
Фото: Getty Images
Янги коронавирус пандемияси Яқин Шарқдаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазиятни янада мураккаблаштириб юбориши мумкин ва бу асосан фуқаролик уруши кетаётган араб давлатларида содир бўлади, деб ёзади The New York Times нашри.
Коронавирус пандемияси Яқин Шарқда уруш кетаётган ҳудудлардан бош олиб кетаётган қочқинларга талафот келтиради. Бундан ташқари, коронавирус Яқин Шарқ мамлакатларидаги қонунийлик ва тартиб билан боғлиқ муаммоларни ҳам юзага келтиради. Яқин Шарқ мамлакатлари ҳукуматлари пандемия борасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун тезкор чораларни кўришга интилаётган бўлса-да, бу авторитар режимга асосланган ҳукуматларнинг ҳокимият тепасида қолиши учун сабаб бўла олмайди.
2011 йилги «Араб баҳори» исёнлари ва ўтган йилдаги норозилик намойишларидан олинган сабоқ шуки, сиёсий кучларнинг барчаси иштироки таъминланмаган сиёсий тизим, коррупция, адолатсизлик ва иқтисодий ночорлик технократияга асосланган режимлар учун мажбурлов каби чоралар муваққат чора. Пандемиядан сўнг Яқин Шарқ мамлакатларида фуқароларни бошқарувда иштирок этиш тенденцияси кучаяди. Айниқса, Ливия, Яман ва Сурияда пандемия бу мамлакатлардаги сиёсатга ҳалокатли таъсир қилади.
Ливия
Полковник Муаммар Каддафи даврида Ливияда соғлиқни сақлаш тизими анча заифлашган эди. Унинг ҳокимиятдан ағдарилишидан тўққиз йил ўтиб, мамлакатда бир қатор фуқаролик урушлари натижасида соғлиқни сақлаш тизими янада абгор ҳолатга келди. Коррупция эса тизимни янада издан чиқарди.
2019 йил апрель ойида бошланган Халифа Хафтарнинг халқаро жамият томонидан дастакланаётган бош вазир Фаиз ас-Сарож ҳукуматини ағдариш учун Триполига қилган зарбаси натижасида бир неча маротаба тиббиёт бўлинмаларига ҳужум уюштирилди. Дунё ҳамжамияти пандемия билан овора бўлиб қолаётган бир вазиятда Ливияда қуролли тўқнашувлар янада авж олмоқда.
Иккига ажралиб қолган мамлакатда ўзаро курашувчи рақиблар пандемия шароитида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун етарли даражада ишлар олиб бораётгани йўқ. Коронавируснинг олдини олиш учун комендантлик соати ва оммавий йиғинларни тақиқлаш билангина коронавирусга қарши курашиб бўлмайди. Боз устига, нефть нархининг тушиб кетиши, нефть терминалларининг Хафтар армияси томонидан қамалга олиниши ва душманлашаётган элитанинг ўз жангариларига ҳақ тўлашдан бош тортаётгани каби ҳолатлар коронавирусга қарши тадбирларни самарасиз қилмоқда.

Ҳарбий амалиётлар даврида ниқоб таққан ливиялик жангарилар.
Фото: Getty Images
Мамлакатда сиёсий ҳокимият қуролли гуруҳларга тобе экан, мазкур гуруҳлар соғлиқни сақлашдаги инқироздан ўз нуфуз ва таъсирларини ёйишда фойдаланиши ҳам мумкин. Хафтар назоратидаги жангарилар шимолий Ливиядаги шифокорларга коронавирус билан боғлиқ вазият борасида ҳақиқатни айтгани учун таҳдидга учрамоқда. Ливиянинг бир туманида коронавирус аниқланадиган бўлса, у ҳолда мазкур туманнинг аҳолиси жангариларнинг шафқатсизлигига ҳам дучор бўлиши мумкин.
Яман
Ливия билан солиштирганда Ямандаги вазият анчайин даҳшатли тус олди. Яманда уруш ва касалликлар симбиоз ҳолатда яшамоқда. Ҳозирги замонда Яманда юзага келган вабо касаллигини тарқалиши Саудия Арабистони бошчилигидаги коалициянинг Ямандаги шифохоналарни, сув таъминоти марказларини ҳаво ҳужуми нишонига айланиши натижаси ҳисобланади.
