
Доминик Рааб / AFP
Британия ҳукумати пайшанба куни коронавирус туфайли карантин чораларини яна камида уч ҳафтага узайтирди, бу ҳақда Ташқи ишлар вазири, ҳукуматни вақтинча бошқариб турган Доминик Рааб брифинг чоғида эълон қилди.
Британияда 26 мартда жорий этилган карантин ҳозирча май ойи бошига қадар давом этиши аниқ, аммо ҳукумат вирус тарқалиши тўхтасагина чораларни бекор қилиши мумкин.
Сўнгги бир кунда Британиядаги шифохоналарда яна 861 киши коронавирус қурбонига айланган. Пандемия бошланганидан буён мамлакатда коронавирусдан ҳалок бўлганлар сони 13728 нафарни ташкил қилмоқда.
«Биз ҳали вирус тарқалиши тезлигини етарли даражага тушира олмадик», деган Рааб.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирда карантинни бекор қилиш касалланиш ҳолатлари сони кескин ортишига олиб келади.
У Британия ҳукумати карантинни бекор қилишда бир қатор мезонларга риоя қилишини билдирди.
Бу критериялар - биринчи навбатда, янги зарарланиш ҳолатлари сони ва ўлимлар сони барқарор равишда камайиши, шифохоналарга юкламалар камайиши таъминланиши билан боғлиқ.
Март ойи охиридан Бирлашган қиролликнинг аксар аҳолиси жамоат жойларида гуруҳ бўлиб тўпланиш тақиқланган ҳолатда яшай бошлади. Истиснолар фақат муҳим иш фаолияти билан банд бўлганлар учун қўлланади.
Уйдан чиқиш тақиқланмаган - фақат бунга сабаб бўлиши керак, сабаблар рўйхати кенг. Булар қаторида кўчада югуришга ва бошқа жисмоний машқларни бажаришга чиқиш, шунингдек, харидга, дафн маросимига ёки судга, қон топширишга ва яна бир қатор сабаблар бор.
Европадаги вазият
Франция яна 1438 киши коронавирусдан вафот этганини маълум қилди - бу эпидемия бошланганидан буён кунлик ўлим бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Аммо, айрим маълумотларга кўра, бу рақам Пасха байрами кунларида қариялар уйларида қайд этилган ўлимларни ҳам ўз ичига олади.
Нима бўлганда ҳам, Франциядаги вазият жуда жиддийлигича қолмоқда. Француз армиясининг «Шарль де Голль» номли авиаташувчиси бортида ҳам Covid-19 тарқалган. Қарийб 700 нафар денгизчида вирус аниқланган, улардан 20 нафари оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Мамлакатда аввалроқ қатъий карантин чоралари 11 майга қадар узайтирилганди, кўп эҳтимол билан бу муддат яна узаяди.

Буюк Британияда қайд этилаётган ҳар 10 ўлимдан 9тасида беморлар соғлиқ билан боғлиқ муаммоларга эга бўлишган
GETTY IMAGES
Жума куни Сербияда ҳам қатъий карантин чоралари кучга кирди. Дастлабки маълумотларга кўра, бундай чоралар 84 соатга киритилган. Шу тариқа, мамлакат ҳукумати Пасха кунлари даврида коронавирус кенг тарқалишининг олдини олмоқчи.
Сўнгги бир кунда Россиянинг 78 регионида жами 3 448 кишида коронавирус инфекциясидан зарарланиш ҳолати аниқланди. Бу эпидемия бошланганидан буён энг кўп кунлик ўсиш кўрсаткичидир. Пайшанба куни ҳолатига кўра, мамлакатда 84 регионда жами 27 938та зарарланиш ҳолати қайд этилган, 34 бемор вафот этган.
Лихнештейн ҳукумати биометрик билагузуклар тизимини жорий этди, у коронавирус аломатлари ҳақида сигнал беради - тана ҳарорати кўтарилиши, нафас олишда қийналиш ва юрак уриши ўзгариши.
Билагузук юборган маълумотлар Швейцариядаги лабораторияда қайта ишланади, шундан сўнг унинг эгаси ва у билан алоқада бўлганлар Covid-19 учун тест топшириши мумкин.
Пайшанба куни бундай қурилмалар князлик фуқароларидан ҳар йигирманчисига тақдим этилди, кузгача мамлакат фуқароларининг барчаси шундай билагузукларга эга бўлиши режалаштирилган.
16 апрель ҳолатига кўра, бутун дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари 2,16 миллиондан ошди, қурбонлар сони 144 мингдан ортиқни ташкил этмоқда, 546 мингдан ортиқ киши соғайиб кетган.
Европанинг бошқа қисмида бўшашиш
Шу билан биргаликда, Европанинг бир қатор давлатлари карантин чораларини бекор қилишни бошлаган. Ҳафта бошида Испанияда бир қанча заводлар ва корхоналар фаолияти тикланди ҳамда миллионлаб ишчилар ўз иш жойларига қайтишди. Европа Иттифоқи эса бу қарор учун мамлакат ҳукуматини танқид қилган ва мамлакатда эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Барселона мэри Ада Колау / GETTY IMAGES
Испанияда болалар ҳамон уйдан чиқиши тақиқланади. Бундай қатъий чора Европанинг бирор давлатида қўлланмаган. Барселона мэри Ада Колау фейсбукдаги саҳифасида «Испания болаларини озод қилинг» сарлавҳали пост қолдирган. Унинг сўзларига кўра, у ўз фарзандлари ва мамлакатдаги барча болаларнинг руҳий ҳолати ўзгаришидан ташвишда. Колаунинг ҳисоблашича, ушбу карантин чорасини зудлик билан юмшатиш даркор.
Европа Иттифоқи Италиядан эпидемия бошланган вақтда ушбу мамлакатга етарлича ёрдам кўрсатмагани учун узр сўради. Италия Covid-19дан энг кўп жабр кўрган мамлакатдир, шу вақтгача бу ерда 21 500 одам вирусга чалиниш оқибатида ҳалок бўлди. Зарарланишлар сони бўйича эса Испания (165 155) Италияни (182 816) ортда қолдирган.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ЕИ ўз вақтида Италияга ёрдам қўлини чўзмаганини тан олиб, ўша вақтга ҳеч ким бундай вазиятга тайёр бўлмаганини айтиб ўтган.
Германия канцлери Ангела Меркель кейинги ҳафтадан мамлакатда чекланган миқдорда дўконлар очилишини маълум қилди.
Меркель хонимнинг сўзларига кўра, мамлакатда эпидемияга қарши курашда «муваққат муваффақиятга эришилган». Германияда ўлим даражаси нисбатан паст - 135 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолати қайд этилгани ҳолда 3 804 ўлим қайд этилган.
ЖССТнинг Европа бўлими пайшанба куни қатор давлатларда ижобий динамика кузатилаётганига қарамай қитъада умумий вазият ёмонлашишда давом этаётганини таъкидлади ва мамлакатларни карантин чораларини барвақт юмшатмасликка чақирди.
Америкалик миллиардер ва филантроп Билл Гейтснинг The Gates Foundation фонди пандемияга қарши курашга қўшимча воситалар ажратди. Фонд бутун дунё бўйлаб қатор лойиҳаларни, жумладан Covid-19га қарши вакцина яратишни молиялаштирмоқда.
АҚШдаги вазият
Пайшанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатнинг айрим штатларида карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилиниши режаси ҳақида эълон қилди.
Трамп иқтисодий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда карантин чоралари тезроқ бекор қилиниши тарафдори ҳисобланади.

Нью-Йоркнинг Бронкс туманида тиббий ниқобсиз одамни учратиш қийин. АҚШ зарарланиш, ўлим ва ишсизлик бўйича рекордларни янгиламоқда EPA
Эпидемия бошланганидан буён ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қилган америкаликлар сони 21 миллион нафардан ошди. Бу АҚШ тарихида ишсизлик даражаси бўйича бемисл кўрсаткичдир.
Айни вақтда мамлакат Covid-19 дан зарарланиш ва ўлим ҳолатлари бўйича биринчи ўринда. Айни вақтгача АҚШда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари 670 мингдан, қурбонлар сони 34 мингдан ошган.
Трампнинг фикрича, мамлакат вирус тарқалишининг авж олиш нуқтасидан ўтиб бўлган, аммо қатор штатлар губернаторлари карантин чораларини бекор қилишга ҳали вақтли деб ҳисоблашмоқда ва президентга у маҳаллий ҳукуматлар қарорларини бекор қилишга ҳақли эмаслигини эслатишмоқда. Трамп аввалроқ АҚШ президенти мутлақ ҳокимиятга эгалигини айтган, аммо кейинроқ губернаторларнинг қарорларини бекор қила олмаслигини тан олиб, уларни баҳамжиҳат ишлашга чақирганди.
У йирик корхоналар ва саноатчилар билан музокаралар ўтказгани, улардан ўз ходимларини иш вақтида зарур ҳимоя воситалари билан таъминлаши ҳамда улар орасида етарли миқдорда тестлар ўтказилишини таъминлашни сўраган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар