09:08 / 14.03.2018
3 998

Тиллерсон нега Трампга тўғри келмади?

Тиллерсон нега Трампга тўғри келмади?
АҚШ президенти Доналд Трамп Рекс Тиллерсонни Давлат департаменти раҳбарлигидан истеъфога чиқарди.

Рекс Тиллерсон аввалдан Дональд Трамп билан зиддиятда бўлган
ExxonMobil нефть компаниясининг собиқ раҳбари бўлган Рекс Тиллерсон АҚШ президенти Дональд Трампнинг жамоасидаги энг сара кишилардан эди. У ҳам Трамп жамоасидаги бошқалар каби аввал давлат ишида ишламаганди, аммо у бундан хижолат бўлмаса ҳам бўларди.

Давлат департаментини бошқарар экан, Тиллерсон сифатли кадрлар етишмовчилиги муаммосига дуч келди. Чунки, эски кадрларнинг аксар қисми Трамп маъмуриятида ишлашни истамади. Дипломат сифатида у мўътадиллик позициясини тутди ва президентнинг баёнотларига тез-тез эътирозлар билдириб турди. Масалан, 2017 йил ёзида Трамп твиттерида КХДР раҳбари Ким Чен Инга янги лақаб ўйлаб топганида, Тиллерсон шимолий кореялик дипломатлар билан алоқа қилиб, вазиятни юмшатганди.

ExxonMobil ҳақидаги китоб муаллифи Стив Колл Bloomberg учун берган интервьюсида Тиллерсоннинг компанияда ўта самарали иш юритгани, у барча ходимларини ўз жойида ишлата олгани баён қилинган. Аммо у Давлат департаментида бунга эриша олмади: бу ерда унинг атрофидаги маслаҳатчилар дипломатик хизматда тажрибасиз эди, шу туфайли у керакли жойларга керакли одамларни қўя олмади.

Аммо бу Тиллерсоннинг ягона муаммоси эмасди. У Оқ уй маъмуриятидаги Трамп билан яқиндан таниш бўлмаган камдан-кам одамлардан бири эди. Трамп унинг фикрига қулоқ тутмас, уларнинг орасида турли масалаларда айрича қарашлар шаклланганди: президент Барак Обама маъмурияти эришган Эрон ядровий дастури бўйича келишувни бутунлай муваффақиятсизлик деб баҳолар, Тиллерсон эса бу келишувни қўллаб-қувватларди.

Тиллерсонга президентнинг бошқа қарашлари ва ҳаракатлари ҳам ёқмаган. Масалан, Трамп 2017 йил кузида Шарлотсвиллда миллатчилар томонидан уюштирилган маршларга эътироз билдирмаган — Тиллерсон эса афроамерикаликларни таҳқирловчи бу ҳаракатларни кескин танқид қилиб чиққанди. Шунингдек, Трамп сиёсатдан узоқ «Америка бойскаутлари» ташкилоти аъзолари қаршисида сиёсий нутқ ирода қилган, ўз вақтида бу ташкилотга раҳбар бўлган Тиллерсонга бу ҳам ёқмаганди.

CNN ва бошқа бир қатор нашрлар манбаларига кўра, 2017 йил ёзида Пентагондаги мажлислардан биридан кейин Тиллерсон Трампни «ўтакетган тентак» деб атади. Бунга Трампнинг ядровий қуролланишни ривожлантириш ҳақидаги сўзлари сабаб бўлган. Ўшанда Тиллерсон ишдан бўшамоқчи бўлган, аммо уни қолишга кўндиришган.

Истеъфо кузда тайёр эди, Тиллерсон кетишга шошилмади
Ёзда Тиллерсоннинг ўзи истеъфога чиқмоқчи бўлган бўлса, кузда Трамп уни ишдан бўшатишга тайёрлана бошлади (The New York Times манбаси маълумоти). Ўшандаёқ Трамп унинг ўрнига Марказий разведка бошқарамаси директори Майк Помпеони тайинлашни кўнглига тукканди.

The Washington Post тарқатган хабарга кўра, Трамп Тиллерсондан бутунлай қутилиш қарорини 9 март куни қабул қилди. Шу билан бирга у бу нияти ҳақида Давлат котибининг ўзига билдирмаган. Тиллерсоннинг ўринбосарларидан бири Стив Голдстейннинг айтишича, у ҳеч бир сабабсиз ишдан бўшатилди. Унинг тасдиқлашича, Тиллерсон истеъфога кетмоқчи эмас ва ишини давом эттирмоқчи эди.

Истеъфо эълон қилинганидан кейин Трамп тан олдики, уларнинг ўртасида Эрон ва Шимолий Корея масаласида жиддий муросасизлик бўлган. Президент Тиллерсоннинг маслаҳатисиз КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан учрашишга рози бўлганини таъкидлади.

Истеъфодан бир кун олдин Тиллерсон «Россияни жазолаш»га ваъда берганди
АҚШ Давлат котиби 12 март куни Россия Қуролли кучларининг собиқ полковниги, Буюк Британия фойдасига жосуслик қилишда айбланган Сергей Скрипаль ҳаётига уюштирилган суиқасд ортида Россия ҳукумати турганини тасдиқловчи маълумотларга эга эканини маълум қилганди. У АҚШнинг асосий ҳамкори бўлмиш Буюк Британиянинг ички ишларига Россия аралашгани тасдиқланса, АҚШ зарур чораларни кўришини маълум қилганди. Бу АҚШнинг юқори лавозимли амалдори томонидан Россия ҳақида билдирилган энг кескин баёнот бўлди, аммо бу Трамп Тиллерсонни ишдан бўшатиши сабаб бўлгани эҳтимоли кам.

Тиллерсон истеъфога чиқарилгач, АҚШ президенти Буюк Британия Россияни Скрипалнинг заҳарланишида жавобгар сифатида кўраётгани ва у бу талқинга қўшилишини маълум қилди. Шу билан бирга, Трамп жосуснинг ҳаётига уюштирилган суиқасд ортидан Америка ҳукумати Россияга нисбатан қандайдир чора кўриш-кўрмаслиги ҳақида гапирмади.

Тиллерсон ўрнини МРБ директори эгаллади

2017 йил ёзидаёқ Майк Помпеони Тиллерсоннинг вориси сифатида кўра бошлашганди. МРБ раҳбари, Тиллерсоннинг сўзларига кўра, президент билан кўп масалаларда ҳамфикр ҳисобланади. Жумладан, Эроннинг ядровий дастури бўйича келишувда ҳам. Помпео — консерватор қарашларга эга сиёсатчи бўлиб, радикал республикачиларнинг «Чойхўрлик» ҳаракати фаолларидан бири бўлган. У сиёсий фаолиятини бошлаганига кўп вақт бўлмаган, 2010 йилда у Канзас штатидан Вакиллар палатасига сайланган. Ўшандан буён у 4 марта Конгрессдаги сайловларда ғолиб чиқди ва ультраконсерваторлар қанотининг кўзга кўринган вакилларидан бирига айланди.

Эдвард Сноуден маълумотига кўра, Помпео Миллий хавфсизлик агентлиги томонидан жорий этилган, ёзишмаларни оммавий равишда кузатиб бориш тизимини фаол равишда қўллаб-қувватлаган. У Шимолий Кореядаги тузумни таг-туби билан қўпориб ташлаш тарафдори ҳисобланади, унингча, Ким Чен Ин билан келишиб бўлмайди. У Марказий қидирув бюросида «терговнинг самарали усуллари»ни жорий этиш тарафдори, хусусан, қийноқлар қўлланишига қарши эмас (унинг ўринбосари Жина Ҳэспел Таиланддаги махфий қамоқхонада маълумот олиш учун махфийларни қийнашга рухсат берган нозир).

2017 йил бошида Human Rights Watch халқаро ҳуқуқ ташкилоти Помпео МРБ раҳбарлигига тайинланишига жиддий эътироз билдирганди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тиллерсон нега Трампга тўғри келмади?