23:59 / 08.10.2018
5 118

10 миллион уйғур учун концлагерь: Шинжон (6-қисм)

10 миллион уйғур учун концлагерь: Шинжон (6-қисм)
Қайта тарбиялаш

2018 йилнинг февралида Foreign Policy нашри АҚШда ўқийдиган Имон исмли талабадан интервью олишга муваффақ бўлди. Унинг айтишича, ўтган йилги таътилда Хитойга борганида Пекинда, самолёт бортидаёқ уни ҳибсга олишган. Имонни ўн кун давомида Пекиндаги турмада сўроқ қилишган, кейин эса қўлида кишан билан Шинжонга – “қайта тарбиялаш лагери”га жўнатишган.

Имонни қайта тарбиялаш ишлари у ўн тўққиз нафар уйғур билан қолган камерада ўтказилган. Маҳбуслар “Тиришқоқлик билан ўтказилган машғулотлар, ҳафсала билан ўтказилган ўқувлар!” деган шиорни такрорлаганча камера бўйлаб у ёқдан бу ёққа бориб келган, соатлаб тарғибот видеофильмларини томоша қилган. Тушликдан кейин катларда ўтиришга рухсат берилган, сўнг марш қилиш ва фильм томошаси кечки овқатгача давом этган. Имон 60 ёшли камерадоши билан дўстлашиб қолибди, у қизига мессенжер орқали Қуръон маъноларининг таржимасини юборгани учун етти йилга озодликдан маҳрум этилибди. Имоннинг омади бор экан – 17 кундан кейин қўйиб юборишди, бироқ энди кўчадаги камералар уни танир, йигит жамоат транспортидан фойдалани олмас, унинг супермаркетларга кириши тақиқланган эди. Охир-оқибат у АҚШдаги таҳсилини давом эттиришга рухсат олибди, бироқ полициячи кўрган-кечирганлари ҳақида оғиз очмасликни уқдирибди. “Қариндошларинг шу ерда қоляпти, биз ҳам”, – дея огоҳлантирибди полициячи.

Уйғурларнинг ҳибсга олиниши ва озодликдан маҳрум этилиши ҳақида сўнгги бир неча йилдан бери ёзилади. Масалан, 2009 йилда икки журналист “давлат хавфсизлигига қасд қилгани учун” 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ўшанда интернетда уйғурча шеър эълон қилган Гулмира Имин ноқонуний митинг ўтказишга чақириш ва давлат сирини ошкор этишда айбланиб бир умрга қамалди. 2010 йилда яна бир жуналист 15 йилга ҳукм қилинди. 2014 йилда бир ёзувчи 8 йилга қамалди, энг таниқли уйғур олимларидан бири Илҳом Тўхти эса “сепаратизмга чақиргани учун” умрбод озодликдан маҳрум эитлди. У билан бирга етти нафар олим ҳам қамалди.

2015 йилда мактабда уйғур тилидан дарс берадиган (энди бу тақиқланган) Абдували Аюбни ҳар куни ишга бориб-келадиган йўлдаги постда тўхтатишди. Унинг ноутбукидан бир неча йил аввал Канзасда ўқиб юрганида ёзилган қиссани топиб олишди. Соатлаб давом этган сўроқдан кейин Аюбни қўйиб юборишди ва у Анқарага қочишнинг уддасидан чиқди.

2016 йилда блогерларни ва уйғур форумларининг администраторларини қамаб қўйишди. 2017 йилда машҳур олим, Шинжон озиқ-овқат саноати назорати департаменти президенти бўлиб ишлаган Ҳаймурод Ғопур, авваллари қўшиқлари цензурага учрамаган, ҳукуматнинг назарига тушган қўшиқчи Абдураҳим Ҳайит изсиз ғойиб бўлди. Авваллари Хитой ёшлар жамоасида ўйнаган 19 ёшли футболчи ўша йили бозорда қўлга олинди, уни халқаро ўйинларда қатнашиш учун хорижий мамлакатларга борганликда айблашди.

2017 йилнинг кузида Шинжонда бир неча йил аввал Қозоғистонга кўчиб кетган қозоқ миллатига мансуд Қайрат Самархонни қўлга олишди, у Шинжондаги уйини ва ерини сотиш учун келган эди. Уни уч кун сўроқ қилишди ва бу вақт давомида ухлашига рухсат берилмади. Самархоннинг “Озодлик” радиосига айтишича, ундан Қозоғистонда нима иш билан шуғулланганини ва намоз ўқиб-ўқимаганини сўрашган.

Самархонни тўққиз ойлик “қайта тарбиялаш”га жўнатишди. У уч тоифадаги маҳбусларни учратган: биринчи тоифадагиларни ҳаддан ташқари диндорликда айблашган, иккинчи тоифадагилар жамоат тартибини бузганликда, учинчи тоифадагилар эса хорижга борганликда айбланган. Самархоннинг ҳисоб-китобича, лагерда 5700 нафар маҳбус бўлган – 3000 қозоқ, 2000 уйғур ва 200 дунган (мусулмон хитойлар). Маҳбуслар Хитой коммунистик партиясининг 2017 йилда бўлиб ўтган ХIХ съезди материалларини ўрганишган ҳамда давлат сирларини ошкор этмаслик, мусулмон бўлмаслик, одамларни миллатига қараб ажратмаслик ҳақидаги маърузаларни тинглашган. Улар тўйиб-тўймай овқатланишган. Ўз жонига қасд қилишга уринганидан кейин Самархонни озоди қилишган, бироқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги аралашгандан кейингина оиласининг ёнига қайтишга рухсат беришган.

2018 йилнинг январида Қуръонни уйғур тилига таржима қилган 82 ёшли Муҳаммад Солиҳ Хожимнинг вафот этгани маълум бўлди. У ҳибсга олинганидан қирқ кун ўтиб ўлган, айнан қандай ўлгани эса маълум эмас. У билан бирга қизи ҳам ҳисбга олинган ва қариндошлари ҳали ҳам қамоқда. Май ойида Қошғардаги энг бой тўрт кишининг қамалгани тўғрисида хабар тарқалди, улар “диний экстремизм”да айбдор деб топилиб, жами 42 йилга озодликдан маҳрум этилди. Сал аввалроқ эса дунёга машҳур антрополог, 52 ёшли олима Роҳил Довудни ҳибсга олишган. Қаридошлари унинг озодликка чиқишидан умид қилиб, саккиз ой давомида қамалгани ҳақида оғиз очишмаган. Шундан бери у ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 10 миллион уйғур учун концлагерь: Шинжон (6-қисм)