари фаоллиги пасайгач, қўмондонлик буйруғи билан яна ҳужумга ташланган. Аммо бу сафар унга омад кулиб боқмади. Ёки аксинча – омади келди.

“Биринчи жароҳатлангандан кейин осмон тоза бўлишини (дронлар назарда тутилган - таҳ.) ярим соат кутдик. Кейин олдимдаги бир одам билан тўғрига кетдим. Билмадим нима, лекин кучли портлаш бўлди. Каскам учиб кетди. Чап қўлим, чап оёғим жароҳатланди. Юзимни чап томонига темир бўлаклар кирди. Яраландим. Шеригим мени ташлаб қочди. Лекин унинг юзидан ҳам қон оқиб ётганди. Кейин уни кўрмадим. Тирикми ё ўлик, билмайман”, деди у.

Жамшид шундан сўнг жон талвасасида қишлоқ биноларининг бирига қочиб кирган, бироқ орадан кўп ўтмай, ҳушидан кетган. Тутун ва аланга иси уни ўзига келтирди. Ўзи яширинган бино ёнаётганини билиб, у билан бирга кул бўлмаслик учун қочиб чиқди. Шундан сўнг бошқа пана жой топиб, рацияни созлади. Штаб билан боғлангач, эвакуация гуруҳи юборишни сўради. Бироқ улардан жуда мужмал жавоб олди.

“Уларнинг гап-сўзларидан мени олиб кетишни исташмаётгани сезилиб турарди. Барибир ўлиб кетасан дегандек туюлди”, дея ўша воқеаларни эслайди Жамшид.

Яраланган, бадани шрапнеллар жароҳатига тўлган Жамшид шу алфозда эвакуация гуруҳини кута бошлади. Бу орада у жойлашган бинога бир неча штурм отрядлари йўл-йўлакай келиб кетди. Аммо уларнинг ҳеч бири бир неча кундан бери сувсиз ва овқатсиз ётган ярадорни қутқаргиси келмасди. Ўзи ҳақида хабар берганидан беш кун ўтиб, уни жанг майдонидан олиб чиқишди.

Бир кўзи кўрмай қолган, юзи ва танасининг турли қисмларига металл фрагментлар кирган йигит эвакуация қилишларини беш кун кутди.
Фото: Хавфсизлик сабаб унинг юзи яширилди.

“Ўликлардан қўрқаман”

Бир кўзи кўрмай, эшитиш қобилияти сустлашиб қолганига қарамай, шифокорлар унга жароҳати оғир эмаслиги, яна фронтга қайтарилишини айтишди. Шунингдек улардан бири Жамшиддан жасадларни ташишда ёрдамлашишни сўради, аммо у рад этган. “Ўликлардан қўрқаман”, дейди у. Маст шифокор эса унга қўл кўтариб, ўз сўзини ўтказган. Бироқ икки кундан сўнг йигитнинг аҳволи ёмонлашди. Шундай қилиб, уни госпиталга юборишди.

Госпиталда ўтган икки ой давомида Жамшид қўл телефонидан фойдаланиш имконига эга бўлган. Фурсат топиши биланоқ яқинларига боғланиб, ўзи тушиб қолган вазият ҳақида хабар берди. Аммо уни уруш ўчоғидан юлиб олишга бўлган ҳаракатлар натижа бермади.

Айтишича, Жамшиднинг онаси Тошкентда, отаси эса Оренбург шаҳрида туриб, давлат идоралари, жумладан дипломатик ваколатхоналарга мурожаат қилган. Қариндошлари эса Москвадаги элчихонамиз эшикларини қоққан. Бироқ Жамшидга кўра, барча уринишлар бесамар кетган. Шундай қилиб, уни яна фронтга қайтаришган.

Бироқ бу сафар эндигина госпиталдан қайтган аскар бирданига жангга ташланмади. У аввалига фронт ортида бўлиб, хўжалик ишлари билан шуғулланди. Аммо Жамшид бу узоқ давом этмаганини айтади. Вақти келиб, уни навбатдаги ҳужум амалиётига ташлашди. Маълум бўлишича, бу сафарги топшириққа улар 6 киши бўлиб отланган. Бироқ гуруҳдан фақат у ортга қайтиш бахтига муяссар бўлган. Лекин жароҳатлар билан.

