date

Рақамли тузоқ: Кибержиноятлар Ўзбекистонга қанчага тушгани аниқланди

Рақамли тузоқ: Кибержиноятлар Ўзбекистонга қанчага тушгани аниқланди

Ўзбекистонда рақамли макон билан боғлиқ жиноятлар йил сайин жиддий муаммога айланиб бормоқда. Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, сўнгги беш йил ичида кибержиноятлар сони деярли ўн бараварга ошган.

Аниқ рақамларга кўра, 2021–2025 йиллар оралиғида республика бўйича кибержиноятлар 4 минг 865 тадан 62 минг 440 тага етган. Бу жиноятлар натижасида фуқароларга жами 3 триллион 730 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Шундан қарийб 1 триллион 890 миллиард сўм фақат жорий йилнинг 11 ойи ҳиссасига тўғри келиши ҳолатнинг қанчалик жиддий эканини кўрсатади.

Мутахассислар таъкидлашича, кибержиноятларнинг асосий қисми фуқароларнинг банк ҳисобварақларидан пулларни ноқонуний ечиб олиш, фирибгарлик, фишинг ҳамда крипто-активлар билан боғлиқ қонунбузарликларга тўғри келмоқда. Айниқса, интернет орқали ишонч қозониб, шахсий маълумотларни қўлга киритишга қаратилган схемалар кўпайиб бормоқда.

Ушбу таҳдидларга қарши самарали курашиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни кучайтирган. Халқаро тажриба алмашиш, етакчи мутахассисларни жалб этиш ва замонавий билимларга эга кадрлар тайёрлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Хусусан, вазирлик академиясида “Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” йўналиши ташкил этилди. Бу йилдан бошлаб ушбу соҳада 100 нафар қўшимча курсант таҳсил олишга қабул қилинди.

Бундан ташқари, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини муваффақиятли якунлаган иқтидорли ёшларни академиянинг мазкур йўналишига қабул қилиш механизми жорий этилди. Бу орқали рақамли хавфсизлик соҳасида маҳаллий мутахассислар захирасини шакллантириш мақсад қилинган.

Ахборот технологиялари орқали содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш учун махсус рақамли лаборатория ҳам ишга туширилди. Унинг фаолияти давомида фуқароларга катта зарар етказган 483 та фишинг туридаги зарарли дастур аниқланиб, уларнинг фаолияти тўхтатилди.

Шунингдек, крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ қонунбузарликлар бўйича 2 минг 424 та жиноят фош этилди. Жиноий йўл билан орттирилган 76 миллиард сўм маблағнинг криптовалюта кўринишида республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди.

Кибермаконда жамоат тартибига таҳдид солувчи, шахс шаъни ва қадр-қимматини камситувчи материаллар тарқатаётган 3 минг 843 та интернет ресурси блокланди. Шунингдек, фирибгарликка ундайдиган 1 минг 508 та зарарли ҳаволанинг фаолияти чекланди.

Мутахассислар фикрича, киберхавфсизлик масаласи эндиликда фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки ҳар бир фуқаронинг онгли муносабатини талаб қилади. Интернетдан фойдаланишда эҳтиёткорлик, шахсий маълумотларни асраш ва шубҳали ҳаволалардан узоқ туриш кибержиноятларга қарши энг самарали чоралардан бири бўлиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Рақамли тузоқ: Кибержиноятлар Ўзбекистонга қанчага тушгани аниқланди