
“Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Рубен Аморим яна бир бор жамоа ўйинидаги тактик масалаларга ойдинлик киритди. Португалиялик мутахассис бир неча ойлардан бери мухлислар ва экспертлар томонидан 3–4–3 схемасидан воз кечмасликда айбланиб келганди. Аммо Аморимнинг фикрича, жамоани қийнаётган омил тактика эмас, умуман бошқа жиҳатларда кўринади.
Унинг айтишича, футболда схема фақат бошланғич нуқта, холос. Кейинги жараёнда эса динамика, ўзаро ишонч, ўйин темпи ва рақобатбардошлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб қолади.
“Мен бу ҳақда ойлар давомида гапиряпман: схема – муаммо эмас. Бу шунчаки ўйинни қай тарзда бошлашимизни кўрсатади. Лекин асосий рол ўйнаш услубимиз, характеримиз, ўзаро ишончимиз ва динамикада. Шу мавсумдаги ўйинларни таҳлил қилсак, муаммолар тактика туфайли юзага келмаган. Бизда энг катта камчилик — интенсивлик етишмаслиги. АПЛда ғалаба қозониш учун эса жойи келганда идеал шароитда бўлиш зарур”, — дейди Аморим “Stan Sport”га интервьюсида.
Мураббийнинг бу сўзлари жамоа атрофидаги муҳокамаларга яна бир бурчакдан қараш имконини берди. Баъзи мутахассислар “Манчестер Юнайтед”нинг бу мавсумдаги беқарор натижаларини тактик тузилма билан боғлаётган бўлса, Аморим эса асосий муаммони жисмоний тайёргарлик ва ўйин фалсафасидаги қарама-қаршиликларда деб ҳисобламоқда.
Шу билан бирга, клуб мухлислари учун муҳим хабар: “Юнайтед” АПЛдаги навбатдаги учрашувини 24 ноябрь куни “Олд Траффорд”да “Эвертон”га қарши ўтказади. Бу баҳс Аморимнинг фикрлари амалда қанчалик тўғри эканини кўрсатадиган навбатдаги синов сифатида кўрилмоқда.
Жамоа олдидаги асосий савол эса ҳали ҳам очиқ — интенсивликни ошириш ва ўйин сифатидаги камчиликларни бартараф этиш учун “қизиллар”га қанча вақт керак бўлади?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.