08:27 / 06.03.2020
2 960

Идлиб саммити: Путин ва Эрдўған нималарга келишди?

Идлиб саммити: Путин ва Эрдўған нималарга келишди?
Фото: EPA/Vostock-photo
5 март куни Москвада Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған музокара ўтказишди. 6 соатдан ортиқ вақт давом этган учрашувлар якунида Суриядаги вазият бўйича меморандум имзоланди. Музокаралар якунида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров биргаликда келишилган матнни эълон қилишди.

Идлиб саммитидан кейин икки президент баёнот берди.

Эрдўғаннинг баёнотидаги сатрбошлар қуйидагича:
«Жаноб Путинга самимий таклиф учун миннатдорчилик билдираман. Бугунги учрашувларимизда Суриядаги вазиятни ва Идлибдаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилдик. 6 соат давом этган бир тадқиқ ўтказдик.

Ушбу чуқур муносабатларни ҳурмат ва умумий манфаатларга мос равишда ривожлантириш умидидамиз. Биз жаноб Путинни мамлакатимизда кутиб қоламиз. 2018 йил сентябрь ойида Сочида жаноб Путин билан тузган келишувимиз натижасида Идлибда барқарорликка эришдик. Минтақадаги ҳужумларнинг олдини олиш учун керакли чораларни кўришимиз лозим эди.

Режимнинг тинч фуқароларга қаратилган ҳужумлари тинчликни бузди. Биринчи даражали жавобгар – бу режим. Режимдан қочганлар сони бир ярим миллионга етган ва минтақа аҳолиси бизнинг чегараларимизда тўпланган. Идлибни кимсасиз ҳолга келтирмоқ Туркияни машаққатга гирифтор қилиш демакдир. Туркия бундай таҳдид қаршисида қўл қовуштириб туролмайди.

Режим тажовузининг олдини олиш учун ушбу ҳудудда янада фаол бўлдик. Минтақадаги рус кучлари билан координацияни маҳкам ушлаб туришга алоҳида эътибор қаратдик. Идлибда янги мақом шаклланиши муқаррар.

Биз имкон қадар тезроқ сулҳ тузамиз. Ярим тундан бошлаб сулҳ кучга киради. Бугунги учрашувимиз Сурияда тинчлик ўрнатилишига ҳисса қўшади, деган умиддаман. Барчангизни ҳурмат билан қутлайман
».

Путиннинг баёнотидаги сатрбошлар:
«Бу йилдаги учинчи учрашувимизни ўтказдик. Яқин шахсий алоқаларимиз ечимни топишга имкон беради. Биз Идлибдаги кескин ва нозик вазиятни муҳокама қилдик.

Биз ҳар доим муросага кела олардик, ечимлар ҳам топардик. Бугун ҳам шундай бўлди. Бугун яна бир бор тасдиқламоқчимизки, мамлакатларимиз Остона формати доирасида ўз ишларини давом эттиради. Остона жараёнининг аҳамияти тўғрисида келишиб олдик. Биз Суриянинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш тарафдоримиз. Умумий ҳужжат тайёрладик. Икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари ҳужжатни эълон қилишади
».

Келишув матнида нималар баён этилган?
Икки давлат ташқи ишлар вазирлари биргаликда келишув матнини эълон қилишди.

«Туркия Республикаси ва Россия Федерацияси Сурия Араб Республикасида сулҳ амалга оширилишининг кафолатчилари сифатида (бундан буён матнда тарафлар деб юритилади),

Сурия Араб Республикасида эскалацияни камайтириш зоналарини ташкил қилишга оид 2017 йил 4 майдаги Меморандум ва Идлиб эскалацияни камайтириш зоналаридаги ҳолатни барқарорлаштришга оид 2018 йил 17 сентябрдаги Меморандумни эсга олиб,

Сурия Араб Республикасининг суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлиги бўйича қатъий мажбуриятларини таъкидлаб,

Терроризмнинг барча кўринишларига қарши курашиш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи, деб белгиланган барча гуруҳларни йўқ қилишга тайёр эканликларини яна бир бор таъкидлаб, тинч аҳоли ва фуқаро инфратузилмасини нишонга олиш ҳеч қандай асосга эга эмаслигини тан олиб,

Сурия можаросига ҳарбий ечим топилмаслигини ва можарони фақат сурияликларнинг раҳбарлиги ва соҳиблигида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёрдами билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 2254-сонли резолюциясига мувофиқ, сиёсий жараён орқали ҳал этиш мумкинлигини таъкидлаб,

Гуманитар инқирознинг янада ёмонлашувининг олдини олиш, тинч аҳолини ҳимоя қилиш, муҳтож бўлган барча сурияликларга ҳар қандай шартлар ва камситишларсиз ҳимоя ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишини, ички кўчишларнинг олдини олиш, қочқинлар ва ички кўчишдаги одамларнинг ихтиёрий равишда Суриядаги асл яшаш жойларига қайтишларини қулайлаштириш аҳамиятини таъкидлаб,

1. Эскалацияни камайтириш зонасидаги алоқа линиясида барча ҳарбий ҳаракатлар 2020 йил 6 март куни соат 00:01дан эътиборан тўхтатилади.
2. М4 автомагистралининг шимолида 6 км ва жанубида ҳам 6 км масофада хавфсиз йўлак ташкил этилади. Хавфсиз коридордан фойдаланиш билан боғлиқ тартиб-қоидалар Туркия Республикаси ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирликлари ўртасида 7 кун ичида қарорлаштирилади.
3. Туркия-Россия қўшма патрулларининг фаолияти М4 автомагистралининг Трумба шаҳридан (Серакибдан 2 км ғарбда) Айн-Ал-Хавргача бўлган қисмида 2020 йил 15 мартда бошланади.
Ушбу Протокол имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

Протокол турк, рус ва инглиз тилларида учта намунада ва тенг қонуний кучга эга шаклда 2020 йил 5 мартда Москвада имзоланди
».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Идлиб саммити: Путин ва Эрдўған нималарга келишди?