12:18 / 08.04.2020
3 008

Эпидемиядан сўнг Хитойни нималар кутмоқда?

Эпидемиядан сўнг Хитойни нималар кутмоқда?
Фото: EPA/Vostock-photo
Декабрь ойида Хитойда пайдо бўлган ва кейинчалик бошқа қитъаларга тарқалган янги турдаги Covid-19 касаллиги бугун дунё кун тартибидаги энг асосий масала бўлиб турибди. Пандемия нафақат глобал иқтисодиётга, балки АҚШ ва Хитой ўртасидаги рақобатга ҳам жиддий таъсир ўтказиши кутилмоқда. Яъни бундан кейин Хитойнинг сиёсий ва иқтисодий мақсадларида баъзи ўзгаришлар юз бериши аниқ.
Қуйидаги мақолада айни мана шу масалалар хусусида сўз юритилади.

Янги халқаро тартиб ўрнатилиши кутилмоқда
Маълумки, март ойи ўрталарига келиб, Хитой вирусга қарши курашда ғолиб бўлганини эълон қилганди. Эндиликда мамлакатда касалликка чалинишнинг фақат чет эл билан боғлиқ ҳолатлари қайд этилмоқда. Эпидемия маркази эса АҚШ ва Европага кўчиб ўтган.

Коронавируснинг бутун дунёга ёйилиши, халқаро институтлар ҳамда мавжуд тизимларнинг ушбу жараён қаршисида ожиз қолиши ортидан эпидемиядан сўнг янги бир халқаро тартиб ўрнатилиши ҳақида баҳслар юзага кела бошлади ва бу баҳслар ҳамон давом этмоқда.

АҚШ томонидан кескин танқидлар билдирилмоқда
1980-йилларда Дэн Сяопин даври билан «очилиш» жараёнига кирган Хитойнинг ташқи сиёсатдаги мақсад-муддаоларига баҳо беришдан аввал баъзи муҳим тарихий саналарга тўхталиб ўтиш жоиз.

Ўн беш йиллик музокаралардан сўнг, ниҳоят 2001 йилда Хитой Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши, айтиш мумкинки, мамлакатнинг ташқи иқтисодий фаолиятида жиддий бурилиш ясаганди. 2008 йилдаги Пекин Олимпиадаси «Бир дунё, бир орзу» шиори билан Хитойнинг қайтадан уйғонганини бутун дунёга намойиш қилади. Бундан ташқари, 2008 йилдаги глобал молиявий инқироздан жиддий талафотсиз чиқиб олган Хитой юқори иқтисодий ўсиш суръатларини давом эттириш билан бир қаторда, янги бозорларга кириб борди ва Ғарб дунёси билан ўзаро боғлиқ жараёнларга киришди.

Айниқса, Си Цзиньпин даврида Хитой халқаро тизим томонидан «ревизион ҳокимият» сифатида баҳолана бошлади. Хитой анъанага кўра, «тинч юксалиш», «инсониятнинг умумий тақдири», «биргаликда ғалаба қозониш», «бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик» каби тинчликсевар, айни пайтда бир қадам орқада туриб, вазиятни кузатадиган, дарҳол муносабат билдирмайдиган ташқи сиёсат соҳибидир. Бугунги кунда ҳам шунга ўхшаш тушунчалар Си Цзиньпиннинг нутқларида тез-тез тилга олинмоқда. Бироқ Хитой фақатгина сўзда қолиб кетмайдиган ва Ғарб тизимига йўналган бир муқобил куч сифатида одим ташламоқда ва айниқса, АҚШ томонидан кескин танқидларга учрамоқда.

АҚШ-Хитой рақобати эпидемия туфайли орқа фонга ўтиб қолди
Россия билан кенгайиб бораётган ҳамкорлик алоқалари, «Авлод-Йўл» ташаббуси орқали Хитойнинг АҚШ манфаатларига қарши ўлароқ Яқин Шарқ, Ўрта Ер денгизи ва Европада олиб бораётган фаолияти, ҳамкорлик механизмлари, Ғарбнинг марказлашган тизимларга муқобил сифатида яратилган янги институтлар, ҳарбий-технологик имкониятларни кучайтириш – буларнинг барчаси Хитой ташқи сиёсатидаги мақсадларнинг асосий воситаларидир.

