date

Энг хавфсиз мамлакатлар рейтенгида Ўзбекистон нечанчи ўринда эканлиги эълон қилинди

Энг хавфсиз мамлакатлар рейтенгида Ўзбекистон нечанчи ўринда эканлиги эълон қилинди

Иқтисодиёт ва тинчлик институти (Institute for Economics & Peace, IEP) томонидан мамлакатларнинг хавфсизлик ҳамда барқарорлик даражасини баҳоловчи Global Peace Index 2025 рейтинги расман эълон қилинди. Жорий йилги тадқиқот 163 та давлат ва ҳудудни қамраб олган бўлиб, улар жаҳон аҳолисининг қарийб 99,7 фоизини ташкил этади. Бу эса рейтингни глобал миқёсда энг ишончли таҳлиллардан бирига айлантиради.

Ҳисоботда таъкидланишича, дунё умумий манзарада тобора хавфли тус олмоқда. Тадқиқот муаллифлари фикрига кўра, глобал тинчлик даражаси кетма-кет олтинчи йил давомида пасайишда давом этмоқда. Айниқса, йирик минтақавий ва халқаро можароларга олиб келувчи омиллар ҳозиргача кузатилмаган даражада юқори нуқтага чиққан.

Тинчлик индекси қандай шакллантирилади?

Global Peace Index 23 та асосий кўрсаткичга таянилган ҳолда ҳисоблаб чиқилади. Ушбу кўрсаткичлар учта йирик гуруҳга бирлаштирилган:

— жамоат хавфсизлиги ва аҳолининг ҳимояланганлик даражаси;

— ички ва халқаро можароларнинг мавжудлиги ҳамда уларнинг кўлами;

— мамлакатнинг милитаризация даражаси.

Таҳлил жараёнида ҳарбий харажатлар ҳажми, можаролардаги қурбонлар сони, жиноятчилик ҳолатлари каби аниқ статистик маълумотлар билан бирга, халқаро экспертларнинг баҳолари ҳам инобатга олинади. 2025 йил натижаларига кўра, дунё бўйича ўртача тинчлик кўрсаткичи 0,36 фоизга ёмонлашгани қайд этилди.

Дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлар

Рейтингнинг мутлақ етакчиси яна бир бор Исландия бўлди. Бу мамлакат кетма-кет 17 йил давомида дунёдаги энг тинч давлат сифатида ўз мақомини сақлаб келмоқда. Шунингдек, 2025 йилда энг тинч беш мамлакат қуйидагича шаклланган:

-Исландия;

-Ирландия;

-Янги Зеландия;

-Австрия;

-Швейцария.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, ушбу давлатлар “ижобий тинчлик”нинг юқори даражаси билан ажралиб туради. Яъни, барқарор институтлар, жамият ичидаги ишонч муҳити ва зўравонлик ҳолатларининг паст даражаси бу мамлакатларнинг асосий устун жиҳатлари ҳисобланади. Ғарбий ва Марказий Европада хавфсизлик даражаси сўнгги тўрт йилда бироз пасайганига қарамасдан, бу ҳудуд ҳанузгача дунёдаги энг тинч минтақа сифатида баҳоланмоқда.

Энг хавфли мамлакатлар қайсилар?

Рейтингнинг қуйи қисмида эса хавфсизлик нуқтаи назаридан энг оғир вазият кузатилаётган давлатлар жой олган. Улар орасида:

-Россия;

-Украина;

-Судан;

-Конго Демократик Республикаси;

-Яман.

Мутахассислар бу мамлакатларда давом этаётган қуролли тўқнашувлар, сиёсий беқарорлик ва гуманитар инқирозлар тинчлик даражасига жиддий салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этган.

Ўзбекистоннинг натижаси қандай?

2025 йилги Global Peace Index рейтингида Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан икки поғона юқорилаб, умумий ҳисобда 64-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич мамлакатда хавфсизлик ва барқарорлик йўналишида муайян ижобий силжишлар мавжудлигини англатади.

Марказий Осиё давлатлари орасида рейтинг қуйидагича тақсимланган:

Қозоғистон – 56-ўрин;

Қирғизистон – 78-ўрин;

Тожикистон – 79-ўрин;

Туркманистон – 78-ўрин.

Мутахассислар минтақада хавфсизлик масалалари кўп жиҳатдан ижтимоий барқарорлик, иқтисодий ислоҳотлар ва давлат институтларининг самарадорлигига боғлиқ эканини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Энг хавфсиз мамлакатлар рейтенгида Ўзбекистон нечанчи ўринда эканлиги эълон қилинди