date

Европа ва Украина АҚШга урушни тугатиш режасини тақдим этди

Европа ва Украина АҚШга урушни тугатиш режасини тақдим этди


The Wall Street Journal (WSJ) нашри манбаларига таяниб хабар беришича, Европа давлатлари ҳамда Украина расмийлари АҚШ ҳукумат вакилларига Россия–Украина ўртасидаги қуролли можарони тугатишга қаратилган ўз таклиф ва йўл харитасини тақдим этди.

Маълумотларга кўра, Киев ва бир қатор Европа мамлакатлари можаро тарафларига ҳар қандай қўшимча чоралардан аввал ўт очишни тўхтатишни илк қадам сифатида амалга оширишни тавсия қилган. Шунингдек, иттифоқчилар ҳудудий масалаларда алмашинув фақат ўзаро асосда бўлиши зарурлигини таъкидлаган. Яъни, агар Украина муайян ҳудудлардан чиқишга мажбур бўлса, Россия ҳам бошқа назоратидаги ҳудудлардан чиқиши шарт деб кўрсатилган.

Режа шартларига мувофиқ, агар Киев ҳар қандай ҳудудий имтиёз ёки ён беришларга розилик билдирса, Украина қатъий хавфсизлик кафолатларига эга бўлади. Бу кафолатлар ичида эса мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши эҳтимоли ҳам тилга олинган.

Европа етакчилари ёрдамчилари мазкур режани 9 август куни Буюк Британияда ўтказилган музокаралар пайтида АҚШ томонига тақдим этган. Музокараларда шахсан АҚШ вице-президенти Жеймс Вэнс, видеоалоқа орқали давлат котиби Марко Рубио, шунингдек, президентнинг махсус вакиллари Кит Келлог ва Стивен Уиткофф иштирок этган.

WSJ ёзишича, Европа ва Украина вакиллари мазкур ҳужжатда Россия билан эҳтимолий музокаралар жараёнида инобатга олиниши лозим бўлган “қизил чизиқ”лар белгилаб берилган. Европа вакилларининг таъкидлашича, Украина тақдири Украина иштирокисиз муҳокама қилинмаслиги шарт. Шунингдек, Россия ва АҚШ ўртасида эришилиши мумкин бўлган ҳар қандай келишув Европа давлатлари иштирокисиз ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин. Бу ҳақда нашрга Европанинг юқори мартабали расмийси маълум қилган.

Аввалроқ, Россия–Украина урушини тўхтатиш бўйича АҚШнинг ўзи ишлаб чиққан режаси Россия президенти Владимир Путинга ҳам етказилгани ҳақида хабар қилинган эди. WSJ маълумотларига кўра, Путин Украинадан Донецк вилоятини тўлиқ равишда Россия таркибига ўтказишни талаб қилган. Шундан сўнг эса, Россия олдинроқ аннексия қилган Запорожье ва Херсон вилоятларида фронт чизиғини “музлатиш” таклифини илгари сурган.

Шу билан бирга, Украина президенти Владимир Зеленский 9 август куни ўз баёнотида мамлакат Россияга “ўз ҳудудларини совға қилиш нияти йўқ”лигини қатъий таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Украина ҳеч қачон босқинчи қўлига ўз заминини топширмайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европа ва Украина АҚШга урушни тугатиш режасини тақдим этди