2002 йилда SARS (ўткир нафас олиш етишмовчилиги синдроми) тарқалиши нисбатан чекланган ҳудудларга таъсир кўрсатган ва тез орада якун топганди. Ўша пайтда касаллик ЖСТга янги аъзо бўлган ва 2008 йилдаги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилиши кутилаётган Хитойнинг дунёга ўзини намоён этишига озми-кўпми тўсқинлик қилганди. Албатта, Хитойнинг ҳозирги вазияти 2002 йилдагидан нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки ташқи сиёсат нуқтайи назаридан ҳам тубдан фарқ қилади.

Covid-19 инқирози ортидан Хитой янги қийинчиликлар билан юзма-юз келмоқда. Жорий мунозаралар Covid-19’нинг АҚШ ва Хитой ўртасидаги кучлар рақобатига таъсири нуқтайи назаридан ҳам ривожланиб бормоқда. Эпидемияга қадар, АҚШ ва Хитой ўртасида кўплаб масалаларда рақобат давом этаётганди. Ҳозирда эса ушбу рақобат эпидемия туфайли орқа фонга ўтиб қолди.

Мунозаралар қозони ҳали анча қизийди
Айтиш мумкинки, АҚШ ва Хитой ўртасидаги мунозарали кураш бундан кейин ҳам Covid-19’нинг ечими, вакцина ва дори-дармон масалалари бўйича ўзгарувчан йўналишда давом этади.

Сўнгги пайтларда вазият кескинлашди. АҚШ президенти Дональд Трамп «Хитой вируси» ибораси билан Хитойни айблар экан, ўз навбатида Чин давлати ҳукумати АҚШни эпидемияни жиддий қабул қилмаганликда ва Европага етарли даражада ёрдам кўрсатмаганликда айблади. Ҳатто вирус Хитойга АҚШ армияси томонидан олиб келингани ҳақидаги даъволар ҳам ўртага чиқди. G20 йиғилишидан кейин икки мамлакат ўртасидаги кескинлик бироз бўлса-да пасайди, ҳамкорликка оид келишувлар амалга оширилди. Албатта, бу ҳолат вақтинчалик эканини ҳам унутиб қўймаслик керак. Агар АҚШ олдида сайлов жараёнлари турганини инобатга олсак, Хитойга қарши кескин баҳс ва мунозаралар қозони ҳали анча қизийдиганга ўхшайди.

Ушбу рақобат келгусида Европа негизида давом этиши кутилмоқда. Хитой узоқ вақт давомида кўплаб Европа мамлакатлари, хусусан, Германия билан ҳамкорлик қилиш йўлларини изламоқда. Қолаверса, Covid-19’га қарши кураш доирасида Хитойнинг Европага бўлган эътибори янада кучайди.

«Соғлиқни сақлаш дипломатияси» кўлами кенгаймоқда

Вирусга қарши ғалаба эълон қилинганидан сўнг Хитой тиббий асбоб-ускуналар ва тажрибали мутахассислар ёрдамида «Европага ёрдам берувчи мамлакат» имижини яратишга киришди. Албатта, буни Хитойнинг путур етган обрў қўрғонини таъмирлаш учун қилинаётган ҳаракат сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Баъзи Европа мамлакатлари, хусусан, Сербия ва Италия ЕИнинг бепарволигини танқид қилиб, Хитой билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда.

Айни пайтда Хитой Яқин Шарқда Эрон ва Ироққа ҳам ёрдам беришда давом этмоқда. Албатта, бу минтақалар ҳам Хитойнинг «Авлод-Йўл» лойиҳасининг бир қисмидир. Ўрта Ер денгизи ҳавзаси билан биргаликда олиб қараганда, Хитой ўз ташқи сиёсатига «соғлиқни сақлаш дипломатияси»ни ҳам қўшганга ўхшайди.

