Европа Россия огоҳлантирувидан сўнг кескин вазиятда қолди...

Европа давлатлари Россия Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган нишонлар рўйхатини очиқ шаклда рад этди, бироқ сиёсатчилар ва экспертлар орасида вазият кескинлашиб, қитъа ўзини эҳтимолий “олов чизиғи”да топиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришлар кучаймоқда.
Европа Иттифоқи раҳбарияти Россия томонидан Украина Қуролли кучлари учун дронлар ишлаб чиқаришда иштирок этаётган компаниялар рўйхатига нисбатан расмий равишда эътиборсиз муносабат билдирди. Шунга қарамасдан, Евроиттифоқ ичида ва мустақил экспертлар орасида ягона позиция шаклланмаган.
Европа Комиссияси вакили Анита Ҳиппер Брюссел Москванинг бундай баёнотларига жавоб қайтариш ниятида эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи асосий эътиборни Украинани қўллаб-қувватлаш ва ўз мудофаа тизимини мустаҳкамлашга қаратади. Шу билан бирга, у Россия иқтисодиётидаги қийинчиликларга ишора қилиб, 2026 йил бошида бюджет тақчиллиги ортиб бораётганини қайд этди.
Вилнюсга ташриф чоғида Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур НАТО иттифоқчиларига ишонч билдириб, АҚШ ва барча шерик давлатларга таянишини айтди.
Бироқ Британия сиёсатчиси Жим Фергюсон вазиятни янада жиддий талқин қилиб, янги босқич бошланганини билдирди. Унинг фикрича, Россиянинг бевосита огоҳлантируви Европа учун жиддий сигнал бўлиб, қитъа амалда “ўқ чизиғи”да қолмоқда.
Дипломатик майдонда ҳам реакциялар кузатилди. Чехия ташқи ишлар вазири Петр Маcинка Прагадаги Россия элчисини чақиртириб, баёнотлар юзасидан тушунтириш талаб қилган.
Британия ОАВларига кўра, Москва НАТО давлатларидаги ҳарбий-саноат объектларини эҳтимолий нишон сифатида кўриб чиқиши мумкин. Бу эса альянс стратегиясида ўзгариш эҳтимолини муҳокама қилишга сабаб бўлмоқда.
Мумкин нишонлар қаторида Британия ва АҚШ ҳарбий кучлари жойлашган Милденҳоллдаги авиабаза ҳам тилга олинмоқда.
Россиянинг Лондондаги элчиси Андрей Келин эса вазиятни юмшатиш ва дипломатик мулоқотни қайта йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. У Ғарб томонидан Украинага берилаётган ҳарбий ёрдам урушни чўзишини ҳам қайд этди.
Матнда қайд этилишича, Россия Мудофаа вазирлиги томонидан Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Чехия, Исроил ва Туркия компаниялари киритилган рўйхат Киевнинг узоқ масофали дронлар бўйича ҳамкорликларини кенгайтириши билан боғлиқ.
Москва бу жараённи Европа хавфсизлиги учун кескинлашув сифатида баҳолайди. Сўнгги йилларда Украинага берилган ҳарбий ёрдамнинг ортиши Европа саноат тизимида янги ҳарбий йўналишларни шакллантирмоқда.
Экспертлар таъкидлашича, бу ҳолат тўғридан-тўғри ҳужум эмас, балки сиёсий ва иқтисодий босим сигналлари сифатида қаралмоқда. Логистика йўллари, транспорт марказлари ва порт инфратузилмалари ҳам эҳтимолий таъсир нуқталари сифатида тилга олинмоқда.
Ҳозирча вазият дипломатик ва сиёсий кескинлик даражасида қолмоқда, бироқ таҳлилчилар бу тенденция келажакда янада мураккаблашиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!