date
views 211 169

Қачон Ерда ҳаёт йўқолади? Олимлар келажакни башорат қилишди

Қачон Ерда ҳаёт йўқолади? Олимлар келажакни башорат қилишди
Олимлар Ер сайёраси келажагига оид янги таҳқиқотлар ўтказиб, тахминан бир миллиард йилдан сўнг сайёрамизда инсон ҳаёти учун энг зарур бўлган кислород танқислиги юзага келиши ҳақида хабар беришди. Бу ҳақда Британиянинг BBC Sky at Night нашри Nature Geoscience илмий журналида чоп этилган мақолага таянган ҳолда маълум қилди.

Казуми Озаки (Япониянинг Тохо университети) ва Кристофер Рейнхард (АҚШнинг Жоржия технология институти) Ердаги иқлим шароитлари ва биокимёвий жараёнларнинг эволюциясини компьютер моделлари орқали 400 минг мартадан ортиқ ўрганиб чиқишди. Уларнинг олиб борган ҳисоб-китоблари натижасида, келгуси бир миллиард йил ичида сайёрамизнинг атмосферасида кислород миқдори кескин камайиб кетиши мумкинлиги маълум бўлди.

«Кўп йиллар давомида Ердаги ҳаёт муддати асосан Қуёш нурланишининг секин-аста кучайиши ҳамда глобал карбонат-силикат геокимёвий жараёнлари билан боғлиқ равишда кўриб чиқилган. Ана шу назарий нуқтаи назардан қараганда, атмосферада углерод диоксиди (СО2) миқдорининг пасайиши ва иссиқлик даражасининг доимий равишда кўтарилиши муқаррар», – деди тадқиқот муаллифларидан бири, доктор Казуми Озаки.

Олимларнинг таъкидлашича, Ер биосфераси тахминан икки миллиард йилдан кейин юзага келадиган ҳаддан ташқари исиш ва фотосинтез учун керак бўладиган СО2нинг танқислиги сабабли буткул йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги аввалдан маълум эди. Бироқ, бу ҳолатда кислороднинг аниқ қачон ва қандай йўқолиши масаласи номаълумлигича қолиб келаётган эди.

Ушбу янги тадқиқот натижаси эса кислородсизланиш жараёни тахминан бир миллиард йилдан сўнг бошланиб, Ер атмосфераси ўта қисқа вақт ичида кислороддан деярли бутунлай маҳрум бўлишини кўрсатди. Олимларнинг айтишича, бу ҳолат Ер тарихида катта ўрин тутадиган Буюк Оксидланиш (атмосферанинг кислород билан бойиши) ҳодисасидан олдинги даврга ўхшаб қолади.

«Кислородсизланиш содир бўлганидан сўнг, Ер атмосфераси метан билан тўлиб-тошган, СО2 миқдори жуда кам ва озон қатлами бутунлай йўқолган ҳолатга келади. Шу сабабли, Ернинг кейинги даврлари анаэроб турдаги (кислородсиз муҳитда яшайдиган) жонзотлар ҳакимлигига ўтади», — дея тушунтиради доктор Озаки.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, Ер сайёраси ўз тарихида кислородга бой бўлган атмосфера ҳолатига жуда қисқа муддат эга бўлади. Ер мавжудлигининг атиги 20-30 фоизи давомида биз бугунги кунда кўриб турган кислородга бой атмосферада бўлади.

Бу тадқиқот Ердаги ҳаётнинг барқарорлигини қайта баҳолашга имкон яратиб бермоқда. Шу билан бирга, олимлар инсонлар томонидан Ердаги атроф-муҳитни асраш ва сайёра ресурларини оқилона ишлатиш зарурлигига яна бир бор урғу беришди. Зеро, Ернинг ҳаёт учун қулай бўлган босқичи чекланган вақтга эга экани тобора аниқ бўлиб бормоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қачон Ерда ҳаёт йўқолади? Олимлар келажакни башорат қилишди
LiveInternet