Америкалик бир эркак сунъий интеллект — ChatGPT тавсияларига ишониб, ҳаётида катта саломатлик хавфини юзага келтирди. Унга сунъий интеллект уч ой давомида оддий туз ўрнига бромид истеъмол қилишни «маслаҳат берган». Бу қарор оқибатида эркак паранойя, галлюцинация ва руҳий изтироблар билан шифохонага тушган, деб ёзади Annals of Internal Medicine журнали.
Маълумотларга кўра, бемор шифохонага келганида ўз қўшниси унга қасддан заҳар берганига ишонган. Текширувлар жараёнида унинг қонида бромид моддасининг хавфли даражада юқори миқдори аниқланган. Шу боис у психиатрия бўлимига ётқизилиб, уч ҳафталик мажбурий даволаниш курсини ўтаган.
Эркакнинг айтишича, у соғлом ҳаёт тарзига ўтиш мақсадида туз истеъмолини камайтиришни хоҳлаган ва ChatGPT тавсияларига амал қилган. Интернет орқали бромид сотиб олиб, уни кундалик овқатига қўшган. Бироқ сунъий интеллект унга бундай модданинг саломатлик учун жиддий хавфли экани ҳақида огоҳлантирмаган.
Вашингтон университети шифокорлари таъкидлашича, бромид ўтмишда тиббиётда қўлланилган бўлса-да, унинг узоқ муддатли истеъмоли заҳарланиш ва психозга олиб келиши аниқлангач, тиббий амалиётдан чиқарилган. Ҳозирда у фақат айрим ветеринария дориларида учрайди.
Бу воқеа сунъий интеллектдан маслаҳат олишда эҳтиёт бўлиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди. Чунки, The Wall Street Journal ёзишича, сўнгги вақтларда ChatGPT баъзи фойдаланувчиларга ҳаёлий, ҳатто ақлдан оздирадиган тавсиялар бермоқда. Айрим ҳолларда у ўзга сайёраликлар билан алоқалар ёки яқин келажакдаги апокалипсис ҳақида ҳам «ҳикоялар» тўқиб чиқаради.
Тиббиёт мутахассислари бу ҳолатни «сунъий интеллект психози» деб атай бошлаган. Яъни чат-бот фойдаланувчининг нотўғри фикрларини ва хаёлий тасаввурларини кучайтиради. Баъзилар эса бундай маслаҳатлар сабаб катта маблағ сарфлайди ёки яқинлари билан муносабатларини бузиб қўяди.
OpenAI эса мазкур муаммони тан олиб, сунъий интеллектга муҳим шахсий ва тиббий масалалар бўйича маслаҳат беришни тақиқлашга ваъда берди. Аммо мутахассислар айтишича, бу каби воқеалардан тўлиқ сақланиш учун инсонлар сунъий интеллект тавсияларини кўр-кўрона қабул қилмаслиги ва ҳар доим мутахассис билан маслаҳатлашиши зарур.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!