Нигора Каримбоева: “Юлдузлик касалига учраган пайтим ҳам бўлган”

Актриса Нигора Каримбоева "Менинг ошхонам" лойиҳасида меҳмон бўлиб, ижодий фаолияти давомида бошдан кечирган мураккаб даврлари ҳақида очиқчасига сўзлаб берди.
Санъаткор “юлдузлик касали” деб аталадиган ҳолат унга ҳам бегона бўлмаганини яширмади:
“Ҳа, мен ҳам юлдузлик касалига учраганман. Буни тан оламан. Чунки бу ҳолат деярли ҳар бир санъаткор ҳаётида учрайди. Аммо кейинчалик ўзимни қўлга олдим, ўзимга келдим.”
Унинг айтишича, бу давр асосан ўрта ёшларига яқин — 30 ёшлар атрофида юз берган. Ўша пайтларда у кўплаб давлат фильмларида рол ижро этиб, турли кинофестивалларда қатнашган ва машҳурлик чўққисига чиққан.
“Баъзида кимдир бирор гап айтса, ичимда 'шуми, менга шуни раво кўрдингларми?' деган фикрлар ҳам бўлган. Ўша пайтда инсон ўзини бошқача тутиб қўяди,” — дейди актриса.
Нигора Каримбоева бу ҳолатнинг салбий оқибатлари ҳақида ҳам тўхталди:
“Юлдузлик касалига чалинган пайтингизда сизни 'тепадан ташлаб юборишади'. Қаерларгадир чақиришмайди, баъзи жойларда сизга бошқача назар билан қарашади. Ҳатто 'буни чақирманглар' деган гаплар ҳам бўлади.”
Актриса таъкидлашича, айнан шундай вазиятлар инсонни ўзига келиб олишига мажбур қилади:
“Шундан кейин аста-секин ўзингизга келасиз, ўзингизни йиғиштирасиз. Одамлар билан мулойим гаплашишни, оддий муомала қилишни ўрганасиз. Вақт ўтиб, ҳаммаси ўз ўрнига тушади.”
Суҳбат якунида у муҳим хулосани ҳам айтиб ўтди:
“Агар инсон шу пайтда ўзини қўлга олиб, ўзини йиғиштириб олмаса, санъатдан бутунлай йўқолиб кетиши мумкин.”
Мазкур самимий эътироф мухлислар томонидан илиқ кутиб олинмоқда ва санъат оламидаги кўплаб ёш ижодкорлар учун муҳим сабоқ бўлиб хизмат қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!