Каталониянинг энг машҳур клуби “Барселона”да сўнгги ҳафталарда мухлислар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган мавзулардан бири — дарвозабон Марк-Андре тер Штегеннинг сардорлик борасидаги ҳолати — ниҳоят ойдинликка эга бўлди. Клуб президенти Жоан Лапорта ушбу вазият юзасидан расмий изоҳ берди.
Лапортага кўра, немис посбони ҳеч қандай иккиланишсиз жамоанинг асосий сардори сифатида қолади. “Илгари келиб чиққан келишмовчиликлар энди тарихда қолди. Марк яна бир бор майдонда ҳақиқий етакчи эканини намойиш этди ва бунга мухлислар ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишди. У клубда 11 йилдан бери садоқат билан ўйнаб келмоқда, унинг яна сардорлик вазифаларига қайтганидан чин дилдан мамнунман”, — деди Лапорта.
Президент шунингдек, тер Штегеннинг соғлиғи билан боғлиқ айрим омилларни ҳам тилга олди. Унинг сўзларига кўра, агар Ла Лига тиббий комиссияси рухсат берса, “Барселона” қўшимча тарзда Жоан Гарсияни рўйхатдан ўтказиш ниятида. Бу, айниқса, мавсум давомида жамоанинг дарвозабон позициясида барқарорликни таъминлаш учун муҳим ҳисобланади.
Лапорта қолган трансфер ишлари бўйича ҳам мухлисларни хабардор қилди. Унинг таъкидлашича, агар биринчи турга қадар барча келишувлар якунланмаса ҳам, клубда ҳали етарлича вақт мавжуд ва иш жараёни тўхтамасдан давом этади.
Эслатиб ўтамиз, тер Штеген яқинда орқа умуртқасидаги жароҳати сабабли операция қилдирган эди. Шу жараёнда у Ла Лига тиббий комиссияси учун зарур бўлган айрим ҳужжатларни имзолашдан бош тортган. Бу ҳолат янги дарвозабон Жоан Гарсияни рўйхатга олиш жараёнида маълум муаммоларни келтириб чиқарганди. Натижада, вақтинчалик равишда тер Штегендан сардорлик боғичи олиб қўйилган, аммо кейинчалик барча келишмовчиликлар ҳал этилиб, у яна сардорлик шарафини тиклаб олди.
Энди эса “Барселона” мухлислари ўз етакчисини яна сардорлик мақомида кўришдан мамнун ва клуб олдидаги янги мавсум учун умидлар янада ортиши табиий.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!