Жаҳон сиёсат майдонида кескин муҳокамаларга сабаб бўлган янгилик — Арманистон ва Озарбайжон ўртасида йиллар давомида чўзилиб келган можарога нуқта қўйган тинчлик шартномасининг имзоланиши бўлди. Журналистлар ва сиёсий кузатувчиларнинг таъкидлашича, ушбу келишув нафақат Кавказ минтақасида янги даврни бошлади, балки у Арманистон раҳбариятининг АҚШ билан яқин муносабатларига оид тортишувларни ҳам келтириб чиқарди.
8 август куни Вашингтон шаҳрида, Оқ уйнинг тарихий залида, АҚШ воситачилигида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Маросимда АҚШ президенти Доналд Трамп, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев шахсан иштирок этдилар. Уларнинг қўл қўйиши билан расман амалга ошган битим, расмий баёнотларга кўра, икки давлат ўртасида 35 йилдан буён давом этиб келаётган қаршилик ва қуролли тўқнашувларга чек қўйди.
Доналд Трамп маросим чоғида нутқ сўзлаб, “Арманистон ва Озарбайжон йиллар давомида бир-бирига қарши жанг қилган эди, энди эса улар дўст бўлади ва бу дўстлик узоқ йиллар давом этади” дея таъкидлади. Шунингдек, у бу келишувни тарихий бурилиш нуқтаси сифатида баҳолади.
Сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, келишувнинг энг муҳими — Арманистон ҳудудидан ўтувчи Зангезур йўлагининг маълум қисми АҚШ компанияси ихтиёрига топширилиши ҳақидаги банддир. Ушбу йўналиш аллақачон “Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик йўли” деб номланди. Шартнома муддати эса 99 йилни ташкил қилади, бу эса уни янада баҳсли ва долзарб қилади.
Айрим экспертлар ва мухолифат вакиллари Никол Пашинянни “Арманистонни АҚШга сотганликда” айбламоқда. Уларга кўра, бу қадам мамлакат суверенитетига путур етказиши мумкин.
Шу билан бирга, маросим чоғида Арманистон, Озарбайжон ва АҚШ ўртасида тинчлик тамойилларини белгилайдиган қўшма декларация ҳам имзоланди. Унда қуролли ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш, икки давлат ўртасида савдо ва иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, ҳозирги чегаралардаги ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олиш каби муҳим пунктлар акс этди.
Учрашувдан сўнг Доналд Трамп АҚШнинг Озарбайжон билан ҳарбий ҳамкорликка қўйган вақтинчалик чекловларини бекор қилаётганини маълум қилди. Шунингдек, АҚШ компаниялари томонидан Арманистон ва Озарбайжон инфратузилмасини ривожлантиришга йирик сармоя киритиш режалаштирилгани айтилди.
Маросим якунида Трамп икки давлат раҳбарларига мурожаат қилиб, “Икковингиз ҳам тинч-тотув яшайсизлар. Агар қандайдир муаммо чиқса, менга қўнғироқ қилинг, барчасини тузатаман”, дея ишонч билдирди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!