"Реал" клуби жамоани бошқариш учун янги мураббий излашга киришди

Жорий мавсумда йирик совринлар учун кутилган натижаларга ета олмаган “Реал” клуби раҳбарияти жамоани қайта жонлантириш мақсадида бош мураббий масаласини жиддий қайта кўриб чиқмоқда. Ҳозирги ҳолатда клубда янги энергия, кучли таъсир ва футболчиларга илҳом бера оладиган мутахассисга эҳтиёж сезилмоқда.
Маълумотларга кўра, мадридликлар фақат ички бозор билан чекланиб қолмасдан, хориждан ҳам номзодлар ўрганилмоқда. Яъни клуб раҳбарияти катта тажриба ва юқори даражадаги босимни кўтара оладиган мураббийни топишга уриняпти.
Манбалар қайд этишича, жамоа ўйинчилари аввалги даврда Хаби Алонсо қўл остида ўзларини бироз “зерикарли тизим” ичида ҳис қилган. Тактик ёндашувлар барқарор бўлса-да, ҳужумкорлик ва эркинлик етишмагани айтилади.
Шу билан бирга, ҳозирги бош мураббий Альваро Арбелоа ҳам кийиниш хонасида тўлиқ ишонч қозона олмаган. Футболчиларнинг бир қисми уни клуб даражасига тўлиқ мос эмас, деб баҳоламоқда. Айрим фикрларга кўра, у ҳали элита клубни бошқариш учун етарли тажрибага эга эмас.
Эътиборли жиҳати шундаки, испаниялик мутахассисни баъзи футболчилар ҳеч қачон топ-даражадаги стратег сифатида қабул қилмагани ҳам айтилади. Бу эса жамоа ичидаги муҳитга ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, клуб ҳозирча Испания ичида реал муқобил вариантлар кўрмаяпти ва асосий эътиборни халқаро номзодларга қаратмоқда. Арбелоа эса январь ойидан буён жамоани бошқариб келаётган бўлса-да, кутилган катта ўзгаришларни амалга ошира олмаган. Шу сабабли унинг лавозими ҳам барқарор эмас, вазият “осилиб турган курсидек” давом этмоқда.
Қисқаси, “Реал”да навбатдаги давр бошланиши арафасида турибди — қарорлар қаттиқ, талаблар эса одатдагидек максимал.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!