
Яқин кунларда Ерга 495 килограмм оғирликка эга совет даврига тегишли бўлган космик аппарат қулаб тушиши ҳақида BBC ахборот агентлиги хабар бермоқда. Бу қурилма ўтган асрнинг 70-йилларида Венерага юборилган “Космос-482” номли станциянинг қўниш модули бўлиб, у ҳозирга қадар Ер орбитасида бўлиб келган.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, қурилманинг Ер юзасига қачон тушиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бироқ, тахминларга кўра бу воқеа жорий йилнинг май ойи биринчи ярмида содир бўлади.
Ушбу аппарат 1972 йилнинг 31 мартида тонгда Бойқўнғир космодромидан Венера сайёрасига учирилган эди. Аслида у “Венера-8” дастури доирасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш мақсадида Венерага йўл олган аппаратнинг захира варианти бўлган. Ўша даврда икки аппаратнинг бир вақтда тайёрланиши ва кетма-кет учирилиши, сайёралараро миссиянинг муваффақият эҳтимолини ошириш мақсадида амалга оширилган.
“Венера-8” аппарати 1972 йилнинг 27 мартида учирилиб, ўз вазифасини тўлиқ бажариб, Венерага муваффақиятли қўнган ва тадқиқот дастурини бажарган. Аммо унинг захира варианти ҳисобланган “Космос-482” техник носозлик сабабли орбитада қолиб кетган. Шундан бери у Ер атрофида айланиб юрибди.
NASA расмий сайтидаги маълумотларга кўра, космик аппаратнинг иккита кичик қисми Ерга яқин орбитада қолиб, учирилганидан кейин 48 соат ўтиб атмосферада ёниб кетган. Қўниш модули ва двигатель блокидан иборат иккита катта бўлагини эса юқори эллиптик орбитага чиқиб кетган ва шу кунгача сайёрамиз атрофида айланиб юрибди.
Ҳозирда Ерга қулаш эҳтимоли юқори бўлган аппарат қисми – унинг қўниш модули ҳисобланади. Унинг оғирлиги қарийб ярим тонна – аниқроғи 495 килограмм. Олимларнинг фикрича, қурилманинг Ерга қулаш тезлиги тахминан 242 км/соатни ташкил этади ва зарба натижасида юзага келадиган энергия 1,1-1,2 мегажоул атрофида бўлади. Бу эса бир неча юз грамм тротил портлашининг қувватига тенг экани айтилмоқда.
Қайси ҳудудларга хавф мавжуд?
Экспертларнинг орбитани таҳлил қилиш асосида қилган ҳисоб-китоблари шуни кўрсатмоқдаки, қурилманинг тушиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудлар асосан қуруқлик устида жойлашган. Хусусан, қурилманинг эҳтимолий тушиш траекторияси Миср, Сурия, Туркия ва Озарбайжон каби давлатларнинг ҳудудларидан ўтиши тахмин қилинмоқда. Бу эса, қурилманинг аҳоли яшаш ҳудудларига қулаш хавфи борлигини англатади.
Ҳозирча аниқ сана маълум бўлмасада, мутахассисларнинг тахминига кўра, космик аппаратнинг Ерга қулаш вақти 8 майдан 14 майгача бўлган кунларда юз бериши кутилмоқда.
Бу каби ҳолатлар Ер атрофидаги орбитада қолиб кетган, фойдаланилмайдиган қурилмаларнинг сайёра юзасига қулаб тушиши биринчи ҳолат эмас. Аммо қурилманинг катталиги ва оғирлиги ҳисобга олинса, вазият жиддий назоратни талаб қилади.
Ҳозирда ушбу ҳудудлардаги давлатлар вакиллари вазиятни диққат билан кузатмоқда. Космик аппаратнинг Ерга қулашидан келиб чиқадиган эҳтимолий хавфларни камайтириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилиши лозимлиги айтилмоқда.
Келгуси кунларда воқеанинг ривожланиши ҳақида қўшимча маълумотлар бериб борилади. Ҳар ҳолда, мутахассислар мазкур аппаратнинг Ерга тушиши вақти яқинлашган сари, унинг аниқ траекториясини янада аниқроқ ҳисоблаш имконияти пайдо бўлишини билдирмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар