date

Мусиқа эшитиш операцияда наркоз талабини камайтирди

Мусиқа эшитиш операцияда наркоз талабини камайтирди

Ҳиндистонда амалга оширилган янги илмий тадқиқот жарроҳлик амалиёти вақтида инструментал мусиқа тинглаш беморларда наркозга бўлган эҳтиёжни сезиларли даражада камайтириши мумкинлигини исботлади. The Independent ёзишича, тадқиқот Деҳлидаги Лок Наяк шифохонаси ва Маулана Азад тиббиёт коллежида ўт пуфагини олиб ташлаш операцияси (лапароскопик холесистектомия) ўтказилган 56 нафар бемор устида олиб борилган.

2023 йил март — 2024 йил январ орасида амалга оширилган ушбу тадқиқотнинг асосий мақсади — наркоз миқдорини қисқартириш ва операция олдидаги стресс даражасини пасайтириш эди. Барча беморларга бир хил наркоз мажмуаси берилган бўлса-да, фақат бир гуруҳ операция пайтида қулоқчин орқали мусиқа тинглаган. Уларга ҳинд найи ёки пианино асосидаги тинчлантирувчи композицийалар қўйилган.

Наркозга эҳтиёж кескин камайди

Натижаларга кўра, мусиқа эшитган беморларга асосий наркоз воситаси — пропофол — анча кам миқдорда керак бўлган. Уларга соатига ҳар кг учун ўртача 6,7 мг, назорат гуруҳида эса 7,86 мг пропофол зарур бўлган. Мутахассислар буни “кўзга кўринарли фарқ” деб баҳолаган.

Шу билан бирга, мусиқа тинглаган беморларда операция давомида юрак уриши ёки қон босими кўтарилганда қўшимча бериладиган кучли оғриқ қолдирувчи дори — фентанилга ҳам эҳтиёж туғилмаган.

Стресс даражаси паст, тикланиш тез

Тадқиқотда қондаги кортизол миқдори орқали баҳоланган физиологик стресс ҳам анча пастлиги аниқланган. Операциядан кейин назорат гуруҳида кортизол ўртача 536 мл, мусиқа эшитган беморларда эса 417 мл бўлган. Бу — жарроҳликка организмнинг кучли стресс билан жавоб қайтармаганини англатади.

Шунингдек, мусиқа эшитган беморларда наркоздан уйғониш ҳам енгил кечган ва тикланиш жараёни тезроқ бўлган.

Мутахассислар мусиқани арзон, хавфсиз ва клиникада осон қўлланиши мумкин бўлган қўшимча терапия сифатида баҳоламоқда. Тадқиқот келгусида жарроҳлик амалиётларида мусиқадан фойдаланиш оммалашиши мумкинлигини ҳам кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Мусиқа эшитиш операцияда наркоз талабини камайтирди