Иқлим ўзгаришлари бизни тентак қилади. Беҳазил

Иқлим ўзгаришлари бизни тентак қилади. Беҳазил
Фото: Google Photos
Иқлим ўзгаришлари ортидан инсоният тўқнаш келадиган муаммолар ҳақида кўпчилик ОАВ орқали хабар топган: иссиқхона эффекти, дунё океани сатҳининг кўтарилиши, чўлланиш, ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик ва ҳоказо. Хуллас, вазият мураккаб ва бу айтилганлардан ҳеч бирида яхшилик аломати кўринмаяпти. Атмосферага СО2 газларининг тинимсиз ва катта миқдорларда ташланиши оқибатида сайёрамиз глобал миқёсда исиб бораётгани эндиликда инкор қилиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ СО2 газлари миқдори ортиши натижасидан юқорида айтилган ваҳимали гаплар – тошқинлар, ёнғинлар ва ҳоказолардан ҳам аянчлироқ бошқа бир ҳолат келиб чиқиши мумкин экан.

Пенсилвания университети ва Колорадо Жамоатчилик соғлиғини сақлаш олий мактаби олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, шундоқ ҳам табиат инжиқликлари билан боғлиқ муаммолар гирдобида қолаётган одамзот қаршисида глобал иқлим исишининг янада аянчли таъсири пайдо бўлади. Яъни СО2 газлари миқдорининг ортиши билан, одамлар ўзи ҳам ақлан заифлашиб, тентаклашиб боради. Ва бу ҳазил эмас, балки таг замирида аччиқ ҳақиқат бўлган илмий хулосадир. Бу яхшиликка олиб келмаслигини ҳам ҳаммамиз яхши биламиз.

Атмосферада СО2 гази миқдори ортишидан кишининг фикрлаш ва мантиқ юритиш қобилияти сусайиши, диққатни жамлай олмаслик ва билимларни ўзлаштира олмаслик сингари ножўя таъсирлар келиб чиқиши ҳақидаги илмий мақола Америка Геофизика Иттифоқининг йил якунларига бағишланган мажлисида маъруза тарзида ўқиб эшиттирилган ва EarthArXiv серверига жойланган.

Унда қайд этилишича, СО2 миқдори меъёридан ортиқча бўлган ҳаводан нафас олиш орқали кишининг когинитив имкониятлари қай даражада ўзгариши текширилган. Бунинг учун улар талабаларга ҳаводаги СО2 миқдори турлича бўлган муҳитларда ўтириб дарс қилиш ва умуман бирор билимни ўзлаштиришга уриниб кўришни таклиф қилган.

Хулосалар ваҳима қилгулик: талабаларга ҳозирги атмосферага ташланаётган СО2 миқдори билан тўйинган ҳаводан нафас олиб ўқишда давом этса, компьютер моделлаштириши ёрдамида олинган таҳлилга кўра, 2100 йилга бориб одамларнинг ақлий салоҳияти ҳозиргидан тахминан 25 фоизга пасайиб кетиши мумкин. СО2 миқдори ҳозирги ташланаётгандан ҳам кўпроқ бўлган, яъни ҳавоси ҳозироқ СО2 билан заҳарланган хонада иш бажарган талабаларнинг ақлий қобилияти эса 50 фоизгача пасайгани қайд қилинган.

Шу тариқа, олимлар глобал иқлим исишига нисбатан жиддийроқ ёндошилмас ва атмосферага ташланаётган СО2 миқдори камайтирилмас экан, аср сўнгига бориб одамлар бош миянинг, фикрни жамлаш, мулоҳаза юритиш, билим эгаллаш, бегона жойда ориэнтир ола билиш ва ҳатто нутқ сингари олий функцияларидан самарали фойдаланишга қодир бўла олмай қолади деб қўрқитишмоқда. Қисқа қилиб айтганда, СО2 нинг меъёридан ошиқ миқдори одамзотни тентакроқ қилади. Ва бу ҳазил эмас...

Музаффар Қосимов

Манба: Daryo.uz

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар