date

Каннаваро Италиядан келган журналист билан суҳбатда нималар деди?

Каннаваро Италиядан келган журналист билан суҳбатда нималар деди?

Италиялик журналист Николо Де Девитиис Ўзбекистонга ташриф буюриб, “Фабио Каннаваро билан 24 соат” номли махсус кўрсатувни тасвирга олди. Ушбу лойиҳа орқали мухлислар нафақат машҳур мутахассиснинг кундалик фаолияти, балки Ўзбекистон терма жамоасидаги муҳит билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

Кўрсатув давомида Каннаваро меҳмонни Тошкентда шахсан кутиб олиб, миллий жамоанинг янги базаси, у ерда яратилган замонавий шароитлар ва машғулот жараёнлари билан таништирди. Шу билан бирга, у ўзининг ойлик маоши, жамоа олдига қўйилган вазифалар ва энг муҳими — Жаҳон чемпионатидаги мақсадлари ҳақида ҳам очиқ фикр билдирди.

Журналистнинг асосий қизиқишларидан бири — терма жамоамизнинг етакчи футболчилари билан учрашув эди. Каннаваро буни машғулотлардан кейинга қолдирди. Шундан сўнг Николо Элдор Шомуродов ва Абдуқодир Ҳусанов билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрлари ва кайфияти билан қизиқди.

Де Девитиис шунингдек, Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Габон ўйинини ҳам кузатди. Ўйиндан кейин у ҳазиломуз тарзда Каннаварога: “Кўрдингми, сен ғалаба қозондинг — мен омад олиб келаман!” деди. Италиялик мутахассис эса кулган ҳолда: “Шундай бўлса, сени Жаҳон чемпионатига ҳам олиб бораман”, дея жавоб қайтарди.

Суҳбат давомида Каннаваро жамоани рақобатбардош даражага олиб чиқиш устида иш олиб бораётганини таъкидлади. Унинг айтишича, мақсад — мундиалда Ўзбекистонни рақиблар учун ноқулай, жиддий куч сифатида намоён этиш.

Журналист шунингдек, Каннаваронинг футболчилик фаолиятига ҳам мурожаат қилди. У Италия билан қўлга киритилган жаҳон чемпионлиги, “Олтин тўп” тарихи ва Чемпионлар лигаси ҳақида фикрларини сўради. Қизиғи, Каннаваро жорий мавсумда ушбу мусобақа ғолиби сифатида “Бавария”ни тахмин қилди.

Қисқача айтганда, бу кўрсатув — оддий интервью эмас, балки Ўзбекистон футболининг ичига “кирган” репортаж. Каннаваро эса аниқ сигнал берди: бу жамоа ҳали кўпчиликни ҳайратда қолдиради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Каннаваро Италиядан келган журналист билан суҳбатда нималар деди?