
Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги алоқалар стратегик даражада чуқурлашиб бормоқда. Жорий ҳафтада Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Қозоғистон бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Томонлар сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликдан тортиб, энергетика, савдо, логистика ва хавфсизликкача бўлган қатор йўналишларда атрофлича фикр алмашишди. Музокаралар давомида, айниқса, минтақавий ва глобал хавфсизлик, шу жумладан, халқаро таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Стратегик шерикликни янада кенгайтириш мақсадида
Рубио ва Нуртлеу Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва амалий мулоқотга асосланган стратегик шерикликни кенгайтириш истагини билдиришди. Улар икки томонлама инвестиция муҳитини яхшилаш, янги технологияларни жалб қилиш ва ишбилармон доиралар ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга қарор қилишди.
Мурат Нуртлеу ўз сўзларида таъкидладики:
"Қозоғистон амалий натижаларга эришишни кўзлаб, АҚШ билан барқарор ва манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори."
Қозоғистоннинг энергетикадаги ўрни ва C5+1 платформаси
Учрашув чоғида Қозоғистон томони мамлакатнинг энергетика соҳасидаги, хусусан, муҳим минерал ресурслар етказиб бериш занжирларидаги стратегик ролини алоҳида таъкидлади. АҚШ эса, бу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Марко Рубио шундай деди:
“Қўшма Штатлар Қозоғистон билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали ўзаро фойдали янги имкониятлар яратилишини интиқлик билан кутмоқда.”
Шунингдек, C5+1 формати — яъни АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқот платформаси доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу механизм минтақада барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Хавфсизлик ва ноқонуний миграцияга қарши кураш
Томонлар халқаро ва минтақавий хавфсизлик соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлаб, ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича амалий ҳамкорликни ижобий баҳоладилар. Шу йўналишда ишларни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Шу тариқа, АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва хавфсизлик соҳаларида ҳам янги босқичга кўтарилди. Бу эса, минтақадаги барқарорлик ва ўсишга хизмат қиладиган муҳим қадам ҳисобланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг