10:14 / 26.04.2020
4 441

Уч оёқли дастур барбод бўлдими: Муҳаммад ибн Салмон қўрқинчли туш кўрмоқда

Уч оёқли дастур барбод бўлдими: Муҳаммад ибн Салмон қўрқинчли туш кўрмоқда
Муҳаммад ибн Салмон Ол Сауд/Фото: Erin Schaff/The New York Times
Жаҳон энергия бозоридаги беқарорлик, Covid-19 эпидемияси туфайли юзага келган иқтисодий қисқаришлар ортидан нефть ва ҳаждан келадиган даромадлар кескин пасайиб кетгани Муҳаммад ибн Салмон тузган режаларни чиппакка чиқармоқда.

Уч оёқли дастур амалга ошадими?
Ёш чоғидаёқ подшоҳликка номзод сифатида кўрилган, келгусида Саудия Арабистонининг подшоҳи бўлиши кутилаётган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон миллий ва халқаро кучларда ўзига нисбатан ишонч уйғотиш учун улкан муваффақиятларни қўлга киритиши керак эди. У тахтга олиб борувчи йўл стратегиясини тузар экан, ҳарбий ғалабалар, иқтисодий муваффақиятлар ва ички сиёсий ислоҳотлардан ташкил топган уч оёқли дастурни ишлаб чиқди. Зотан, ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги ютуқлар Саудия Арабистони жамоатчилигини, хусусан, ёшларни ҳаяжонга солиши, Муҳаммад ибн Салмоннинг чексиз ҳокимиятни қўлга киритиши учун замин ҳозирлаши лозим эди.

Ҳали 30 ёшга кириб улгурмай, сиёсий карьерасига шиддат билан киришиб кетган Муҳаммад ибн Салмон 2015 йилда Яманга қарши ҳарбий ҳаракатларни, 2016 йилда «Визион 2030» ва 2017 йилда «Мўътадил Ислом» лойиҳаларини эълон қилди. Агар ушбу лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилса, ҳарбий соҳада мамлакат ғалабага эришган, иқтисодиёт нефтга қарамликдан қутқарилган, давлатга садоқат куч ва пул билан эмас, миллий онг билан таъминланган бўлар эди.

Аммо сўнгги беш йил ушбу мақсадларга эришиш унчалик осон эмаслигини кўрсатди. Бундан ташқари, ушбу йўлда олиб борилаётган шафқатсиз ва можароли сиёсат Саудия Арабистонини чуқур ҳарбий, иқтисодий ва ижтимоий инқироз жари томон етаклаб бормоқда. Айниқса, март ойи бошида Муҳаммад ибн Салмоннинг Россия билан бошлаган нефть уруши натижасида қора олтин нархининг тарихий қулаши Саудия Арабистони иқтисодиётига оғир юк бўлиб тушиш баробарида давлатнинг энг муҳим иттифоқчиси бўлган Америка Қўшма Штатларининг қарийб юз йил давомида саудияликларга сақлаган сиёсий қўллаб-қувватловига ҳам барҳам бериши мумкин.

Яман – ҳукмдорларнинг кўп асрлик бош оғриғи

Ямандаги ҳусийчилар Фото: Reuters
Ҳарбий муваффақият араб жамиятида қиролга содиқликнинг муҳим элементларидан биридир. Саудлар давлат асосчиси қирол Абдулазиз ибн Сауддан кейин порлоқ ҳарбий ғалабага эриша олгани йўқ. Шу сабабли, Абдулазиз ибн Сауднинг 1902 йилда Ар-Риёдни босиб олиши, Рашидий амирлигини фатҳ этиши саудияликларнинг сўнгги юз йилликда қўлга киритган энг муҳим ва ягона ҳарбий ғалабасидир.

Абдулазиз ибн Сауд ўз оиласи билан Кувайтда қувғинда бўлган пайт отаси Абдурраҳмон ибн Файсал ибн Туркий Ол Сауддан рухсат олмай, бу ҳужумни яширинча амалга оширганди. 27 ёшидаёқ қозонган ушбу улкан ғалабаси орқали у Саудия уламоси ва сулола аъзоларининг эътирофига сазовор бўлган, шу асно отаси тириклигидаёқ уларнинг қўллаб-қувватлови остида Саудия тахти сари йўл олганди.

Яман – Саудия Арабистони ўтган асрда дуч келган энг муҳим миллий хавфсизлик таҳдидларидан биридир. Ҳатто давлат асосчиси Абдулазиз ибн Сауд 1953 йилда вафот этаётган чоғ бу таҳликага ишора қилиб, авлодларига «Яманни заиф тутинг», деб маслаҳат берганди. Яман туғдираётган таҳдидлар Саудия Арабистони ҳукмдорларининг кўп асрлик бош оғриғидир. Бобоси Абдуллазиз ибн Сауд, ҳатто амакилари Файсал, Фахд ва Абдуллоҳ удда эта олмаган, мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётида кучли таҳлика яратган Яман муаммосини ҳал қилиш – Муҳаммад ибн Салмонни худди Ар-Риёдни забт этган бобоси Абдулазиз ибн Сауд сингари миллий қаҳрамонга айлантириши мумкин эди.

Бироқ Саудия Арабистони ҳарбий салоҳиятини, халқаро сиёсий тартибни ва минтақадаги рақибларнинг ҳарбий имкониятларини нотўғри баҳолаш, миллий хавфсизлик масалаларини мамлакат ичкарисидаги тахт кураши билан қориштириб юбориш ҳеч қандай муваффақиятга олиб келмади, аксинча, иқтисодий манбалар емирилишига сабаб бўлди. Айни пайтда нафақат ислом оламида, балки халқаро майдонда ҳам саудияликларнинг обрўсига жиддий путур етказди.

Муҳаммад ибн Салмон энг замонавий қурол-аслаҳалар билан жиҳозланган икки юз мингдан ортиқ аскар тимсолида Саудия Арабистони ҳарбий салоҳиятига ишонган эди. Аммо Яман уруши фронтда ғалаба қозониш учун аскарлар сони ва қурол-яроғдаги устунлик зафар қозониш учун ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди. Қолаверса, Муҳаммад ибн Салмон АҚШ ва Ғарбдаги иттифоқдош давлатлар худди ўтмишдаги каби Яман урушида ҳам қўллаб-қувватлайди, деб янглишди.

Ғарбдагилар унга бу урушда истаб-истамайгина чекланган шаклда ёрдам кўрсатди, холос. Яман каби муҳим миллий хавфсизлик масаласини тахт ўйинларидаги воситага айлантириш алалоқибат ҳарбий кучнинг заифлашишига сабаб бўлди. Чунки Яманга қарши уруш қарори қабул қилинган пайт Саудия Арабистони ҳарбий имкониятларининг таянчи – миллий гвардия қўмондони, Муҳаммад ибн Салмоннинг амакиси Мутиб ибн Абдулла чет элда эди ва унинг бу борадаги фикри сўралмаганди.

Янги турдаги коронавирус билан курашиш баҳонасида ўтган ҳафта эълон қилинган бир томонлама сулҳ, айтиш мумкинки, Ямандан чиқиб кетиш учун ташланган дастлабки қадамдир. Чунки ушбу урушнинг бефойдалиги, иқтисодиётга ортиқча юк экани анча пайтдан бери Саудия жамоатчилиги ва сулола доираларида баралла муҳокама қилиб келинмоқда. Шу боис улар ўз миллий қадр-қимматларига зарар етказмаган ҳолда Ямандан чиқиш йўлларини излай бошладилар.

Нефть нархларининг тарихий қулаши
Муҳаммад ибн Салмон иқтисодиётнинг аввалбошданоқ нефтга қарамлигини, мамлакат сиёсий барқарорлиги нефть нархларига таъсирчан эканини билгани учун ҳам давлатни қайта тузиш ва бу орқали тахтга даъво қилишни кўзлади. Шунинг учун, 2016 йил эълон қилган «Визион 2030» дастури уч жиҳатни ўз ичига олганлигини таъкидлади: ривожланган иқтисодиёт, интилувчан миллат ва динамик жамият.

АҚШда 2000-йиллар бошларида пайдо бўлган «сланецли газ» инқилоби, айтиш мумкинки, глобал энергия бозорида Саудия Арабистони тахтини ларзага келтирувчи жараённи бошлаб берди. Кўп йиллар давомида сиёсий ҳокимиятнинг энг муҳим дастаги бўлган нефть даромадларининг пасайиши ва ҳатто сўниш нуқтасига етиб келиш эҳтимоли, шубҳасиз, Саудия Арабистони учун даҳшатли сценарийдир.

Муҳаммад ибн Салмон улкан энергия захираси ва нефтнинг юқори нархи туфайли йиллар давомида жамғарилган маблағлардан фойдаланиб, мамлакатда иқтисодий ўзгаришлар ясашга чоғланди. Шу тарзда, у сиёсий негизнинг энг муҳим таркибий қисми – иқтисодий барқарорликни таъминламоқчи бўлди. Унинг режасига кўра, Саудия Арабистон Яқин Шарқ минтақасининг иқтисодий ва молиявий марказига айланиши керак эди.

Бироқ АҚШ ва Россия каби гигантларнинг глобал энергия бозорида ортиб бораётган роли ва эпидемия шароитида талабнинг кескин камайиб кетиши сўнгги 10 йил ичидаги нефть нархлари пасайишининг иккинчи тўлқинига йўл очди. Биринчи тўлқин 2014 йил июнда юз берганди. Ўшанда нарх бир неча ой ичида 110 доллардан эллик фоизга пасайиб, 50-60 долларгача тушиб кетганди.

Бугун эса нефть нархи 60 доллардан 12-20 долларгача тушиб кетди. Ўтган ҳафта OPEC+ давлатлари томонидан имзоланган ва май ойи бошида кучга кирувчи, миқдорий жиҳатдан глобал энергия тарихидаги энг катта кўрсаткич – 9,7 миллион барреллик нефть қазиб олиш қисқартирилишига қарамай, нархлар сўнгги қирқ йилнинг энг паст даражасида, яъни 20 доллар атрофида қолишда давом этди.

Сўнгги беш йил ичида нефть нархининг саксон фоизгача пасайиши Саудия бюджетига жуда катта салбий таъсир кўрсатди. Қолаверса, Яман уруши ва «Араб баҳори» даврида юзага келган инқилобий тўлқинни қайтариш саудияликларнинг харажатларини кўпайтириб юборди. Нефть зарбаси, айниқса, Covid-19 сабаб бекор қилинган ҳаж ва умра визалари мамлакатни нефтдан кейинги энг муҳим иккинчи даромад манбайидан маҳрум қилди. Икки муқаддас шаҳар – Макка ва Мадинанинг 1798 йилда Наполеоннинг Мисрга бостириб кирганидан бери илк марта ибодат учун ёпилиши нафақат иқтисодий йўқотишларга, балки саудияликларнинг ислом оламига даъво қилган мафкуравий раҳбарлигига ҳам зиён етказди.

ARAMCO муаммолар гирдобида

Фото: Ian Forsyth / Getty Images
Агар нефть нархи ҳозирги даражада сақланиб қолса, Саудия Арабистони даромадлари 40 фоизга камайиши аниқ. Олти ой олдин дунёдаги энг катта – 1,8 трлн долларлик оммавий таклиф операциясини амалга оширган ARAMCO ўз тарихидаги мислсиз йўқотишларга дуч келди. Саудия фонд биржасининг энг муҳим компанияси бўлган ARAMCO акцияларининг қадрсизланиши сўнгги уч ой ичида 25 фоиздан ошди. Компаниянинг молиявий қиймати юз миллиардлаб доллар йўқотиб, 1,5 трлн доллардан пасайиб кетди.

Зотан, ўтган ҳафта Reuters нашрида «ARAMCO халқаро молиячилар билан 10 миллиард доллар кредит олиш тўғрисида музокаралар олиб боради» сарлавҳали хабар эълон қилиниши ҳам дунёдаги энг қиммат компаниянинг молиявий аҳволи ҳақида хулоса қилиш учун етарлидир. 2016 йилда эълон қилинган «Визион 2030» дастурида 30 фоиз қилиб белгиланган давлат қарзининг чегараси яқинда 50 фоизга кўтарилди, табиийки, бу ҳолат Саудия Арабистонининг келажагига «ойна тутмоқда».

2019 йил декабрь ойида эълон қилинган 2020 йил учун бюджетда мамлакат тарихидаги энг катта бюджет тақчиллигидан кузатилиши ҳисоблаб чиқилган эди. Бундан ташқари, ушбу бюджет тайёрланаётганда, нефть нархи 60 доллар эди. Нефть нархларининг тарихий қулаши ушбу бюджет тақчиллигини янада ошириши шубҳасиз, албатта.

Шунинг учун март ойида Ар-Риёд маъмурияти 2020 йил бюджетини беш фоизга, давлат харажатларини 13,2 миллиард долларга, харажатларни эса 20 фоизга қисқартириш учун фавқулодда режалар тайёрлаётганини эълон қилди. Тўғри, нефть нархлари кескин пасайиб кетиши ортидан иқтисоди инқирозга учраган давлат фақатгина Саудия Арабистони эмас. Зотан, Бирлашган Араб Амирликлари маъмурияти ҳам юзага келган молиявий инқирозни бартараф этиш учун 7 миллиард доллар қарз олишга мажбур бўлди.

АҚШнинг қўллаб-қувватлови қисқариб боради

Фото: REUTERS/Kevin Lamarque
Сўнгги 10 йил ичида глобал энергия бозорида содир бўлган туб ўзгаришлар ва Covid-19 жараёнидаги иқтисодий пасайиш туфайли нефть ва зиёрат туризми даромадларининг кескин камайиши бундан тўрт йил олдин Муҳаммад ибн Салмон режалаштирган иқтисодий муваффақиятни чиппакка чиқармоқда. Ҳаддан ташқари оптимистик муҳитда режалаштирилган ва Саудия бюджетига оғир юк бўлиб тушган Яман уруши ва бутун Яқин Шарқ минтақасида олиб борилган аксилинқилобий сиёсат муваффақият келтирмади.

2015 йилда Салмон ибн Абдулазиз тахтга ўтирганида 732 миллиард долларни ташкил этган давлат захираси тўрт йил ичида олиб борилган можароли сиёсат туфайли 239 миллиард долларга камайди ва 499 миллиард долларга тушиб қолди. Кўзланган мақсадларга эришиш учун олиб борилган тажовузкор ташқи сиёсат саудияликларнинг ислом дунёсидаги ва халқаро майдондаги обрўсига жиддий зарар етказди.

Ўтган ҳафта ишлаб чиқаришни қисқартириш бўйича келишувга эришилганига қарамай, нархлар кутилган даражада бўлмагани кун тартибига янги қисқартиришларни олиб чиқади. Айниқса, фьючерс бозорларида нефть сотила бошланган 1983 йилдан бери кузатилган энг ёмон кун – 20 апрель бозорда маҳсулотларнинг кўплиги, ортиқча захира тўпланиб қолгани АҚШ нефтининг минусга (-40 доллар) тушишига сабаб бўлди.

Ҳисоб-китобларга кўра, агар АҚШ нефтининг нархи 20 долларни ташкил қилса, 533та; 10 долларни ташкил қилса, 1100дан ортиқ АҚШ нефть компаниялари 2021 йил охирига қадар банкротлик эълон қилишга мажбур бўлади. Covid-19 жараёнида ишсизлик даражаси ошиши билан курашаётган АҚШ иқтисодиёти учун бу зарбани кўтариш осон бўлмаслиги аниқ.

Яқинлашиб келаётган президентлик сайловлари Дональд Трамп маъмуриятига босим ўтказаётгани, қолаверса, энергия бозоридаги беқарор вазият Вашингтоннинг Муҳаммад ибн Салмонга нисбатан муносабатини ҳам ўзгартиради. Март ойи бошидаги OPEC+ саммитида нефть урушини бошланишига валиаҳд шаҳзода сабабчи бўлгани ҳам унинг маъмуриятига нафақат иқтисодий, балки сиёсий юк тушишини англатади.

АҚШ иқтисодиёти учун нефтдаги арзон нархларнинг фактураси оғирлашгани сайин, Муҳаммад ибн Салмоннинг АҚШ ишбилармон ва сиёсий доираларидаги қўллаб-қувватлови қисқариб боради. Чунки ҳозирданоқ АҚШ матбуотида Муҳаммад ибн Салмоннинг АҚШ нефть саноатини йўқ қилишга қаратилган сиёсати ҳақида ёзила бошланди.

Бўшлиқлар юзага келиши мумкин
Саудия Арабистонидаги сўнгги воқеалар мамлакат ички сиёсатида ҳам, минтақавий миқёсда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатнинг ички сиёсатида путурдан кетаётган ҳокимият учун курашлар ҳам Муҳаммад ибн Салмоннинг қўлини қисқа қилиб қўйиши эҳтимоли юқори. Ушбу жараёнда валиаҳд шаҳзоданинг рақиблар ва мухолифатга нисбатан янада шафқатсиз сиёсат олиб боришини тахмин қилиш мумкин.

Бу ўринда Covid-19 жараёни туфайли вужудга келган глобал иқтисодий инқироз ва ноябрь ойида АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари натижалари ҳам валиаҳд шаҳзоданинг сиёсий мартабаси учун муҳим аҳамиятга эга. Нефть нархлари қулаган ҳозирги салбий муҳитда Муҳаммад ибн Салмонга Вашингтон томонидан берилаётган ёрдам ҳам сезиларли даражада камаяди. Айни пайтда ҳам иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан заифлашган шаҳзоданинг ички рақиблари бу жараёнда янги ташаббусларни амалга оширишлари мумкин.

Устига устак, минтақавий миқёсда ҳарбий имкониятларнинг заифлиги ва иқтисодий қийинчиликлар мамлакат ўтмишининг заиф нуқталари – Форс кўрфази, Қизил денгиз ва Ўрта Ер денгизи шарқида бўшлиқларни юзага келтириши мумкин. Саудияликлар ушбу минтақалардаги ўз иттифоқчиларига молиявий ёрдам кўрсатишда қийналишлари аниқ.

Отабек Тиллаев тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Уч оёқли дастур барбод бўлдими: Муҳаммад ибн Салмон қўрқинчли туш кўрмоқда