Санкт-Петербург мэри Анатолий Собчак (ўнгда) ва унинг муовини Владимир Путин.
Россия сиёсий элитасининг ҳудудий амбициялари илдизлари анча чуқур ва тарихга бориб тақалади. Яқинда эълон қилинган Германия ташқи ишлар вазирлигининг архив материаллари бу масалада янги ва ўзига хос ёндошувга йўл очди, деб хабар берди spiegel.de.
2025 йил 21 июл куни “Германия Федератив Республикасининг ташқи сиёсати ҳақида ҳужжатлар” тўпламининг навбатдаги жилди чоп этилди. Бу жилдда 1994 йилнинг биринчи ярмида рўй берган муҳим воқеалар ёритилгани айтилади. Айниқса, ушбу ҳужжатлар орасида Россиянинг у пайтдаги сиёсий манзараси ва етакчиларининг нуқтаи назарини акс эттирадиган манбалар ҳам бор.
Der Spiegel нашри мазкур архивларни ўрганар экан, ГФРнинг Санкт-Петербургдаги бош консули томонидан тайёрланган қайдлар ўта диққатга сазоворлигини алоҳида таъкидлади. 1994 йил 14 январ куни ёзилган хабарномада Владимир Путин томонидан айтилган ҳудудий масалаларга оид фикрлар қайд этилган.
Ушбу манбада Путин Россиянинг Украина ва Қозоғистонга бўлган ҳудудий муносабати ҳақида очиқ гапиргани тилга олинган. Унинг сўзларига қараганда, Қрим, Шарқий Украина ва Шимолий Қозоғистон каби ҳудудлар ҳар доим Россия таркибида бўлган, улар ҳеч қачон бегона ер сифатида қабул қилинмаган. Путин фикрича, бу ҳудудлар энди бошқа давлатлар тасарруфига ўтганини рус халқининг онгига сингдириш деярли имконсиз.
Путин ўшанда рус халқига хос бўлган, аммо европаликлар учун тушуниш мушкул бўлган миллий туйғулар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Шунингдек, у Украина ва Қозоғистонда яшовчи руслар аҳволини ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан яхши эмаслигини билдирган.
Тарихий маълумотларга кўра, 1994 йилда Путин Санкт-Петербург шаҳар мэриясида юқори лавозимда ишлаган. Аниқроғи, у ўша йил март ойидан бошлаб шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.
Очиқ маълумотлардан маълум бўлишича, 1991-1995 йиллар мобайнида ГФРнинг Санкт-Петербургдаги бош консули сифатида Эберҳард фон Путткамер ишлаган. Мана шу дипломатнинг қайдлари тарихий контекстда катта аҳамият касб этади.
Путин Россия президенти этиб сайланганидан сўнг, бу каби ҳудудий даъволар сўздан амалга, баъзи ҳолларда эса тўғридан-тўғри ҳарбий ҳаракатларга айлангани ҳам кузатилди. 2014 йилда Қрим Россия томонидан аннексия қилинди, 2022 йилда эса Россия Украинага қарши кенг кўламли урушни бошлади ва бир нечта ҳудудларни ўз назоратига олди. Мазкур ҳарбий можаро ҳалигача давом этмоқда.
Путин СССРнинг парчаланишини “ХХ асрнинг энг йирик геосиёсий фожиаси” сифатида баҳолаган. Унинг таъкидлашича, Совет Иттифоқи тарқалиши натижасида Россия ўзининг катта ҳудудларини йўқотган. Путин фикрича, СССР таркибидан чиққан республикалар ўзлари билан бирга Россия ерларини ҳам олиб чиқиб кетган. Таҳлилчилар бу фикрлар билан асосан Украина ва Қозоғистон назарда тутилганини айтиб ўтишмоқда.
Яқин йилларда Россия расмий шахслари ва турли даражадаги амалдорлар Қозоғистонга ҳам ҳудудий даъволар билан чиқишни бошлади. Масалан, 2020 йил декабрида Россия давлат думасининг илм-фан ва таълим қўмитаси раиси Вячеслав Никонов Қозоғистон ҳудудини “Россия ва Совет Иттифоқи томонидан берилган катта совға” деб атагани катта баҳсларга сабаб бўлди.
2022 йил январ ойида Қозоғистонда оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган пайтда ҳам, айрим россиялик депутатлар қўшни давлат ҳудудий яхлитлигига таҳдид солувчи баёнотлар билан чиқишган.
Тарихий архивлар ва бугунги воқеалар Россиянинг ҳудудий сиёсатдаги узвийлигини кўрсатади. Бу эса, айниқса, постсовет ҳудудида хавотирли тенденцияларни юзага келтирмоқда ва минтақавий барқарорлик учун жиддий хавф солиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!