20 январь куни Туркия Қуролли кучлари самолётлари Сурия шимолидаги Африн минтақасига авиазарбалар берди. Турк авиацияси ҳудуддаги курдларнинг юздан ортиқ позицияларига ҳужум уюштирган.
Туркиянинг бу қарори АҚШ Сурия шимолида ИШИДга қарши кампания номи остида курдлар армиясини тузиш ҳаракатларига жавобан амалга оширилди. Туркия ўзининг жанубий чегаралари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Сурия шимолида буфер зона ташкил қилиш борасидаги ҳаракатларини давом эттирмоқда.
«Зайтун новдаси» амалиёти
Бир ҳафта муқаддам ОАВда АҚШ Сурия шимолида хавфсизликни таъминлаш мақсадида 30 минг кишилик армия тузиши, бу армия асосан курдлардан ташкил топиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарлар ортидан Туркиянинг турли ҳудудларидаги ҳарбий техниклара Сурия билан чегарага ҳудудига кўчирила бошланди. Бир неча марта Сурия шимолига артиллериядан ўт очилди.
АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон эса америкаликлар Сурия шимолида армия тузмоқчи экани ҳақидаги хабарларни рад этди.
«Бу тўқиб чиқарилган гаплар. Айримлар ўзича баёнот берган. Биз чегарада ҳеч қандай хавфсизлик кучларини тузишни режалаштирмагандик», — дейилганди АҚШ Давлат департаменти баёнотида.
Шунингдек, Давлат департаменти матбуот котиби Хизер Нойерт Анқарани Сурия ва Туркия чегарасида яшовчи курдларга ҳужум қилмасликка чақирди. Аммо Туркия «Фрот қалқони» типидаги амалиётни бошлаб бўлганди («Фрот қалқони» 2016 йил ёзидан 2017 йил мартига қадар олиб борилган. Ўшанда ИШИДга қарши ҳарбий амалиёт номи билан Сурия шимолига кирган турклар курдларнинг ҳарбий бўлинмаларига қарши ҳам уруш олиб борганди).
20 январь куни аввалига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Сурия шимолида ҳарбий амалиёт бошланиб бўлганини маълум қилди. Кўп ўтмасдан Туркия бош штаби Афринда «Зайтун новдаси» номли ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилди. Туркия ҳарбийлари баёнотида бу амалиёт «Сурия яхлитлигини ҳурмат қилган ҳолда» олиб борилиши маълум қилинган.
Россия реакцияси
Башар Асад режими иттифоқчиси ҳисобланадиган Россия Африндаги зиддиятга аралашмасликни маъқул кўрди.
Туркия ҳужум бошлаши арафасида Россия Мудофаа вазирлиги Арбиндаги ҳарбийларини Талль-Аджар ҳудудига кўчирди.
Россиялик ҳарбийлар баёнотида Туркиянинг амалиётига АҚШнинг Сурия шимолида курд ҳарбий бўлинмаларини шакллантириш учун назоратсиз қурол етказиб бераётгани сабаб бўлгани айтилди.
«Пентагон Сурия шимолидаги америкапараст кучларга замонавий қуролларни етказиб беришдаги бемисл ҳаракатлар — жумладан, ракетага қарши мудофаа тизимини етказиб бериш — минтақадаги вазиятни таранглаштириб, туркиялик ҳарбийларнинг махсус амалиёт бошлашига сабаб бўлди. Америкаликларнинг бундай масъулиятсиз ҳаракатлари Сурияда тинчликка эришиш бўйича ҳаракатларга путур етказди», — дейилган баёнотда.
Дамашқ реакцияси
Афринда ҳарбий ҳаракатлар бошланиши расмий Дамашқ томонидан Сурия суверенитетига қарши агрессия сифатида баҳоланди. Бу ҳақда Сурия ТИВ раҳбари Фейсал Микдад баёнотида айтилди.
«Биз Туркия раҳбариятини огоҳлантирамиз: уларнинг Африндаги ҳарбий ҳаракатлари, турк армиясининг Сурия ҳудуди яхлитлигига ҳужум сифатида қабул қилинади», — деди дипломат.
Ундан аввалроқ Сурия ҳукумати Туркиянинг ҳар қандай ҳарбий кампаниясига қарши чора кўрилиши, Сурия осмонига кирган турк самолётлари уриб туширилишидан огоҳлантирганди.
Туркиянинг мақсади нима?
Туркия Сурия шимолидаги курдлар ташкилотлари бўлмиш «Демократик иттифоқ» (PYD) партияси ва «Халқ ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари» (YPG)ни 1984 йилдан буён алоҳида курдлар давлати тузиш мақсадида ҳаракат қилиб келадиган Курдистон Ишчилар партияси билан алоқадор ҳисоблайди. Аммо Сурия курдлари буни инкор этади.
Минтақадаги вазият Туркиянинг НАТО бўйича иттифоқчиси саналадиган АҚШ билан зиддиятига олиб келади. Америка курдларни анчадан буён қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Туркия 2012 йилдан Сурия билан чегарадаги курдларни ичкарироққа кетказиш учун фаол ҳаракатларни бошлаган. Кейинги икки йилда бу ҳаракатлар янада фаоллашди. 2016 йилда ИШИДга қарши кампания («Фрот қалқони») доирасида Туркия қўшинлари курдлар назоратида бўлган Жаралбус ва Ал-Боб шаҳарларини эгаллаб олди ва ўз иттифоқчиси бўлмиш «Сурия озодлик армияси» вакилларига топширди.
Курдларни турклардан ҳимоя қилиб келадиган АҚШ ўшанда курдларни Африндан кетказишга кўндиришни ваъда қилиб, бу ҳудудга турклар ҳужуми давом этишини тўхтатганди. Шунингдек, асосий аҳолиси араблардан иборат Манбиж шаҳрига ҳужумнинг олди олинганди. АҚШ курдларни Фрот дарёсининг шарқига кетишга кўндирганди. Аммо Туркиянинг иддао қилишича, бугунги кунга қадар курдлар Фротнинг ғарбий соҳилида ҳам ўз позицияларини сақлаб қолишган.
Туркия томони маълумотига кўра, Афринда 10 мингга яқин курд жангчилари мавжуд.
Шу тариқа, Пентагонни ўз ваъдаларини бажармасликда айблаган Туркия Сурияга кирди.
Туркия президенти Ғарбни террорчилар ҳомийси деб атади ва икки хил баёнот беришда айблади.
«Аввалига Сурия шимолида қандайдир армия ташкил этишларини айтишди. Кейин ўз гапларидан тонишди», — деди у.
Туркия раҳбари Африндан кейин туркиялик ҳарбийлар Манбижга юриш қилишини маълум қилди. У Вашингтон курд жангчиларини ҳудуддан олиб кетиш бўйича ваъдани бажармагани учун, Анқара энди барча ишни ўз қўлига олишини эълон қилди.
«Ваъда бўлганди. Аммо Манбиж бўйича берилган ваъдалар бажарилмади, шу туфайли Анқаранинг кейинги қадамларини қоралашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», — деди Эрдўған.
Буфер зона
Юқорида айтилганидек, Туркия Сурия шимолини тозалашни анчадан буён мақсад қилиб келади. Курдлар анклави Туркия хавфсизлиги учун ҳақиқий таҳдиддир, агар курдлар давлати тузилса, Туркиянинг шарқидаги курдлар ҳам бу давлатга қўшилиб кетиши таҳдиди пайдо бўлади.
Туркия ўз ҳаракатлари билан Сурия шимолида буфер зона ташкил қилишга интилмоқда. Турклар бу ҳудудга фуқаролар уруши вақтида ўз ҳудудида келиб ўрнашган суриялик қочқинларни жойлаштириши мумкин.
Туркия учун Афринни қўлга олиш стратгик жиҳатдан ҳам муҳим ҳисобланади. Суриядаги таъсир доираси бўйича Туркия бошқа иштирокчилардан ортда қолган. Эрон ва Россия тўғридан-тўғри Башар Асадни ўз таъсирига олган, АҚШ Сурия шимолини. Африн Туркия учун Идлибни бирлаштиришдаги муҳим нуқта ҳисобланади. Идлиб бирлаштирилса Туркия ўзининг жанубий чегаралари хавфсизлигидан буткул хотиржам бўлиши мумкин.
Туркия Африндаги амалиёт қачон якунланишини аниқ маълум қилмаган. Туркия бош вазири ўринбосари Бекир Бўздоғ ҳарбий ҳаракатлар мақсадга эришилганидан кейин тўхташини айтган. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади