18:13 / 04.02.2020
9 937

Хитой бутун дунёни алдаяптими? Коронавирусга чалинганлар сони аслида қанча?

Хитой бутун дунёни алдаяптими? Коронавирусга чалинганлар сони аслида қанча?
Фото: Arek Rataj / AP
Олимлар 2019-nCoV коронавируси эпидемиясининг кўлами расмий маълумотларда акс этганидан анча йирик бўлиши мумкинлигини айтмоқда, дея хабар тарқатди ВВС.

Гонконг университети олимларининг ҳисоб-китобига кўра, Ухань шаҳрида вирус юққан кишилар сони 25 январга келиб 75 минг кишидан ортиқ бўлиши керак эди. Ваҳоланки, ўша кунги расмий маълумотда беморлар сони 2 мингдан ортгани айтилди.

Олимларнинг тадқиқот натижалари Lancet журналида чоп этилди. Унда таъкидланашича, коронавирус эпидемияси аввал тахмин қилинганидан тезроқ ёйилмоқда. Олимларнинг фикрига кўра, 2019-nCoV вирусини ташиб юрган ҳар бир киши уни ўртача 2-3 кишига юқтиради.

Касалланганларнинг умумий сони геометрик прогрессияда кўпайяпти ва ҳар ҳафта икки баравар ортяпти.
Ички авиарейслар ва темир йўлдаги ташишлар бўйича статистикани таҳлил қилган гонконглик олимлар 25 январгача қарийб минг нафар бемор инфекцияни Ухандан бошқа шаҳарларга, энг аввало Чунцин, Пекин, Шанхай, Гуанчжоу ва Шэньчжэнга олиб борган бўлиши керак эди, деган хулосага келди.

“Агар вирус у ерларда ҳам Ухандагидек шиддат билан тарқалса, Хитойнинг бир қатор йирик шаҳарларида эпидемия экспоненциал равишда ёйилади”, – дейди олимлар.

Шунга ўхшаш фикрни ўтган ҳафтада Американинг Bianco Research тадқиқот маркази билдирган эди. Марказ тадқиқотчиларининг айтишича, ҳисоб-китоблар ва расмий маълумотлар ўртасидаги катта фарқни бир неча омил билан изоҳлаш мумкин.

Биринчидан, касалликнинг яширин даври икки ҳафтагача давом этади. Бу даврда касалликнинг ҳеч қандай белгилари намоён бўлмайди ва бемор уни бошқаларга ҳам юқтириши мумкин.

Бундан ташқари, бемор шифокорга мурожаат этган тақдирда ҳам, унинг ҳолатига айнан янги коронавирус сабабчи эканини тасдиқлаш керак. Бунинг учун эса бир неча кун давомида лаборатория текширувларини ўтказишга тўғри келади.

Шундай қилиб, олимлар Хитойнинг Пекин, Шанхай ва бошқа йирик шаҳарлари вируснинг янги ўчоғига айланини мумкинлигидан огоҳлантирди.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор: агар олимларнинг ҳисоб-китоби тўғри бўлса, 2019-nCoV коронавирусининг хавфи ҳақидаги гап-сўзлар ортиқча бўрттирилган ва беморларнинг бу касалликдан ўлиш даражаси 1 фоиздан кам бўлиб чиқади.

Таққослаш учун: 2003 йилдаги «атипик зотилжам» (SARS)да ўлим даражаси 9 фоизга тенг бўлган эди. 2012 йилда тарқалган Яқин Шарқ респиратор синдроми (MERS)га чалинган беморларнинг ҳар учтадан биттаси вафот этган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой бутун дунёни алдаяптими? Коронавирусга чалинганлар сони аслида қанча?