23:50 / 22.04.2017
6 753

Шимолий Корея танглиги: АҚШ бу таҳдид олдида чорасизми?

Шимолий Корея танглиги: АҚШ бу таҳдид олдида чорасизми?
Агар Пхеньян ядро қуроли ва баллистик ракеталарга эга бўлганига ўн йилдан ошиқроқ вақт бўлгани инобатга олинса, нега саросима келиб-келиб энди юз бермоқда? Чунки Шимолий Корея ядро соҳасида катта қадам ташламоқчи. Режим АҚШгача етиб борадиган қатъалараро баллистик ракета яратишга яқинлашгани ҳақида очиқчасига баёнот бермоқда — Ким Чен Ин хоҳлаган вақтда бир тугмачани босиш билан Американинг исталган шаҳрининг кулини кўкка совуриши мумкин экан.

Шимолий Кореядагилар ёлғондакам дўқ қилишаётгани йўқ асло. Улар зудлик билан жанговар ҳолатга келтирилувчи қаттиқ ёқилғили ракеталар ишлаб чиқариш борасида катта муваффақиятларга эришишган, бинобарин, уларни яшириш осон ва рақиб учун уларни ахтариб топиш ҳамда огоҳлантирувчи зарба бериш мураккаблашган.

Бунга яраша, Пхеньян ўз ядро арсеналини оғишмасдан бойитиб келмоқда. Бугун Шимолий Корея 10–16 та ядро каллакларига эга. 2020 йилга бориб улар 100 та атом бомбаси ишлаб чиқариши мумкин (маълумот учун — Буюк Британияда айни пайтда 200 та атом бомбаси борлиги тахмин қилинади).

Танглик шунинг учун рўй бермоқда. Биз Ким Чен Инга Америка шаҳарларини вайрон қилиш имкониятини тақдим этмаслигимиз керак, — деб ёзади The Washington Post мухбири Чарлз Краутҳаммер.

Айримлар “босиб туриш” сиёсатини сақлаш зарурияти ҳақида қатъий фикрга эга. Агар бу сиёсат шунча йиллар мобайнида хитойликлар ва русларни тийиб турган бўлса, нега у шимолий кореяликларга нисбатан қўлланилмаслиги керак?

Биринчидан, босиб туриш — собиқ Совет иттифоқи каби соғлом фикрловчи рақиб ҳақида гап кетганида ҳам — доим муваффақиятни кафолатламайди. 1962 йилда биз ядро уруши бўсағасига бир бориб қайтганмиз.

Иккинчидан, Шимолий Кореядаги режим ҳаддан зиёд ғалати. Ташқи дунё учун ёпиқ бу мамлакатни хатти-ҳаракатларини олдиндан айтиб бўлмайдиган, жуда золим ва қаттол, «ўзини худо деб билувчи подшо» бошқаради. Калигулага ишонишнинг ўзи етарли эмас. Топинишга асосланган бу режим ёввойи; мамлакат аҳолиси эса — робот-инсонлар. Карен Элиот Ҳаус бир пайтлар Саддам Ҳуссайн Ироқи улкан қамоқхона бўлса, Шимолий Корея — чумолилар колониясининг ўзи, деган таърифни келтирган эди.

Колонияларда эса самарали тийиб туриш тизими ва посанги бўлмайди.

Агар тийиб туришнинг иложи бўлмаса, демак уни бартараф этиш керак. Лекин қандай қилиб? Энг катта умид Хитойдан — у Шимолий Кореяга таъсир ўтказиб, уни ўз ядро дастуридан воз кечишга мажбурлаши керак.

Кўп йиллар мобайнида хитойликлар Пхеньянга пўписа қилишга уриниб келишган, лекин бирорта қатъий қадам қўйишгани йўқ. Бунинг учун уларда етарли сабаблар бор. Хитой Ким режимининг қулаши ортидан қочқинларнинг ёпирилиб келишидан қўрқмайди, гап бунда эмас. Муаммо яна шундаки, Пхеньян америкаликлар кўзига кирган абадий қум зарраси, режим касодга учраса Жанубий Корея (демакки, АҚШ) Хитой ва КХДР чегарасини аниқлаб берувчи Ялуцзянг дарёси жанубий қирғоқларига келиб жойлашади.

Нима учун хитойликлар ўз зарарига ёрдам бериши керак?

Бир неча сабабларга кўра.

Улар муносабатларнинг таранглашишига қарши эмас, лекин уларга уруш ҳам керак эмас. Уруш хавфи эса ортиб бормоқда. Улар билишадики, америкаликлар учун қитъалараро баллистик ракета билан ўққа тутилиш хавфи мутлақо йўл қўйиб бўлмас ҳолат. Оқ уйнинг ҳозирги маъмурияти эълон қилинмаган «қизил чизиқ»ни босиб ўтмасликка алоҳида жиддийлик билан ёндашмоқда.

Минтақада Шимолий Корея ядро қуролига қарши аксилракета мудофааси тизимини яратиш Хитой манфаатларига путур етказади. Жанубий Корея иложи борича тезроқ атмосфера ортидаги баландликда ўртача узоқликдаги ракеталарни тутиш учун ерда кўчма аксилракета комплекси THAAD’ни жорий этмоқчи. Япония ҳам шу ишни қилади. THAAD тизимининг стратегик вазифаси Шимолий Корея ҳудудидан учирилган ракеталарни нишонга олиш ва уриб туширишдан иборат бўлса-да, ҳар қандай ракета қалқони каби у Хитойнинг ядро арсенали кучини, Хитой ракеталарининг мудофаа тизимларини ёриб ўтиш қобилиятини сусайтиради.

Хитой учун ҳаракатлардан бош тортиш, Америка тактик ядро қуролларининг 1991 йилда олиб чиқиб кетилган Жанубий Кореяга қайтарилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Агар танглик янада чуқурлашадиган бўлса, Жанубий Корея, энг муҳими Япония ҳам ядро қуроли ишлаб чиқаришга мажбур бўлади. Бу эса Хитойнинг энг қўрқинчли тушларидан бирининг ўнгидан келиши бўлади.

Бу Америка томонидан ўйин давомида фойдаланса бўладиган асосий карталар. Биз ўз олдимизга аниқ мақсад қўйиб олишимиз керак. Энг камида Пхеньян томонидан ядро синовларини ўтказилишининг музлатиб қўйилишига эришиш. Максимум вазифа — режимни ўзгартириш.

Модомики, Пекин Шимолий Кореяда ҳозирги режимнинг сақланиб туришидан манфаатдор экан, биз Кореяни бирлаштириш ғоясидан воз кечишни ваъда бериб, режимни ағдариш режаси йўлида уларга пешвоз чиқишимиз мумкин. Янги Шимолий Корея коммунистик давлатни «ютиб юбориш» йўли билан Ғарб давлатига айланган Германиядек бўлмайди. Бизни Шимолий Корея «финландиясимон» мустақил давлат, яъни эҳтиёткор, қудратли қўшниларига нисбатан бетараф давлат сиёсат юритувчи, уларга баъзи ўринларда ён берадиган давлат бўлишини қониқтиради.

Совуқ уруш йилларида Финландия (келишувга кўра) мустақил давлат бўлган, бироқ ташқи сиёсат масалаларида доимо советларга ён босган. Ушбу ҳолатда биз янги Шимолий Корея мустақил бўлиши, бироқ доимо Хитойга қараб иш тутувчи бўлишини кафолатлашимиз керак. Масалан, янги режим ҳар қандай альянсларга аъзо бўлишдан умрбод бош тортиши керак.

Бу ерда келишиб олиш зарур. Келишувлар Америка Қўшма Штатларининг қатъияти намойиши билан мустаҳкамланиши лозим. Шимолий Кореянинг ядро объектлари ва ракета мажмуаларига огоҳлантирувчи зарба бериш жуда хавфли, чунки бу Жанубий Кореяга миллионлаб жабрланувчиларнинг оқиб келишига сабаб бўлади. Тўғри, биз Шимолий Корея ракеталари парвози траекториясининг ўртасида уриб туширишга уринишимиз, бу билан шимолликларга техник томондан йўқ қилиш мумкин бўлган ракета кучларининг самарасизлиги ва бизнинг мудофаа қобилиятимизни кўрсатиб қўйишимиз ҳам мумкин.

Корея танглиги ҳақиқатдан ҳам мавжуд ва у ошиб бормоқда. Лекин биз чорасиз эмасмиз. Бизда танлов бор. Бизнинг куч ва воситаларимиз бор. Улардан фойдаланишга фурсат етган.

Манба: www.kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шимолий Корея танглиги: АҚШ бу таҳдид олдида чорасизми?