Тинч океани минтақаси курашнинг яна бир соҳаси бўлиб қолмоқда. Маълумки, Хитой бир мунча вақтдан бери минтақадаги АҚШ иттифоқчиларига қарши денгиз патрулларини кучайтирган. Агар вирус АҚШ ҳарбий кучларига таъсир этса, Хитой Жанубий Хитой денгизидаги кемаларини ҳаракатга келтириши мумкин. Албатта, ушбу вазиятни оқилона баҳолаш керак: Чин ўзини намоён этишига имкон топган ва Европа билан ҳамкорлик қилиш учун фурсат туғилган айни дамларда ҳарбий ҳаракатлар олиб борилиши даргумон.

Ташқи сиёсат икки асосий масалага йўналтирилади
Келгуси даврда Хитой ўзининг ташқи сиёсатини иккита асосий масалага йўналтириши мумкин:

Биринчидан, у глобал нуфузини қайта тиклаб, уни янада мустаҳкамлаб олишга ҳаракат қилади. Эпидемиянинг олдини олмагани ва дунёни ўз вақтида бундан хабардор қилмагани учун танқид қилинаётган Хитой энди янги ҳамкорлик-ёрдам фаолияти билан «Дунёга ёрдам берувчи Хитой» имижини шаклантиришга уринади.

Иккинчидан, АҚШ ва Ғарбга қарши қилаётган рақобатининг бир қисми ўлароқ, ўз тизимини дунёга тушунтиришга ҳаракат қилади. Ғарб институтларининг камчиликлари ва дисфункцияларига урғу беради. Шундай қилиб, у буюк куч рақобатининг етакчисига айланганини исботлаш орқали ўз сиёсий таъсирини чуқурлаштиришда давом этади.

Covid-19 – бурилиш нуқтаси
Covid-19 эпидемияси Хитой иқтисодиёти учун ҳам, жаҳон иқтисодиёти учун ҳам бурилиш нуқтаси бўлиши аниқ. Узоқ вақт давомида юқори ўсиш суръатларига эришган Хитой иқтисодиётида айни дамда бироз пасайиш кузатилмоқда. Маълумки, АҚШ-Хитой рақобати ҳам савдо урушлари кўринишида давом этаётганди. Январь ойида икки томон келишувга эришган бўлса-да, Хитой савдо урушлари жараёнида ҳам бир қатор салбий таъсирларга учради – ташқи савдо ҳажми қисқариб, иқтисодий ўсиш суръатлари секинлашди.

Хитойда вирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилиши ортидан эндиликда иккинчи кураш даври бошланади. Албатта, бу фақат Хитойнинг ўзигагина боғлиқ жараён эмас. Вируснинг бутун дунёга аста-секин тарқалиши ўз навбатида ўнгланиш жараёнлари ҳам тадрижий равишда амалга оширилишига олиб келади. Шу сабабли, Хитой ҳатто тўлиқ қувват билан ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тақдирда ҳам глобал миқёсда талабнинг кескин тушиб кетгани, алоқалар занжири узилиб қолгани сабабли у кўзлаган ўсиш суръатига йил давомида эриша олмаслиги мумкин.

Мақсадлар хавф остида
Айни пайтда Хитой сўнгги 40 йилликда кузатилмаган иқтисодий тангликни бошдан кечирмоқда. Таъкидланишича, эпидемия мобайнида мамлакатда 8 миллион киши ишсиз қолган. Иқтисодий пасайишлар сабаб эндиликда Хитой ҳукумати ўз халқининг талабларини қондира оладими ёки йўқми – бу ҳам бир муаммо.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин 2020 йилда иқтисодиёт учун иккита муҳим мақсадни кўзлаган эди: 2020 йилда Хитойда қашшоқликни бутунлай тугатиш ва 2010 йилдан 2020 йилгача Хитой иқтисодиётини икки баравар ошириш. Ҳозир иккала мақсад ҳам хавф остида турибди.

Маълумки, Хитойда эпидемия назоратга олиниши натижасида ҳаёт аста-секин нормал ҳолатга қайтишни бошлади. Аммо иқтисодиётдаги «тўсатдан тўхташ» сабабли янги ривожланиш муқадддимасининг қанчалик тез ёзилиши номаълум бўлиб турибди. Албатта, бу ноаниқлик Хитой иқтисодиёти билан бир қаторда жаҳон иқтисодиётининг келажагига ҳам таъсир қилади.