“Бизга дронлар билан ҳужум қилишди. Оёғимдан яраландим. Усиз ҳам эски жароҳат пайти темир қўйилганди — шишиб кетди. Кейин ортга амаллаб қайтдим. Фақат рухсат беришганидан кейин. Агар рухсатсиз қайтсак, отиб ташлашлари мумкин. Мен бир ўзим қайтдим. Аммо жароҳатим енгил деб, яна жангга юбормоқчи бўлишди. Лекин оёғим шишиб кетди. Оёқ кийим киёлмай қолдим. Лекин шунда ҳам 20 кун ушлаб ўтиришди”, дея ўтган воқеаларни хотирлайди у.

Жамшиднинг айтишича, бу орада у мансуб бўлинма командири мазкур позицияга келган. Йигит сафдошларидан фақат у тирик қолганини айтиб, олиб кетишни сўраган. Командир эса рози бўлиб, мототцикл ва қувватлагич топиб келиш учун кетган. Аммо ортга жасади қайтган.

Россия армияси зирҳли техникалар тақчиллиги сабаб мототцикллардан кенг фойдаланмоқда.
Фото: Daily Эхпресс

Бироқ алалоқибат, қўмондонлик даволаниш учун госпиталга йўлланма берди. Бу Жамшид уруш даҳшатларидан бутунлай қутилиши мумкинлигига кичик бўлса ҳам умид уйғотарди. Боиси шифокорларнинг унинг саломатлигини инобатга олиб, ҳордиқ учун бир ой таътил бериш бўйича таклиф киритди. Аммо армиянинг хавфсизликка масъул расмийлари у қочиб кетади деб ҳисоблаб, рад жавобини берди. Шундан сўнг Жамшид яна жангларга қайтди.

Чексиз қонунсизлик

Россия армиясидаги муҳит, қўмондонларнинг аскарлар ҳаётига бефарқлиги, таъминотнинг қониқарли аҳволда эмаслиги ҳақида ҳад-ҳисобсиз хабарлар ва таҳлилларни топиш мумкин. Жамшид мана шу муаммоларни ичкаридан кўришга, оғриғини ўз танасида ҳис қилишга мажбур бўлди.

У янги келганлар тузукроқ тайёргарликдан ўтказилмай жангга ташланиши, қурол-яроғ таъминоти билан боғлиқ муаммолар кўплиги, ортга чекинганлар отиб ташланиши ҳақида ўзи гувоҳ бўлган даҳшатларни сўзлаб берди. Афсуски, Украинада вақти Россия армиясига ёлланган кўплаб ўзбекистонликларни учратди.

“Тахминан ўнтача ўзбекларни учратдим. Уларни бир марта кўрдим, қайтиб учрашмадик”, деди Жамшид.

Жамшид Россия армияси билан бир йиллик шартнома имзолаган. Ёзнинг охирларига бориб, юридик жиҳатдан у ўз кучини йўқотади. Йигит бу йўлга на пул, на рус фуқаролиги учун кирмагани, уни мажбурлашганини таъкидлайди. Шу боис у фуқаролик олмоқчи эмас. Ўзбекистонга қайтишни, ҳаётини изга солишни истайди.

Бироқ Россия армияси шартномадаги ҳарбийлар билан осонликда хайрлашмайди. Жамшиднинг айтишича, уларни фронтда ушлаб қолишади. Шу боис ҳам йигит “гўшт майдалагич” домидан тезроқ қутилишни истайди. Чунки уни мавҳум келажак кутмоқда. Ҳар бир кун эса охиргиси бўлиши мумкин.

“Дарё” билан суҳбатда маълум қилишича, у ва оила аъзоларининг шу кунга қадар бўлган уринишлари муваффақиятсиз якунланган. Ёрдам бериши мумкин бўлган барча ташкилотларга мурожаат қилинган. Аммо натижа йўқ. Жамшид эса ҳаётининг гуллаган даврларини урушда, бўлиб ҳам унга алоқаси бўлмаган можарода ўтказмоқда.

У бу даҳшатлардан имкон қадар тезроқ қутилишни, ўзи бошдан кечирган қисмат қолганлар учун сабоқ бўлишини истайди. Ортиқ ҳеч бир ўзбекистонлик турли ваъдалар, алдовлар, макр-ҳийлалар ва босимларга учиб, уруш домига тортилмаслигини хоҳлайди.

Муаллиф Ҳумоюн Тожиддинов
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Донецкдаги жангларда қатнашаётган ўзбекистонлик йигит билан суҳбат