18:28 / 13.11.2018
4 038

Хитойда кофеинсиз чой дарахти кашф этилди

Хитойда кофеинсиз чой дарахти кашф этилди
Жанубий Хитой тоғларидан барглари таркибида кофеин миқдори ниҳоятда кам бўлган ёки умуман бўлмаган янги чой дарахти – хонгяча аниқланди. Бу ҳақда халқаро "Journal of Agricultural and Food Chemistry" илмий журнали хабар бермоқда.

Одатдаги истеъмол қилинадиган чой ўсимлиги (Camellia sinensis) барглари таркибида 1,5-3,5 фоиз кофеин мавжуд бўлиб, уни қайта ишлаш жараёнида бу миқдор камайтирилишига эътибор қаратиларди. Кофеин чой, қаҳва дарахти, какао, мате, гуарана, кола каби ўсимликлар таркибида учрайдиган асосий пурин алкалоид модда бўлиб, у ўсимликни турли барг, мева ва уруғхўр ҳашаротлардан ҳимоя қилади.

Кофеин одам ва ҳайвон асаб тизимини стимулловчи модда ҳисобланади. У юрак уришини ва пульсни тезлаштиради. Мускуллар, бош мия, юрак ва буйраклардаги қон-томирлар деворини кенгайтиради, пешоб ажралишини рағбатлантиради. Шу боис ҳам тиббиётда кофеиндан бош оғриғида, мигренда, шамоллаш билан боғлиқ касалликларда, ақлий ва жисмоий меҳнат фаолиятини оширишда ҳамда уйқу жараёнини нормаллаштириш учун қўлланилади.

Лекин кофеин миқдорининг ортиб кетиши безовталик, бош оғриғи, оёқ ва қўлнинг қалтираши, рефлексларнинг кучайиши, уйқусизлик, марказий асаб тизими тормозланиш жараёнининг кучайиши, кўнгил айниши, гастрит, трахикардия, аритмия ва гипертонияга сабаб бўлади.

"Хонгяча – Фужиан провинциясининг жанубий туманларидаги қишлоқлар ҳудудида жойлашган баландлиги 700-1000 метр бўлган тоғларнинг кичик майдонларида ўсадиган ёввойи чой дарахти ҳисобланади. Маҳаллий аҳоли ушбу чой иситмани тушириши, шамоллашни тузатиши ва қорин оғриғини бартараф қилишига ишонади. Чой дарахти жуда кичик жойда ўсгани учун у ҳақида шу бугунгача маълумотлар мавжуд бўлмаган", – дейди Хитой чой тадқиқот маркази профессори Лианг Чен.

Тадқиқот давомида профессор Чен ва унинг ҳамкасблари янги чой ўсимлиги баргларини кимёвий таркибини ўрганиш мақсадида, юқори коэффициентли суюқ хроматография усулида текшириб кўришган.

Тадқиқотчиларнинг аниқлашларича, хонгяча куртаклари ва барглари таркибида одам саломатлиги учун фойдали бир қанча моддалар мавжуд ва энг аҳамиятли томони – унинг таркибида деярли кофеин йўқ.

Олимларнинг қайд этишича, одатдаги чой таркибида пурин алкалоидлар, катехинлардан кофеин ва сис-катехин мавжуд бўлади. Лекин хонгяча таркибида, аксинча, транс-катехин, теобромин мавжуд ва барглар ўзида кофеинни сақламайди.

Тадқиқотчилар бундан ташқари хонгяча баргларидан оддий чой таркиби учрамайдиган галло катехин-(4→8)-галло катехин галлати, 1,3,4,6-тетра-О-галлоил-β-д-глюкопираноза ва (-)-галлокатехин-3,5-ди-О-галлатини ажратиб олишга муваффақ бўлишган.

Олимлар тадқиқот иши давомида янги чой дарахтига чуқурроқ эътибор беришди ва унда одатдаги чой ўсимлигидаги кофеин моддасининг синтезига жавобгар геннинг мутацияга учраганини аниқлашди.

Тадқиқотчилар хонгяча таркибида табиий ҳолатда кофеин миқдорининг жуда камлиги ёки умуман йўқлиги, қолаверса, саломатлик учун фойдали бир қанча моддаларнинг мавжудлиги ҳисобига тез орада севимли чой турларидан бирига айланади, деб илмий башорат қилишмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда кофеинсиз чой дарахти кашф этилди