Дунё иқтисодиётида ўзаро боғлиқлик мавжудлиги туфайли вирус ортидан келган иқтисодий қийинчиликлар ҳам домино таъсирини яратиши мумкин. Бундай пайтда эса G20 томонидан қабул қилинган қарор муҳим аҳамиятга эга. «Катта йигирматалик»нинг 5 триллион долларлик қутқариш пакети эълон қилиниши натижасида АҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий низолар бироз вақт мобайнида юмшоқ бўлиб қолиши кутилмоқда. Албатта, АҚШнинг сайлов жараёнида эканлиги ва Трампнинг нутқлари кутилмаганда кескин тус олиши мумкинлигини ҳам ёдда тутиш лозим. Шу нуқтайи назаридан, Covid-19 эпидесияси – ҳам имконият, ҳам хавф-хатардир.

Хитой асосий айбдор сифатида кўрилмоқда
Европа ва АҚШ билан таққослаганда, Ғарбдаги шошқалоқлик, тартибсизликлардан фарқли ўлароқ, Хитой бошқарувида тартиб мавжуд. Си Цзиньпин эпидемия бошланган пайт тўлиқ сафарбарлик эълон қилди ва амалга оширилган жадал чоралар туфайли эндиликда давлат вирусга қарши курашда тўлиқ ғалаба қозониш арафасида турибди. Аммо Хитойнинг ахборот масаласида етарлича шаффоф эмаслиги ва вирус билан боғлиқ маълумотларни яшириб келганини ҳам ҳисобга олиш керак.

Ҳа, Хитой гарчи эпидемия устидан ғалаба қозонганини эълон қилган бўлса-да, бутун дунёга вирус тарқалишида у асосий жавобгар сифатида кўрилмоқда. Декабрь ойида янги вирус ҳақида маълумот алмашишга уринган баъзи шифокорлар ва журналистларнинг таъқибга олингани ҳам маълум. Аслида, ўшанда шифокорлардан бири вирусдан вафот этганди, шунинг учун ҳам кейинчалик унинг оиласидан узр сўралди.

Энг катта хавотир – ижтимоий бирдамликнинг бузилганидир
Эпидемия билан курашиш пайтида Хитойда инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келадиган амалиётлар, айрим соғлиқни сақлаш чораларининг етарли эмаслиги ва аҳоли фаровонлигининг пасайиб кетиши сабабли пировардида ижтимоий тартибсизликлар вужудга келиши мумкин.

Маълумки, давлат ва жамият ўртасидаги «ижтимоий бирдамлик шартномаси» Хитойда кўп йиллар давомида мавжуд бўлган. Бугунги кунда Хитой ички сиёсатидаги энг катта хавотир – бу ижтимоий бирдамликнинг бузилганлигидир. Уч ой давомида изоляция қилинган Уҳандаги баъзи норозилик кўринишлари ижтимоий тармоқларда аллақачон тарқала бошлади. Шу боис, эҳтимолий ижтимоий тартибсизликларга қарши Хитойнинг ичкарида қандай қандай йўл тутиши, айни пайтда, ташқи сиёсатда қандай қадами олиши диққат марказида бўлади. Ўттиз йил олдинги Тиананмен ва ўтган йилдаги Ҳонгконг воқеаларидан сўнг, Хитойда янги ва жиддий ғалаёнлар етилаётган бўлиши мумкин.

Си Цзиньпин олдида турган синов ва имконият
Хитой сиёсатининг ташкилий кучи, соғлиқни сақлаш инфратузилмаси, Хитой тизимининг келажаги ва уни Ғарб билан таққослаш бундан кейин ҳам кун тартибида бўлади. Қайсидир маънода, бу инқироз Мао Цзедун ва Ден Сяопин каби «афсонавий давлат раҳбарлари» қаторига кирган Си Цзиньпин олдида турган энг катта сиёсий синов бўлиб, айни пайтда Хитой тизимининг муваффақиятини дунёга исботлаш учун берилган қулай имконият ҳамдир.

Отабек Тиллаев тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эпидемиядан сўнг Хитойни нималар кутмоқда?