АҚШдаги InventWood компанияси олимлари ёғочни янги технологик ишловдан ўтказиб, уни пўлатдан 10 баробар мустаҳкам ва 6 баробар енгилроқ ҳолатга келтиришга муваффақ бўлди, деб хабар берди InventWood. Компания бу материални тижорий асосда ишлаб чиқаришни ҳам бошлаб юборган.
Илмий иш Йель университети профессори Лянбин Ху раҳбарлигида амалга оширилган. У аввал ёғочни шаффоф материалга айлантириш устида тажрибалар олиб борган, аммо кейинчалик асосий мақсадни — ёғочни пўлатдан ҳам мустаҳкам қилишни белгилаган. Унинг фикрича, табиий материаллар асосида экологик ва арзон қурилиш ечимлари яратиш инсоният учун янги йўналиш очади.
Янги усулга кўра, ёғоч аввал махсус кимёвий эритмада пиширилади, сўнгра иссиқ пресс орқали қаттиқ сиқилади. Бу жараёнда ёғоч ҳужайралари зичлашиб, унинг ички тузилиши бутунлай ўзгаради. Натижада, у оддий металлардан ҳам мустаҳкам, эгилувчан ва узоқ муддатли материалга айланади.
InventWood раҳбари Алекс Лаунинг таъкидлашича, бу супер ёғоч қурилиш соҳасида ҳақиқий инқилоб бўлиши мумкин. Унинг енгиллиги биноларнинг оғирлигини анча камайтиради, бу эса зилзила хавфи юқори ҳудудларда чидамлироқ иншоотлар қуриш имконини беради. Шу билан бирга, бундай технология қурилиш харажатларини ҳам сезиларли даражада қисқартиради.
Ҳозирча супер ёғоч одатий ёғочга нисбатан қимматроқ, бироқ пўлат ишлаб чиқариш билан таққослаганда, бу усулда 90 фоизга камроқ углерод чиқиндилари ҳосил бўлади. Олимлар буни экология нуқтаи назаридан катта ютуқ сифатида баҳоламоқда, чунки пўлат саноати дунёдаги энг йирик ифлосланиш манбаларидан бири ҳисобланади.
Компаниянинг узоқ муддатли режаси — супер ёғочни пўлат билан рақобатлаша оладиган даражага етказиш. Дастлаб, у биноларнинг фасад қисмлари, поллар ва ички безакларда ишлатилиши кутилмоқда. Кейинчалик эса мебел, девор конструкциялари ва ҳатто бутун бинолар қурилишида ҳам кенг қўлланилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!