Ҳарбий амалиётлар натижасида бугунда яманликлар очарчиликни бошидан кечириб, яманликларнинг ҳаёти бугунда хориждан келадиган ёрдам ва ёқилғи импортига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бугун Яманда коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилмаганини, аввало, мамлакатда вирусни аниқлашга ёрдам берадиган тестларнинг мавжуд эмаслиги билан изоҳлаш мумкин. Коронавирус пандемияси кучаядиган бўлса, яманликлар коронавирус ва очарчилик ўртасида қолиб кетади.
Ҳарбий амалиётлар Ямандаги соғлиқни сақлаш тизимини пароканда қилди, шифокорлар мамлакатдан қочиб чиқмоқда. Вирус тарқаладиган бўлса, аҳоли зич яшайдиган мамлакатда янада кўпроқ қурбонлар бўлиши, мамлакатда жангари гуруҳлар ҳокимиятни ўз қўлига олиши мумкин.
Сурия
Сурия ҳам ўз тарихи мобайнидаги энг мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Ассад режими ва унинг ҳимоячиси расмий Кремль қуролли кучлари мамлакатда мухолифот қўл остида бўлган ҳудудларга ҳаво зарбаси бермоқда. Натижада мамлакатда шифохоналар вайрон бўлди. Уч миллион аҳолига эга бўлган Идлиб вилоятида бор-йўғи 153 дона сунъий нафас олдириш аппарати мавжуд. Сув таъминотидаги узилишлар, аҳолининг ўта зич жойлашуви каби ҳолатлар Идлибда коронавирусдан вафот этадиганлар сони 100 мингдан ошиб кетишини тахмин қилишга асос бўлади.

Фото: Getty Images
Сурия иқтисодиёти инқирозга юз тутган, Сурия лираси эса қадрсизланишда давом этмоқда. Коронавирус пандемияси бошлангунга қадар Сурияда иқтисодий танглик ва тиббий ёрдам олишнинг имконсизлиги сабаб бир қатор норозилик намойишлари бўлди. Ҳозирги вазиятда бундай норозиликлар янада авж олиши мумкин.
Яқин Шарқ минтақасининг бой мамлакатлари ҳам нефть нархининг арзонлашуви натижасида машаққатли даврларни бошидан ўтказяпти. Сайёҳликни, логистикани ва савдо-сотиқни ривожлантириш истиқболлари ҳозирча кўринмаяпти. Бой араб мамлакатлари мазкур иқтисодий қийинчилик даврида ўз давлатлари бюджетларини чеклашга мажбур бўлмоқда. Шундай бир вазиятда бой араб мамлакатлари саховатидан Миср, Марокаш ва Иордания каби мамлакатлар маҳрум бўлиши аниқроқ бўлиб қолди. Коронавирус сабаб бу мамлакатларда юзага келган оғриқли вазият бироз тинчиган, норозилик уюштираётганлар янги куч тўплаш учун ҳозир карантинда янги режалар тузаётган ҳамдир.
Араб давлатлари раҳбарияти қийинчиликлар олдида бугун яккама-якка қолмоқда. Шундай оғир дамларда бой араб кўрфази мамлакатлари, халқаро ташкилотлар, АҚШ ва Европа Иттифоқи олиб келадиган ёрдам бу сафар бўлмайди. Халқаро ташкилотлар иқтисодий қийинчиликни бошидан кечираётган араб мамлакатларига маълум миқдорда ёрдам берса-да, уларнинг ҳам халқаро ресессия кузатилаётган бир даврдаги маблағлари захираси чекланган. Европа Иттифоқи коронавирусдан мисли кўрилмаган даражада азият чекмоқда. АҚШ эса коронавирус сабаб ички сиёсати билан овора бўлиб қолди.
Араб мамлакатлари ҳозирча вазиятни ўнглаши мумкин. Бунинг учун кичик ўзгаришлардан бошлаб, мамлакатдаги сиёсий вазиятни чуқур тубдан ўйлаб кўриш – бошқаларнинг қўли билан олиб борилаётган сиёсий низолардан воз кечиш керак.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар