09:58 / 25.07.2019
4 068

"Бактериялар мулоқоти"ни тинглаётган муслима нанотехнолог: “Ташхис қўйиш осонлашади”

"Бактериялар мулоқоти"ни тинглаётган муслима нанотехнолог: “Ташхис қўйиш осонлашади”
Муслима нанотехнолог “бактериялар мулоқоти”ни тинглашга имкон берадиган воситани ўйлаб топди. Мазкур тиббий ноу-хау антибиотикларга чидамлиликни жиловлаш ва бир қатор касалликларга атиги бир неча сонияда ташхис қўйишга йўл очади.

“Мен қўллайдиган тестда 30 сонияда бактериялар аниқланиб, ташхис қўйилади. Умид қиламанки, бу шифокорларга аниқ дориларни тайинлашларига ёрдам беради. Ахир, кўп ҳолларда умумий муолажа курси тайинланади ёки умуман нотўғри ташхис қўйилади”, – дейди доктор Фотима аз-Заҳро ал-Атракчи.

Фотима Кувайтда туғилган, ҳозирда икки фарзандни тарбиялаяпти. 2018 йилнинг январида Дания техника университетида физика ва нанотехнология йўналишида докторлик даражасини қўлга киритди.

У иммун тизими сусайган кишиларда Pseudomonas aeruginosa (кўк йирингли таёқча) туфайли келиб чиққан инфекцияни мавжуд усуллардан кўра тезроқ аниқлашга имкон берадиган узатгич (датчик)ни ишлаб чиқди.

Ал-Атракчи илмий изланишлари учун 2017 йилда Лундбек илмий тадқиқотлар жамғармасининг 30 ёшгача бўлган олимларга бериладиган беш мукофотидан бирини қўлга киритди. Шундан сўнг у ўз компаниясини очди, мақсади – ўз илмий тадқиқотларини такомиллаштириш ва ривожлаштириш.

Ал-Атракчи ўтказадиган тест натижаларини пешоб чиқариш тизими касалликларидан тортиб муковисцидозли беморларда ўпка касалларини аниқлашгача бўлган кўпгина ҳолларда ишлатиш мумкин.

Тестнинг моҳияти шуки, у бактериялар тарқалишидан ва организмга зарар етказа бошлашидан олдин улар ўртасида кечадиган “мулоқот”ни узатишга ёрдам беради.

Тадқиқотчининг айтишича, томоқдан суртма олиш сингари замонавий стандарт тестларнинг натижасини ва ташхис қўйишни бир неча кун кутишга тўғри келади. Пировардида шифокорлар антибиотикларни барвақт тайинлашади, бу эса дори воситаларига нисбатам чидамлиликни оширади, айни пайтда бу саломатлик учун энг жиддий хавфлардан бири ҳисобланади.

“У ёки бу касалликка таҳлил топширсангиз, сизга айнан сиз эҳтиёж сезадиган муолажа тайинланади. Антибиотиклар кўп ва улар турфа хил. Шифокорлар уларни таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда тайинлашади”, – дея тушунтиради ал-Атракчи. – Бизнинг замонамизда ташхис қўйишнинг эски усулидан фойдаланиш ресурсларни совуриш демакдир.

Менинг гипотезам шуки, агар биз бактериянинг турини аниқласак, аниқ муолажани тайинлашимиз ва бемор қабул қиладиган антибиотиклар сонини камайтиришимиз мумкин. Бактериялар молекулалар чиқарар экан, ўзаро мулоқот қилади. Бу молекулалар катта миқдорда йиғилганида, улар бактерияларга сигнал беради”.

Олиманинг айтишича, шундан сўнг бактериялар организмга ҳужум қилиш имконияти пайдо бўлганини англаб етади ва ҳаракатга тушади. Улар соғлом бактерияларни йўқ қилади, кўпаяди ва инсон организми учун зарарли токсин ишлаб чиқаради.

Ал-Атраки 2016 йилда ўз тестини муковисцидозга чалинган 62 беморда синаб кўриб, унинг самарали эканини аниқлади. Тадқиқот натижалари ҳали эълон қилингани йўқ. Тест натижалари беморларнинг ярмидан кўпида “бактериялар ўртасидаги мулоқот”ни кузатишга имкон яратди, анъанавий ташхис усуллари эса бу борада ҳеч қандай ёрдам бермади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти антибиотикларга чидамлилик бутун дунёда хавфли нуқтага яқинлашаётганини айтмоқда. Чидамлилик қўлланилаётган дори воситаларига жавобан бактериялар ўзгара бошлаганида пайдо бўлади.

Инсонлар ва ҳайвонлардан фарқли равишда бактериялар антибиотикларга нисбатан чидамли бўлиши мумкин. Бундай бактериялар туфайли келиб чиққан инфекцияларни даволаш қийинроқ бўлади.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » "Бактериялар мулоқоти"ни тинглаётган муслима нанотехнолог: “Ташхис қўйиш осонлашади”