Япон футболи тарихидаги энг йирик ҳужумчилардан бири, миллий терма жамоа афсонаси Кунисигэ Камамото 82 ёшида вафот этди. Япония футбол ассоциацияси бу ҳақда расмий баёнот берди.
Маълумотларга кўра, собиқ футболчи пневмония туфайли ҳаётдан кўз юмган. Камамото 1968 йилги Мехико Олимпиадасида Японияга бронза медалини олиб келган таркибда асосий ҳужумчи сифатида ўйнаган. Ўша мусобақада у 7 та гол уриб, тўпурар бўлган.
Миллий терма жамоа сафида 76 та учрашувда майдонга тушган Камамото рақиблар дарвозасини 75 марта ишғол этган. Бу кўрсаткич ҳалигача Япония тарихида энг юқори натижа ҳисобланади.
Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг, у 1998–2008 йилларда Япония футбол ассоциацияси вице-президенти лавозимида ишлади. Шунингдек, 2002 йилги Япония ва Жанубий Корея ҳамкорликда ўтказган жаҳон чемпионати ташкилий қўмитасида фаолият юритди.
Камамотонинг ўлими нафақат Японияда, балки бутун Осиё футболида катта йўқотиш сифатида баҳоланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!