date

Олимлар 117 ёшга етган аёл узоқ умрининг асосий сабабларини топди

Олимлар 117 ёшга етган аёл узоқ умрининг асосий сабабларини топди

Дунёда энг кекса инсонлардан бири сифатида танилган Мария Браняснинг 117 ёшгача яшашига сабаб бўлган омиллар бўйича олимлар аниқ таҳлил ўтказди. Science Alert тарқатган маълумотларга кўра, Браняснинг организмида ноёб генетик хусусиятлар мавжуд бўлиб, улар инсон умрини узайтириш, юрак ва мия саломатлигини сақлаш, шунингдек иммун тизимини мустаҳкам ҳолатда ушлаб туриш билан боғлиқ экани аниқланган.

Испаниялик олимлар Cell Reports Medicine журналида эълон қилинган мақолада ушбу натижалар инсон қариш жараёни биологиясини янгича тушунишга туртки бўлиши, соғлом қариш белгиларини аниқлаш ва умр давомийлигини узайтиришга хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади.

Тадқиқотлар Браняс 2024 йилда вафотидан аввал ихтиёрий топширган қон, сўлак, сийдик ва нажас намуналари асосида амалга оширилди. Барселонадаги Жозеп Каррерас номидаги Лейкемия тадқиқотлари институти олимлари унинг ҳужайралари хронологик ёшига қараганда анча ёшроқ ҳолатда бўлганини қайд этди. Бу эса Каталониядаги аёллар учун ўртача умр кўриш давомийлигидан қарийб 30 йилга кўпроқ яшаш имконини берди.

Мария Браняс ёши улуғ бўлишига қарамай, юрак-қон томир тизими соғломлиги, яллиғланиш даражасининг пастлиги ва иммунитет кўрсаткичлари ёш гуруҳларникига яқинлиги билан ажралиб турган. Унинг ичак микробиомаси ҳам жуда яхши ҳолатда бўлган. Олимлар таъкидлаганидек, у ерда «ёмон» холестерин ва триглицеридлар даражаси жуда паст, «яхши» холестерин эса ўта юқори кўрсаткичларда қайд этилган.

Олимлар бу ҳолатлар Мариянинг ноодатий узоқ умр кўришини ва аъло даражадаги соғлиғини изоҳлашга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Шу билан бирга, у фақат генетикада омадли эмас, балки интеллектуал, ижтимоий ва жисмоний жиҳатдан ҳам фаол ҳаёт тарзи билан ажралиб турган. Ўртаер денгизи диетаси, хусусан, юқори йогурт миқдорига эга парҳез ҳам унинг узоқ умрида муҳим омил сифатида қайд этилди.

Бироқ олимлар ёдга олишича, бундай ҳолатлар алоҳида шахс мисолида ўрганилганда чекланган қийматга эга бўлади. Уларни кенг жамоатчиликка татбиқ этиш учун кўламли тадқиқотлар ўтказиш зарур.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар 117 ёшга етган аёл узоқ умрининг асосий сабабларини топди