
АҚШнинг Калифорния университети тадқиқотчилари Ердан 3 млрд. ёруғлик йили узоқлигида жойлашган митти галактикадан келган 400 терабайт радиомаълумотни шифрдан чиқариш орқали 72 та ғалати сигнални тутиб қолишди.
Бу ҳақда Би-би-си хабар берди. Мазкур изланишлар SETI(Ердан ташқари цивилизацияларни излаш бўйича халқаро лойиҳа) доирасида олиб борилаяпти. Ушбу лойиҳа 1959 йилдан буён мавжуд бўлиб, технологик жиҳатдан ривожланган ҳар қандай цивилизация қандайдир частотада сигнал беришга қодир деган фаразга асосланади. Тадқиқотлар Америка компаниялари ва қисман NASA томонидан молиялаштирилади.
Олимлар томонидан FRB 121102 дея номланган юқоридаги сигнал манбаи шуниси билан ноёбки, у ўзидан мунтазам равишда радиоовозлар чиқариб туради.
Аниқланган сигналлар жуда тез, аммо радиоимпульслар орқали яхши сезилади. Шунга ўхшаш воқеа 2007 йилда ҳам кузатилганди, аммо бу ҳолат олимлар эътиборини энди ўзига тортаяпти.
“Уларни ишлаб чиқараётган объект табиати бизга номаълум”, - дея маълум қилди SETI вакиллари.
Сигналларнинг келиб чиқиши ҳақида қатор тахминлар бор. Ҳатто улардан бири бундай белгиларни Ердан ташқаридаги қандайдир онгли мавжудот жўнатаяпти деган фараздир.
Ўтган йили Гарвард университети олимлари бундай сигналлар Ердан ташқаридаги цивилизацияларда қурилган қудратли узатгичлардан келаётгани, бундан кўзланган мақсад юлдузлараро космик экспедицияларни уюштириш эканлигини тахмин қилишганди. Олимлар бу каби саёҳатлар учун ёруғлик ёки қуёш елканлари тамойилидан фойдаланиш мумкинлигини айтишади. Ёруғлик(фотон) томонидан яратилган кичик босим кучсиз, аммо тезликни мунтазам ошириб боришга хизмат қилиб, бу назарий жиҳатдан космик кемага қарийб ёруғлик тезлигига эришиш имконини беради.
Бу галги сигналлар Ғарбий Виржиния штатидаги “Грин-Бэнк” радиотелескопи ёрдамида аниқланди. Илмий ходим Жерри Чжан томонидан эса 400 терабайт радиоахборотни тўлиқ ўрганишда қўл келадиган махсус алгоритм ишлаб чиқди.
Илгари бунинг учун IT-компаниялар қидирув натижалари ва тасвирларни таснифлашни оптималлаштириш учун фойдаланадиган нисбатан оддий алгоритмларга ўхшаш тизимлар ишлатилган.
“Ушбу иш нафақат тез радиоовозлар пайдо бўлиш динамикасини батафсил ўрганишга ёрдамлашмоқда, балки ақлли машиналар анъанавий алгоритмлар илғай олмайдиган сигналларни ҳам қайд эта олишини кўрсатиб бераяпти”, - деди SETI тадқиқот маркази раҳбари Эндрю Симьон.
Эслатиб ўтамиз, 1999 йилда Калифорния университети SETI лойиҳасига барча хоҳловчиларни жалб этишга қарор қилди. Бунинг учун персонал компьютерга радиотелескоп ёрдамида қабул қилинган сигналларни шифрдан чиқариб берадиган дастурлар пакетини ўрнатиш кифоя эди. Ушбу чақириққа дунёнинг 200 мамлакатидан қарийб беш миллион киши лаббай деб жавоб берди. Лойиҳада уларнинг ҳар бирининг иштироки унча қимматга тушмайди, аммо барча кўнгиллиларнинг барчаси томонидан мазкур лойиҳага сарфланган электр энергияси қиймати умумийлаштирилганда, у 2 млрд. доллардан ҳам ошиб кетган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар